Ислом дини барча инсонларни тинч ва осуда ҳаёт кечириш, жамиятнинг фаровон бўлиши учун ҳаракат қилишга даъват этади. Қуръони каримда бутун инсониятга мурожаат қилиниб, улар бир эркак (Одам) ва аёл (Ҳавво)дан яратилгани, ўзаро танишишлари учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйилгани, сўнгра Аллоҳнинг наздида энг азизу мукаррам инсон – тақводор бўлган киши экани айтилади [1:517]. Ҳар бир асрнинг фикр юритувчи, мушоҳада этувчи кишилари борки, улар ислом динининг соф, тинчликпарвар ва мукаммал дин экани, мусулмонларнинг мурувватлилиги ҳамда барчага нисбатан бағрикенг эканликларини эътироф этганини манбалардан кўриш мумкин.
Бу ҳақда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Иймон” китобида бир қатор Ғарб олимларининг фикрларидан иқтибос келтириб шундай ёзади: “Мусулмонларнинг масиҳийларга нисбатан илк ҳижрий асрда кўрсатган мурувватлари кейинги авлодларда ҳам давом этди. Тарих шуни кўрсатадики, исломни қабул қилган масиҳийлар бу ишни (ҳеч бир мажбурлашсиз) ўз ихтиёри билан қилган. Улар ҳозирги кунда ҳам мусулмонлар орасида эмин-эркин яшаб келаётгани – мусулмон мурувватининг ёрқин далилидир” [15:112].
Яна ғарблик олим Адам Мец ислом муруввати ва бағрикенглиги ҳақида қуйидагича фикр билдиради: “Ўрта асрларда мусулмон диёрлари билан христиан Европаси орасидаги фарқ шундан иборат эдики, мусулмонлар орасида кўпгина динларнинг вакиллари ҳам бемалол яшар эди, христиан Европасида эса вазият ундай эмас эди. Ислом мамлакатида ўзга дин вакилларининг ибодатхоналари, худди бу мамлакатда бўлмаганидек, ҳукумат ихтиёридан ташқарида фаолият юритар эди. Бу борада улар аҳдномаларда кўрсатилганидек ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланар эди. Зарурат юзасидан турли дин вакиллари мусулмонлар билан ёнма-ён яшади. Бу ҳолат Ўрта асрларда Европа билмаган мурувватни юзага келтирди. Яҳудий ва христианлар ўз динларида ҳур эди” [15:112].
XIX-XX асрдан бошлаб европалик олимлар исломни илмий асосда ўрганишга киришди. Ана шундай академик ёндашувчи олимлардан бири британиялик тарихчи, файласуф ҳамда диншунос – Карен Армстронг ислом ҳақидаги изланишлари ва хулосаларида ислом динининг ижтимоий ва ахлоқий жиҳатларини юксак баҳолаш билан бирга, уни адолат ва тенглик дини деб таърифлаган. Унинг фикрича, ислом ғарб тасаввур қилганидек қуролли амалиёт билан исломни татбиқ этадиган, жиҳодни “муқаддас уруш” деб биладиган дин эмас. У ўз фикрини давом эттириб: “Жиҳод – “муқаддас уруш”дан бошқа, анча кенг маънони англатади. Араб тилида қуролли кураш учун “ҳарб”, “сарийя”, “маърака” ёки “қатл” каби кўплаб иборалар мавжуд. Агар асосий мақсад уруш бўлганда, Қуръонда ундан фойдаланилган бўлиши мумкин эди. Аксинча, бунинг ўрнига “жиҳод” каби нозик ифодали сўздан фойдаланилди”, дейди [18]. Яна: “Ислом адолатсизликка қарши курашиши, мусулмонлар заиф ва зулм кўрган кишиларни ҳимоя қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билиши”ни таъкидлайди [18].
Тинчлик ҳақида сўз борар экан, аслида тинчлик нима? Тинчлик деганда нима тушунилади ва унинг исломдаги талқини қандай? Бу борада баъзи адабиётларга мурожаат қилиш лозим. Ўзбек тилида истеъмолда ишлатиладиган “тинчлик”, “саломатлик”, “салом”, “офият” каби сўзларнинг ўзаги араб тилида سِلْمٌ [силм] сўзи билан ифодаланувчи سَلَامٌ [салам] сўзидан олинган. Бу борада Ибн Аъробий “саломат сўзи – офият маъносидадир” дейди [9:2077]. Бундан ташқари, “салом” сўзининг “орани очиқ қилиш”, “айбсизлик”, “дахлсизлик” каби маънолари ҳам бор экани таъкидланади [9:2077].
