Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури доирасида Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM)нинг икки илмий ходими амалиёт ўташ учун Марказга келди.
Жакартадан ташриф буюрган амалиётчилар – мазкур департаментнинг Тадқиқотлар бўлими илмий ходими Моҳд Шаҳир ибн Ҳошим ва ислом масалалари бўйича илмий ходими Муҳаммад Узаир ибн Изҳам Марказ раҳбари қабулида бўлиб, илмий изланишлари ва режалари ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Малайзиялик олимларнинг тадқиқот мавзулари замонавий диний-маърифий жараёнлар ва таълим тизими учун муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Моҳд Шаҳир ибн Ҳошим “Имом Бухорийнинг ақидавий методологияси: Малайзияда ақидавий қарашларни шакллантириш ва тартибга солиш асослари” мавзусида изланиш олиб бормоқда. Бу тадқиқот буюк муҳаддис мероси Малайзия жамиятида соф ақидани қарор топтиришда методологик асос сифатида хизмат қилишини ўрганишга қаратилган.
Муҳаммад Узаир ибн Изҳам эса “Баркамол ва малакали Қуръон авлодини тарбиялашда “Саҳиҳул Бухорий” манҳажи (пойдевори)нинг ўрни: JAKIM Дорул Қуръон миссияси асосида концептуал таҳлил” мавзусида илмий иш олиб бормоқда.

Мулоқот чоғида амалиётчиларга хорижлик тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароит, кутубхона фондидаги нодир қўлёзмалар ва тақдим этилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Белгиланган дастурга мувофиқ, малайзиялик мутахассислар Марказ фондидаги манбалар билан ишлаш, юртимиздаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти билан танишиш баробарида, соҳа мутахассислари билан яқин мулоқотлар олиб боришни режалаштирган.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




