Жаҳон илмий жамоатчилиги нафақат ислом, балки жаҳон цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган, диний ва дунёвий фанларни бирдек ўрганиб, уларни жамият ҳаётига татбиқ эта олган Мовароуннаҳр олимларининг маънавий-маърифий меросини ўрганишга катта қизиқиш билдирмоқда. Бу борада ислом таълимоти асосларидан ҳисобланган ҳадисларни жамлаб, улар орасидан ишончлиларини ажратиб берган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Доримий каби муҳаддис аждодларимиз ҳаёти ҳамда асарларини тадқиқ муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда қадимий ва бой тарихимизни тиклаш ва юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёш авлодни миллий анъаналар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Улуғларга эҳтиром кўрсатиш, улардан ҳар жиҳатдан сабоқ олишга қаратилган оқилона сиёсат олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад – исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч”дир.
Имом Бухорий каби ислом оламида юксак эътирофга сазовор бўлган алломалар ҳаёт йўли ва илмий фаолиятини чуқур тадқиқ этиш ҳамда асарларини кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш муҳим масалалардан саналади. Шу мақсаддан келиб чиқиб, Имом Бухорий мажмуасида аллома ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритувчи музей ташкил қилинди.
Имом Бухорий инновацион музейи бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 17-18 август кунлари Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифи давомида Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейи билан яқиндан танишиб қайтгандан сўнг, 2022 йил 24 август куни Имом Бухорий мажмуаси қурилишига ташрифи давомида берилган кўрсатмалари асосида барпо этилди. Имом Бухорий музейини очиш масаласи бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра долзарбдир.
Буни қуйидаги омилларда кўриш мумкин:
Биринчидан, халқимиз асрлар давомида ислом оламида Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланган “Саҳиҳул Бухорий” асаридан мосуво бўлиб келди. Ҳолбуки, хорижда Имом Бухорийнинг мазкур асари аллақачон кўплаб тилларга таржима қилинган, шарҳлари билан нашр қилинган эди. Халқимиз эса, ҳатто энг ишончли ҳадисларнинг бундай тўплами мавжуд эканидан, ислом илм-фани тарихида энг катта из қолдирган Имом Бухорий исмли буюк шахс ўтганидан ҳам бехабар эди. Ваҳоланки, алломанинг аҳамият жиҳатидан бундан кам бўлмаган бошқа асарлари ҳам бор ва улардан бутун мусулмон дунёси хабардор. Биз ўз буюк муҳаддис бобомизни хорижликлар таниганчалик танимас эдик ва афсуски ҳозирги кунда ҳам бундай ҳолат кўп ҳолларда давом этмоқда.
Иккинчидан, биз Имом Бухорий ва унинг илмий меросини ўрганганимиз сайин алломанинг ҳаёт йўлини ўрганиш бугунги кундаги энг муҳим вазифаларда бири эканини теран англамоқдамиз. Алломанинг илм йўлидаги жасорати, чеккан машаққати, қувваи ҳофизаси қанчалар беназир бўлганини ўрганиш ёшларни янги илмий тадқиқотлар сари етаклайди.
Имом Бухорий мажмуаси фақат бино ва иншоотлардан иборат маскан бўлиб қолмасдан, инсонлар қалбини забт этадиган, айниқса, ёшларнинг ҳаётда адашмасдан, тўғри йўлни топишига хизмат қилувчи илмий даргоҳ, шунингдек, аллома ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи электрон музейга айланмоқда. Музейда ислом дини ва хусусан, ҳадис илми тараққиёти, аллома ҳаёти, фаолияти ва илмий меросининг замонавий ахборот технологиялари орқали намойиш этилиши йўлга қўйилган.