Шовосил Зиёдов “Ислом динида тинчлик” китобида “ислом”, “салам”, “силм”, “сулҳ” каби ибораларга эътибор қаратиб, “Эй имон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг!” (Бақара сураси, 208-оят) [16:189] ва “Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг” (Анфол сураси, 61-оят) [1:184] мазмунидаги Қуръон оятларида келган “ислом” ҳамда “сулҳ” каби сўзларни айнан السِّلْمُ [ас-силм] лафзи билан келгани ҳақида ёзади. Шунингдек, السِّلْم (ас-силм) лафзининг ўзаги бўлган السَّلَامُ (ас-салам) сўзининг Қуръонда олти ўринда келиши, булар – мўминлар кирадиган жаннат ва салом маънолари эканини келтириб ўтган [17:8]. Ушбу оятлардан бири “Улар учун Парвардигори ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир” (Анъом сураси, 127-оят) [1:144] ояти бўлиб, унда “салам” сўзи тинчлик маъносини ифода этиб келган. Қуйидаги: “Иброҳимга элчиларимиз (фарзандли бўлиши ҳақида) хушхабар келтирдилар ва “Салом” дедилар. У ҳам “Салом” деди” (Ҳуд сураси, 69-оят) [1:229] оятида эса “салом” сўзи айни маъносида келгани ҳам кўрсатиб ўтилган [17:9].
Аллоҳ таоло Қуръонда “Исломга тўлиғича киринг” дейиши билан дин асослари, барча шариат қонун-қоидаларини тўлалигича қабул қилишни буюрмоқда. Зотан, ҳаммага маълум бўлган тинчлик ва ўзаро ҳурматга асосланган юксак ахлоқий қадриятлар исломда мужассам. Бу, нафақат одамлар ўртасидаги индивидуал муносабатлар, балки жамият тараққиётида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Юқорида луғавий жиҳатдан айтилган ва Қуръон оятларида келтириб ўтилган тинчликка оид сўзлар борасида муфассир ва муҳаддис олимлар турли фикрларни билдирган. Масалан, Абу Мансур Мотуридий Қуръонда келган: “Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг!” (Бақара сураси, 208-оят) [16:189] оятидаги “السِّلْم” (ас-силм) касра билан ўқилса, ислом дини назарда тутилишини, “السَّلَمُ” (ас-саламу) деб фатҳалик ўқилса, “сулҳ” маъносини беришини айтган бўлса, Али ибн Муҳаммад Мовардий “силм” атамаси борасида салаф уламолар икки хил фикр билдиргани, улардан бири “Исломга киринглар” маъносида эканини айтади ва бу фикрни Ибн Аббос, Мужоҳид ва Заҳҳокларга нисбат беради. “Иккинчиси “Тоатга киринглар” маъносида бўлиб, Робиа ва Қатоданинг сўзи” дейди [17:11]. Маҳмуд Замахшарий эса “Кашшоф” асарида “السِّلم” (ас-силм)ни иккинчи – “итоат қилиш” маъноси билан тафсир қилган [17:11]. Шунингдек, Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Тафсир китоби”да Нисо сураси, 94-оятини тафсир қилиб: “ас-силму”, “ас-саламу” ва “ас-салааму” (сўзлари) бирдир” дейди [2:1123].
Ушбу фикрлардан исми тилга олинган олимлар юқорида келтирилган тинчликка алоқадор сўзларнинг умумий маъносида иттифоқ қилганлигини кўриш мумкин. Чунки ушбу оятлар исломга кириш, итоат қилиш, сулҳ тузиш маъноларига далолат қилади. Айтилган маъноларнинг барчаси ўзида тинчликни акс эттиргани маълум бўлади. Тинчлик сўзи барча дин ва миллатларда эзгуликка чорловчи тушунча эканидан келиб чиқиб, Қуръонда кўплаб ўринларда: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида сураси, 2-оят) [1:106] маъносидаги чақириқларни кўриш мумкин.
