Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Туркиялик тадқиқотчиларнинг илмий амалиёт сарҳисоби

Туркиялик тадқиқотчиларнинг илмий амалиёт сарҳисоби

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндорлари – Туркиянинг Дижла университети тадқиқотчилари Усома Бўзкурт ҳамда Мустафо Алагўзўғли олиб борган илмий изланишлари якунига доир тақдимот ўтказди.

Дастлаб Усома Бўзкурт “Имом Бухорий ҳаётининг сўнгги даври ва вафоти: Тарихий манбалар асосида социологик таҳлил” мавзусидаги тадқиқот натижаларини тақдим этди.

Маърузачи ҳадисшунослик тарихи ва ўлим социологияси туташган нуқтада Имом Бухорий меросига янгича, фанлараро ёндашувни илгари сурди. “Асарнинг илмий қиммати алломанинг ижтимоий ва маданий муҳитдаги мавқеини тўлиқ белгилаб бера оладими?” деган академик саволни ўртага ташлаб, Имом Бухорийнинг довруғи ва жамиятдаги ўрни нафақат матн методологияси, балки тарихий-социологик ва маданий омиллар билан ҳам узвий боғлиқлигини очиб берди. Аллома Нишопурда дуч келган хунук ҳолат, Бухоро амири билан муносабатлари ва Хартангга кетишга мажбур бўлиши “ташқи суриб чиқариш механизми”, аниқроқ айтганда, сургун сифатида таҳлил қилинди.

Тадқиқотда Роберт Ҳерцнинг “икки босқичли ўлим” концепциясига таянилган. Унга кўра, инсоннинг вафоти фақат биологик жараён билан тугамай, жамият томонидан унинг хотираси ва ижтимоий мақоми қайта эътироф этилиши босқичини ҳам ўз ичига олади. Шу нуқтаи назардан, аллома вафотидан сўнг унинг қабри атрофида содир бўлган ҳодисалар ва турли нақллар – ўз вақтида адолатсизликка учраган олимнинг маънавий обрўсини жамият томонидан қайта тиклаш (“иодаи эътибор”) аломати сифатида таҳлил қилинди. Хулоса сифатида вафот ва қабр билан боғлиқ нақллар иснод жиҳатидан мунозарали бўлса-да, уларни ўша даврдаги академик ва ижтимоий муҳитнинг қарашларини акс эттирувчи муҳим манба сифатида қайта ўрганиш зарурлиги таъкидланди.

Сўнг Мустафо Алагўзўғли Хожа Муҳаммад Порсонинг “Фусулус ситта”  (“Олти фасл”) асари, унинг қўлёзма нусхалари тавсифи, мазмуни ва Ўзбекистонда сақланаётган нусхалари бўйича олиб борган илмий изланишлари юзасидан маъруза қилди. Тадқиқотчи асарнинг аҳамияти, манбашунослик ва матншунослик жиҳатларига алоҳида урғу берди.

Маълум қилинганидек, олти бўлимдан иборат мазкур асар ҳадислардан фиқҳий ҳукмлар чиқариш усулига бағишланган бўлиб, унда ислом оламида фиқҳни ҳадис асосида барпо этган олимларнинг методологияси манбалар асосида ёритиб берилган. Тадқиқот давомида Туркиянинг нуфузли кутубхоналарида, жумладан, Султон Аҳмад, Сулаймония, Мурод Мулла, Жоруллоҳ Афанди, Ҳожи Салимоға, Боязид фондлари ва Тўпқопи саройида сақланаётган нусхалар билан бир қаторда, Ўзбекистондаги – Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтидаги 2082-рақамли ноёб қўлёзма нусхаси атрофлича ўрганилди ва қиёсий таҳлил қилинган.

Тадқиқотчи амалиёт даврида мамлакатимиздаги қатор нуфузли илмий-маърифий муассасаларда бўлиб, ҳамкорликда ўтказилган халқаро анжуман ва академик учрашувларда фаол иштирок этганини алоҳида қайд этди.

Тадбир қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар билан ўтди.

Туркиялик тадқиқотчилар Самарқанддаги самимий меҳмондўстлик, Марказда яратилган юксак академик муҳит ва ҳамкорлик имкониятлари учун чуқур миннатдорлик изҳор қилди.

Тақдимот якунида халқаро дастур иштирокчиларига Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг махсус сертификатлари топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига янгича нигоҳ

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг Марказда амалиёт бошлаган совриндори, Туркиядаги Дижла университети докторанти Усома …