“Имом Бухорий инновацион музейи” жами 9 та павильондан ташкил топган. Инновацион музей павильонларида намойиш этиладиган барча медиа маҳсулотлар, интерактив ўйинлар, анимациялар, меппинг ва бошқалар бевосита “Outdoor Factory” компаниясининг юқори малакали мутахассислари ҳамда илмий-ижодий гуруҳ аъзолари билан ҳамкорликда тайёрланди.
1-павильон “Муҳаммад алайҳиссалом ва нубувват тарихи” деб номланиб, у бир нечта тематик бўлимлардан иборат:
Қуръони каримда исмлари зикр қилинган пайғамбарлар ҳақида маълумот. (Экспозиция тушунтириш матни ва интерактив инфокиоск кўринишида). Матнда барча пайғамбарларни бирлаштириб турувчи умумий хислатлар ва фазилатлар, уларнинг вазифалари Қуръони карим ва ҳадиси шарифда келган маълумотлар асосида ёритиб берилган. Ҳар бир исм устига босилганда, танланган пайғамбар ҳақида қисқача маълумот, матн сўнггида эса Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарларнинг энг охиргиси экани ҳақида маълумот берилади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг исмлари, сифатлари ва уларнинг маънолари экспозиция каллиграфик фреска услубида ясалган.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажаралари экспозициядан ўрин олган йирик ҳажмдаги дарахат шаклидаги интерактив инфокиоск ёрдамида намойиш этилган. Унда интерактив усулда томошабинга шажарадан ўрин олган ҳар бир исм ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш имкони берилади.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёга келишлари ва нубувватнинг бошланиши (экспозиция шаҳар макети ва проекцион видеофильм кўринишида), Ҳужраи саодатнинг қайта тикланган кўриниши проекцион видеофильм кўринишида акс эттирилган.
Ҳиро ғорида илк ваҳий нозил бўлиши (Макетда ҳиро ғори ва унинг атрофи). Унинг ичидаги мониторда Қуръони каримнинг “Иқро” сураси оятлари ўқилиб туради.
2-павильон “Ҳадис илмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши” деб номланиб, унда томошабинларга экспонатлар, инфографик, аудио ва визуал материаллар орқали ҳадис илмининг пайдо бўлиши ҳамда ривожланиши тарихи билан танишиш имконияти тақдим этилади. Зиёратчиларда ҳадис илми
ва унинг ривожланиши тарихи ҳақида тўлиқ тасаввур шаклланишига эришиш мақсадида интерактив хизматлардан кенг фойдаланилган. Бу эса, ҳадис илмига оид тарихий маълумотларни замонавий технологиялар билан уйғун равишда тасаввур қилиш кўникмасини шакллантиради.
Тушунтириш матни ёрдамида ўз даврида саҳобаларнинг ҳадис эшитиш, савол бериш ва уларни ёдлаб қолиш учун ўзаро мусобақалашгани ёки навбат тутгани ҳақида, инфографик паннода эса Муҳаммад алайҳиссаломдан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар рўйхати берилган. Улар орасида Оиша розияллоҳу анҳо каби аёлларнинг мавжудлиги ислом оламида илмий мактаблар ривожида аёлларнинг ўрни муҳим эканини билдиради.
Павильоннинг учинчи қисмида Харитада илк ўрта асрлардаги Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳарларининг қадимги номлари ҳамда тарихий маданий марказлар ва вилоятлар ажратиб кўрсатилган. Шаҳарлар ўртасидаги карвон йўллари ва улар ўртасидаги масофалар саёҳатлар машаққати ҳақида тасаввур шакллантириш мақсадида кун ўлчамларида берилган.
Экспозиция залининг атрофида ёки харитадаги маълум шаҳарлар устида марказий осиёлик муҳаддис уламолар, жумладан, Абу Ҳумайд Кеший, Абдуллоҳ ибн Муборак, Имом Доримий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Бухорий каби олимларнинг таржимаи ҳоли ва илмий мероси ҳақида маълумотлар ва витриналарда эса муҳаддислар асраларидан намуналар тақдим этилган.