Аллоҳнинг мўмин бандаларига тинч, осойишта ва аҳиллик билан умргузаронлик қилишга чақириғи: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро уришиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз! Энди агар (у тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинглар ва адолатли бўлингиз. Зеро, Аллоҳ адолатлиларни севар” (Ҳужурот сураси, 9-оят) [1:516] оятида алоҳида аҳамиятга эга.
Эътибор бериб қаралса, ушбу оятда ислом дини тинчликка чақириши ва шу билан бирга, уришишга буюрган тақдирда ҳам унинг замирида ислоҳга эришиш борлиги яққол намоён бўлади. Ислоҳга эришиш, бу тинчликнинг дастлабки қадамлари ҳисобланади. Яна оятнинг давомида адолатли бўлишга чақириқ ва бу сифат эгаларини Аллоҳ севиши эслатилмоқда.
Аввалги келтирилган оятда мўминларнинг орасидаги жисмоний куч ишлатиш натижасида кечадиган ҳолатларда қандай иш тутиш лозимлиги ҳақида айтилган бўлса, ислом шариатида душманга қарши жанг қилишнинг ҳам нозик жиҳатлари, қонун-қоидалари баён этилиб, ҳаддан ошмасликка буюрилади. Масалан, Бақара сураси 190-оятида бу ҳақда қуйидаги сўзлар келтирилади: “Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, (лекин жанг асносида ҳам) ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай”. Шайх Абдулазиз Мансур оятни шарҳлаб: “Ислом динида инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилинади. Аллоҳ таоло ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаддан ошмаслик ва тажовузкорликка ўтмасликка буюради. Бу ҳамма учун жуда ибратли танбеҳдир”, дейди [1:29].
Қуръон ва ҳадисларда тинчлик ва урушга алоқадор бўлган оятларни тўлиқ таҳлил қилиб чиққан олимлар айтадики, исломда бирор ўринда уруш қилишга буюрилган бўлса, унинг мақсади фитна ва душман ҳужумини даф этиш ёки мудофаани кўзлагани маълум бўлади. Шунингдек, уруш давомида ҳаддан ошмаслик, тажовузкор бўлмаслик, жанг қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилиш буюрилади. Бироқ, айрим мутаассиб гуруҳ вакиллари Қуръонда жангга оид келган матнларни жиҳод тушунчасига боғлаб, унга алоқадор бўлган оятларни нотўғри талқин қилиб, жиҳод бу мусулмонларнинг ўзидан бошқа ҳар қандай кишиларга қарши қурол кўтариб уруш қилишидир, деб талқин қилмоқда. Аммо исломда уруш қилишнинг сабаби диндаги мухолифлик, қарама-қаршилик эмас, балки мусулмонлар ва уларнинг тинчлигига қилинган тажовузга қарши жавоб чораси сифатида кўрилади. “Ислом – фақатгина урушдан иборат” деган ботил эътиқодда бўлган кимсалар тарихда, яъни саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар даврида ҳам бўлган. Ўша даврнинг ноанъанавий ислом қарашидаги вакиллари ибн Умарнинг олдига келиб, “Эй Абу Абдурраҳмон, сени бир йил ҳаж, бир йил умра қилиб, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлидаги жиҳодни тарк қилишга нима ундади?” деганида, “Эй биродаримнинг ўғли! Ислом беш нарса устига бино қилинган: Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтириш, беш маҳал намоз, рамазон рўзаси, закотни адо қилиш, (қодир бўлганда) Байтни ҳаж қилишдир”, деб жавоб берган [2:1103]. Бундан ташқари, кўплаб ҳадис ровийлари ўз китобларида “Ислом беш нарса устига бино қилингандир. Аллоҳдан ўзга ибодат қилишга лойиқ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бериш, намозни адо қилиш, закотни (ҳақдорларга) бериш, рамазон рўзасини тутиш ва (қодир бўлганда) ҳаж қилишдир” мазмунидаги ҳадисни ривоят қилганини кўриш мумкин [2:197;4:40]. Бундан маълум бўладики, ислом беш аркон устига бино қилинган. Унга бирор арконни қўшиш ҳам, айириш ҳам пайғамбар бўлмаган кишига юклатилмайди. Мақоладаги тинчлик ва урушга алоқадор бўлган масалалар қоида ва шартлари фиқҳий китобларда етарлича баён қилинган. Ушбу қоидалар ва шартларни ёритишдан аввал жиҳод тушунчасининг таърифи, унинг маънавий ва жангга боғлиқ турларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Жиҳод ибораси луғатда جاهد [жааҳада] – жидду жаҳд қилмоқ феълининг масдари бўлиб, جُهد [жуҳд] сўзидан олинган. Унинг маъноси тоқат ва машаққат сўзларига далолат қилади [7:124]. Яъни бирор бир ишни қилишда жон-жаҳди билан ҳаракат қилишга нисбатан жиҳод сўзи ишлатилади. “Лисанул араб” китобида “жуҳд” ва “жаҳд” сўзлари куч-қувват, чидамлилик каби маъноларга ишора қилувчи “тоқат” маъносини билдириши, яна баъзи қавлга кўра “жаҳд” – машаққат ва қийинчилик маъносида, “жуҳд” эса тоқат маъносида келиши айтилса, давомида: “Жаҳд – инсоннинг касалликдан тузалиш ёки бирор машаққатли иш сабабидан қилган ҳаракатлари” экани келтирилади [9:708]. Эътибор берилса, ушбу сўзда уруш ва қатл маънолари йўқ. Уруш ва қатл сўзлари араб тилида حارب [ҳаароба] ёки قاتل [қоотала] феъллари билан ифодаланади.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Ислом фиқҳи академиясининг 207(22/3)-сонли қарорида: “Жамиятда Аллоҳнинг сўзини олий қилиш, ислом даъватини етказиш ҳамда адолат, хавфсизлик ва раҳм-шафқатни ёйиш учун барча моддий ва маънавий воситалар билан машруъ (қонуний) бўлган ҳар қандай кучни тўлиқ сарфлаш” [13:725] – умумий маънодаги жиҳод экани таъкидланган.
Аллома Ибн Рушд “Муқаддамот” асарида жиҳоднинг турларини баён қилиб, уни тўрт турга бўлган: “Қалб жиҳоди, тил билан қилинадиган жиҳод, қўл билан қилинадиган жиҳод ва қурол билан қилинадиган жиҳод”. Унга кўра, қалб жиҳоди – ўз нафсига қарши кураш, тил жиҳоди – амри маъруф ва наҳйи мункар – яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш, қўл жиҳоди – иш эгалари, яъни амалдорлар, масъул шахсларни тақиқланган ва гуноҳ ҳисобланган ишларни қилувчи кишилардан, фарз бўлган ибодатларни қилишдан тўсадиганлардан, бир сўз билан айтганда барча қонунбузарликлардан қайтариш, қурол жиҳоди эса динга душманлик қилувчиларга қарши қурол билан жанг қилиш эканини ёзади [5:342]. Доктор Рамазон Бутий айнан шу таъриф давомида “Муҳаммад пайғамбар кофирларга қарши (исломга) даъват (қилиш) билан жиҳод қилдилар. Кофирлар даъватга қарши чиқиб, таҳдид қилганларидан кейингина улар билан жанг қилдилар”, деб изоҳлайди [11:44].