Ишончли ҳадис тўпламлари ҳақида маълумот: Галереяда “Сиҳоҳи тисъа” – тўққизта энг ишончли ҳадис тўплами ва унинг муаллифлари ҳақида маълумот берувчи лавҳа жойлаштирилган. Унда ҳадис тўплами номи, ҳадислар сони, муаллифининг ҳаёт йиллари акс эттирилган. Витриналарда муҳаддислар асарларининг қўлёзма нусхаларидан намуналар қўйилган.
3-павильон “Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти” деб номланган бўлиб, ушбу қисмни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад музейга ташриф буюрувчилар кўз ўнгида аллома ҳаёти ва илмий фаолиятини қайта тиклаш, илмий мероси нақадар буюк аҳамиятга эга эканини кўрсатиб бериш ҳамда ёшларда илм-фан билан шуғулланишга меҳр-муҳаббат ва рағбат пайдо қилишдир. Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятининг ривожланишини уч қисмга бўлиш мумкин.
Имом Бухорийнинг илм остонасига қадам босишида у яшаган хонадондаги маънавий-маърифий муҳит алоҳида аҳамиятга эга. Экспозициянинг биринчи қисмида Имом Бухорийнинг оилавий муҳити гавдалантирилган. Унда Имом Бухорийнинг ота-онаси ҳамда алломанинг болалиги ҳақидаги маълумотлар берилган.
Кейинги қисмда Имом Бухорийнинг Бухорода ўтган мактаб йиллари ҳақида сўз боради. У ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллайди.
Учинчи қисмда 16 ёшга етганида Имом Бухорий акаси Аҳмад ва онаси билан бирга ҳаж ибодатини адо этиш учун Бухородан Макка сари йўл олгани акс эттирилган. Шунингдек, интерактив харита орқали Бухорийнинг илм йўлида сафар қилган шаҳарлари кўрсатилган.
Аллома муқаддас шаҳарлар Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, олти йил Ҳижозда яшаб, ҳадис бўйича ўз билимини янада ошириш мақсадида ўша пайтда илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшайди. У жойлардаги машҳур олимлардан ҳадис билан бир қаторда фиқҳ илмидан ҳам таълим олади, йирик олимлар билан бирга илмий баҳс-мунозараларда қатнашади ва толиби илмларга дарс ҳам беради.
4-павильон “Имом Бухорий: буюк феномен” деб номланган бўлиб, унда Имом Бухорий ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги 11 дақиқалик фильм катта экранда намойиш этилади.
5-павильон “Имом Бухорий фазилатлари” деб номланган бўлиб, унда Имом Бухорийнинг буюк илмий салоҳияти, энг ишончли ҳадисларни саралаш ва авлодларга қолдириш учун чеккан илмий заҳмати, тақвоси, ислом оламида Қуръондан кейинги ўринда турувчи асар муаллифи экани, бутун дунё эътироф этган, ёшлигидан зеҳни ўткир ва хотираси кучли бўлгани, ота-онаси ва устоз-шогирдларига бўлган самимий муносабати каби жиҳатлари кўрсатиб берилган. Ушбу қисмда алломанинг илм йўлидаги машаққати ва уни енгиб ўтишдаги жасорати ҳақидаги маълумотлар берилган бўлиб, бу, ўз навбатида, ёшлар қалбида ўз аждодларидан фахрланиш туйғусини кучайтиради (Иммерсив проекцион видеофильм).
Павильоннинг бутун ҳудуди бўйлаб проекция орқали мавзуни ёритадиган видеолар узлуксиз кўрсатиб турилади. Видеофильмлар мавзуларга бўлинган ҳолда кетма-кет кўринишда давом этиб, павильонга исталган вақтда келган томошабинга мавзуга тезда кириб олиш имкониятини беради.