Кўплаб оят ва ҳадислар мазмунидан исломда жиҳод асосан икки – катта ва кичкина турларга бўлиниши ойдинлашади. Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда баён қилинади: Набий алайҳиссалом асҳоблари билан ғазотдан келдилар ва уларга қарата: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга хуш келдингиз!”, дедилар. Саҳобалар: “Катта жиҳод нимадир?”, дейишди. Шунда у зот: “Банданинг ўз ҳавойи нафсига қарши қилган жиҳодидир”, дедилар. Гарчи Имом Хатиб ривоят қилган ушбу ҳадис (санад жиҳатидан) заиф саналса-да, Қуръон оятлари ва ҳадисларни чуқур тафаккур қилган кишилар унинг маъноси саҳиҳ ривоятларга яқин эканини англайди. Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилинган: “Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!» (Тавба сураси, 122-оят) [1:206]. Ушбу оятни тафсир қилган Муҳаммад Қуртубий бир қанча фикрларни келтиради. Жумладан: “Ушбу оятда илм олишнинг шарт эканига далил бор. Чунки оятнинг маъноси: “Мўминларнинг барчаси Пайғамбарнинг бир ўзини қолдириб, ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас”лигига ишора қилмоқда. Агар “ҳар бир гуруҳдан бир тоифа чиқса” ва қолганлари Пайғамбар билан қолиб, ундан динни ўрганса, қачонки жангга кетган қисм қайтганда, уларга (Пайғамбардан) эшитган ва олган билимларини хабарини беради ва ўргатади. Айнан мана шу ишда Китоб (Қуръон) ва суннат (ҳадис)ни ўрганиш мажбурияти борлиги билинади”, дейди [3:429]. Оятни тафсир қилиш давомида энг афзал иш ҳақида хабар бериб, Ибн Аббос ва бошқалар фикри қуйидагича келтирилади: “Ибн Аббос айтади: “Кимки бир масжид қурса-ю, унда Қуръон, фиқҳ ва суннат ўргатилса – ўша энг афзал жиҳоддир”. Али Аздийдан ривоят қилинади: “Мен жиҳодни ирода қилдим. Шунда Ибн Аббос менга: Сенга жиҳоддан ҳам яхшироқ нарса нима эканини айтайми? Бирор масжидга бориб унда (одамларга) Қуръонни ўргатишинг ва фиқҳ (илми)ни таълим беришингдир”, деди” [3:432]. Келтирилган фикрлардан ислом олимларининг жиҳодни нисбий нуқтаи назардан икки қисмга бўлганлиги ойдинлашди. Демак, катта жиҳод – бу банданинг ўз нафсига қарши курашиши, тақво, илму ирфон ва маърифатга эришиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилиши бўлса, кичкина жиҳод – тинчлик ва фаровонликни таъминлаш учун Аллоҳ йўлида ҳаракат қилишдир. Бу эса, юқоридаги ҳадиснинг маъно жиҳатидан тўғри эканига ишорадир.
Ҳадисларда ҳам эзгулик, тинчлик ва инсонларга озор бермасликка чақириқлар кўплаб учрайди. Мисол учун Фадола ибн Убайддан қилинган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳажжатул вадода ваъз қилиб: “Сизларга мўмин ким эканининг хабарини берайми? У одамлар ундан моллари ва жонлари борасида омон бўлган, мусулмон эса одамлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир. (Ҳақиқий) мужоҳид – Аллоҳ таолонинг тоатида ўз нафсига қарши жиҳод қилган ва (ҳақиқий) муҳожир эса хатоликлар ва гуноҳлардан ҳижрат қилган кишидир”, дедилар [6:1747].
Энди эса, тинчлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган, амалий жиҳодга келадиган бўлсак, унинг ҳукми фарзи кифоядир. Бу ҳақда “Мавсуатул фиқҳийя” қомусида: “Жумҳур уламолар шуни айтадиларки, албатта, жиҳод фарзи кифоядир. Баъзиларнинг унга ҳозир бўлиши билан қолганлар зиммасидан соқит бўлади”, дейилган [7:129].
Юқорида айтилган Ислом фиқҳи академиясининг ўша қарорида бу турдаги жидду жаҳднинг мақсад ва ғояси ислом дини ҳақидаги маълумотларни одамларга унга киришга мажбур қилмаган ҳолда етказишдир, дейилади. Шунингдек, бугунги замонавий шароитлар, халқаро шартномалар ва келишувлар, турли хил замонавий алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда турфа хил жамиятларда турлича тилларда исломга даъват қилиш энг тўғри талқин экани айтилади [13:725].
Урушга боғлиқ жиҳод тури ҳақида тўлақонли маълумотга эга бўлиш мақсадида унга оид сафарбарлик қачон фарзи айн даражасига кўтарилиши борасида билдирилган фикрларни кўриб чиқиш лозим. Бу ҳолат қуйидаги вазиятларда юзага келади:
- Қачонки жанг майдонида икки (мусулмон ва номусулмон) қўшинлари саф тортиб, бир-бири билан учрашса, Аллоҳ таолонинг: “Эй, Иймон келтирганлар! Бирор тўдага тўқнаш келсангиз, сабот (ва матонат) билан турингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) нажот топсангиз” (Анфол сураси, 45-оят) [1:182] оятига биноан жанг қилиш ҳар бир мусулмон эркак учун фарзи айн даражасига кўтарилади;
- Душман кутилмаганда бостириб келса, аёлу эркак, ҳаттоки, балоғатга етмаганлар учун ҳам уни қайтариш лозим бўлади;
- Қачонки, давлат раҳбари сафарбарлик эълон қилганда ушбу: “Эй иймон келтирганлар! Сизга не бўлдики, Аллоҳ йўлида (ёвга қарши) қўзғалингиз, дейилса, ерга оғирлигингизни соласиз (чиқмай ўтирасиз)?!” (Тавба сураси, 38-оят) [1:193] оятига биноан аниқ бир узрли сабаби борлардан ташқари, ҳар бир эркак учун сафарбарлик лозим бўлади [7:132].
Пайғамбар (с.а.в.)дан келган ҳадисда: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқдир. Лекин жиҳод ва ният бордир. Қачонки, сафарбарликка чақирилса, қўзғалинглар”, дейилган [2:753].
Яна муҳим бир нуқта, исломда сафарбарликка чақирилса, унга бориш учун ҳам рухсат кераклиги баён қилинади [7:132]. Бу ўринда, энг аввало, ота-онанинг рухсатини олиш, бунга улар изн берсагина чиқиш мумкинлиги, агар улар рухсатидан қайтса, ушбу иш айнан у киши учун бекор бўлиши ҳам айтиб ўтилган [7:134]. Бунга далил сифатида Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилган ҳадисда: “Бир киши Набий (с.а.в.)нинг олдиларига келиб, у зотдан жиҳодга изн сўради. У зот: “Ота-онанг тирикми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. “У икковлари борасида (уларга яхшилик қилиш билан) жиҳод қил”, дедилар” [2:794]. Айнан шу саҳобадан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса, “Бир киши Набий (с.а.в.)нинг олдиларига келди ва “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизга ҳижрат ва жиҳод учун байъат қилмоқчиман. Бу учун Аллоҳдан савоб умид қиляпман”, деди. У Зот: “Отанг ёки онанг ҳаётми?”, дедилар”. Ҳалиги киши: “Ҳа, уларнинг иккови ҳам ҳаёт”, деди. У зот: “Аллоҳдан ажр умид қиляпсанми?”, дедилар. У яна: “Ҳа”, деди. Шунда: “Ота-онанг олдига қайт! Уларнинг суҳбатларини гўзал қил!”, деб жавоб бериб, унга рухсат бермадилар [4:1030].
Шунингдек, қарз берган кишининг қарздорга урушда қатнашиши учун рухсати [7:135], давлат раҳбарининг ижозати кераклиги, жангга бошлиқлар билан бориш лозимлиги ҳам исломдаги сафарбарликнинг муҳим қоидаларидан ҳисобланади [7:136]. Юқоридаги шартларга қўшимча равишда сафарбарликка чиқаётган киши, энг аввало, мусулмон, ақлли (мажнун бўлмаслиги), балоғатга етган, эркак киши бўлиши [7:137] ва бу иш учун ўз-ўзини таъминлай оладиган даражада мол-мулкка эга бўлиши, турли хил касаллик, ногиронлик ва зарарлардан саломат бўлиши талаб этилади [7:138].
Юқорида келтирилган маълумотлар орқали исломда тинчлик ва уруш масалаларига тааллуқли жиҳод ҳамда унинг баъзи қоида ва шартлари жуда мухтасар ва қисқа баён қилинди. Бугунги кунда суверен-демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат бўлган Ўзбекистонга назар солинса, унинг қонунчилиги, хавфсизлик ва мудофаа соҳаси ҳам юқорида зикр қилинган қоида ва шароитлар билан ҳамоҳанглигини кўриш мумкин. Шубҳасиз, мустақил Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги, мудофаа ва уни таъминлаш масалалари Конституциявий тартибда мустаҳкамлаб қўйилган. Амалдаги янгиланган Конституцияда мудофаа ва хавфсизлик масалалари учун XXVII боб ажратилган. Ундаги асосий иккита моддада Қуролли Кучларимиз Республикамизнинг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиши, Ўзбекистон ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга экани аниқ ёзилган [14:114]. Шунингдек, “Мудофаа тўғрисида”ги Қонунга асосланган ҳолда, мудофаа яхлит тизим бўлиб, у аниқ принциплар асосида ташкил қилиниши белгилаб қўйилган. Яна Республиканинг 2018 йилда қабул қилинган Мудофаа доктринаси мавжуд бўлиб, унда давлат бошқа давлатларга ҳарбий куч ишлатмаслиги, хориждаги тинчликпарвар операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги эвазига мустаҳкамлашга йўл қўймаслик ҳамда ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик каби масалалар адолатли тарзда белгилаб қўйилган [10].
Ислом шариати инсонларнинг дини, ҳаёти, насл-насаби, ақли ва мол-мулки муҳофазасини ўз зиммасига олади. Худди шу каби Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги махсус қонуни ҳам мавжуд бўлиб, мазкур қонун уруш вақтида Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларнинг муҳофазасини ташкил этиш билан боғлиқ барча масалаларни, уларнинг миллати, ирқи ва динидан қатъи назар ўзига қамраб олади [8].
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, аҳоли қатламининг 94 фоизини мусулмонлар ташкил қилувчи мамлакатимизда кўплаб миллат ва дин вакиллари диний ва дунёвий эркинликлари тўлиқ таъминланган ҳолда эмин-эркин яшаб келмоқда. Тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар, Конституция ва қонунларга киритилаётган ўзгаришлар конфессиялараро тотувликни, турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасидаги бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда кўпчилик дунё давлатларида қуролли тўқнашувлар, халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдид кучайган шароитда Ўзбекистон халқаро майдонда ўзининг тинчликсевар позициясини мустаҳкамлаган ҳолда ҳар қандай уруш, фитна ва сиёсий низоларга қарши эканини очиқ айтмоқда. Бу сўнгги йилларда амалга оширилган “Меҳр” операциялари ва Ўзбекистонга даволаш ва меҳр кўрсатиш мақсадида олиб келинган юз нафар фаластинлик аёллар ва болалар мисолида намоён бўлди. Бунга исломнинг дунёда тинчлик ва осойишталикни сақлашдаги ўрни нақадар улканлиги, мусулмонларнинг бағрикенг, чинакам мурувват эгаси экани сабаб дейилса, асло муболаға бўлмайди.
-
Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи Aбдулазиз Мансур. – Т.: Tafsir-books, 2023.
-
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Дамашқ: Муассаса ар-рисола ноширун,
-
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Бакр ал-Қуртубий. Ал-Жомеъ ал-Аҳком ал-Қуръон. Ўнинчи жуз. – Байрут: Муассаса ар-рисола, 2006.
-
Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ал-Қушайрий. Саҳиҳи Муслим. – Ар-Риёд: Байт ал-афкар ад-давлийя ли ан-нашри ва ат-тавзи, 1998.
-
Абул Валид Муҳаммад Аҳмад ибн Рушд ал-Қуртубий ал-Моликий. Ал-Муқоддамот ал-Мумаҳҳидат. – Байрут: Дар ал-ғарб ал-исломий, 1988.
-
Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад ал-Имам Аҳмад ибн Ҳанбал. – Ар-Риёд: Мактаба дор ас-салом, 2013.
-
Ал-мавсуа ал-фиқҳия. Визарот ал-авқоф ва аш-шуъун ал-исламия. Ж.16. – Қувайт: Тобаъ зот ас-салом, 1989.
-
“Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни // https://lex.uz/docs/32994.
-
Ибн Манзур ал-Ансорий ал-Хазражий. Лисан ал-араб. – Қоҳира: Дор ал-маориф.
-
“Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни // https://lex.uz/docs/3495885.
-
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Исломда жиҳод. – Т., 2023.
-
Нигора Юсупова. Фиқҳ – Т.: Bookmany Print, 2023.
-
Қаророт ва тавсият мажмаъ ал-фиқҳ ал-исломий ад-давлий ал-мунбасиқ аън муназзомати ат-таъавун ас-исломий. – Ал-Мамлакат ал-Аробийя ас-Саудия: Ал-исдор ар-робиъ, 2020.
-
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Расмий нашр. – Т.: Ўзбекистон, 2023.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Иймон. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2021
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