Буюк имтиҳон ҳақида. Мазкур қисмда алломанинг илм талабидаги сафарлари, синовлар гирдоби – Бағдод, Самарқанд ва Нишопурдаги имтиҳон, – илм йўлидаги машаққатларни сабр-матонат билан енгиб ўтиши, кундан кунга юксалиши, даражаси ортиб бориши ва атрофида ихлосманд шогирдларининг кўпайиши макетлар орқали кўрсатилган.
Имом Бухорийнинг бетакрор хотира эгаси бўлгани ҳақида фильм. Ушбу фильмда Имом Бухорийнинг хотираси фавқулодда кучли бўлгани, эшитган ҳадисларини дарҳол хотирасида сақлагани ҳақида маълумот берилади. Маълумотларга кўра, Имом Бухорий 600 мингдан ошиқ ҳадисни ровийлари ва уларнинг тарихи билан бирга тўлиқ ёддан билган. Ушбу маълумот анимацион тарзда экранда намойиш этилади ва алломанинг хотираси бугунги кундаги тушунчамизда қандай экани кўрсатиб берилади.
Масалан, агар Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобида 7275 та ҳадис тўпланган бўлса, буни шартли равишда 4 та китоб, деб оламиз. Демак, 4 та китобга 7275 та ҳадис кирган бўлса, 600 минг ҳадис тахминан 330 та китоб бўлади. Экранда китоб жавонига юзланиб турган одам қиёфаси акс эттирилган.
Китоб жавони эса бўм-бўш бўлади. Рақамлар айтилаётган вақтда жавон токчалари бирма-бир китоб билан тўла бошлайди ва охир-оқибат 330 та китоб жойлаштирилади. Фильмда Имом Бухорийнинг хотирасида шундай катта маълумот доимий сақланган, деган хулоса чиқарилади.
6-павильон “Имом Бухорий авлодлари” деб номланиб, унда ёш томошабинларга музей концепциясидан ўрин олган мавзулар билан ўйинли интерактив экспонатлар орқали танишиш, ўрганиш ва кашф қилиш имконияти берилган. Сўнгги йилларда болалар бўлимларига эга музейлар сонининг кўпайиши музей оламидаги энг тез ривожланаётган тенденциялардан бири ҳисобланади. Ёш томошабинлар учун музейларнинг болалар бўлимида олган илк тажрибаси уларнинг онгида мавзу ҳақида тасаввур шаклланишида муҳим аҳамиятга эгадир.
Учар гиламда тарихга саёҳат 5D фильми 7 ёшдан юқори бўлган томошабинларга ўрта асрлардаги ислом олами шаҳарлари билан яқиндан танишиш имконини беради. Томошабинларга Имом Бухорий саёҳат қилган (Бухоро, Бағдод, Мадина, Макка каби) қадимги шаҳарларга саёҳатга таклиф этилади. Уч ўлчамли фильм намойиши давомида ундаги воқеа ва ҳодисалар билан ҳамоҳанг ҳаракатланувчи махсус ўриндиқда ўтирган томошабинлар ўзини қадимий масканлар бўйлаб учар гиламда саёҳат қилаётгандек ҳис қилади. Ҳар бир сеансда битта тарихий масканга саёҳат қилиш имкони берилади. Ҳар бир саёҳат 3-5 дақиқа давом этади. Шу сабабдан ушбу машғулотдан бир неча марта фойдаланиш мумкин.
Ёш Муҳаммад ибн Исмоил билан бирга хотира ўйини (Интерактив иммерсив проекция).
Имом Бухорий илмий мероси ва унинг шахсий фазилатлари бевосита хотира билан боғлиқ. Имом Бухорий ёшлигидан маълумотларни тез ва бехато ёдда сақлаб қолиш салоҳиятига эга бўлган. Алломанинг бундай фазилати ҳақида тасаввур шакллантириш учун ёш томошабинлар хотира билан боғлиқ интерактив ўйинга таклиф этилади. Ўйиннинг асосий қаҳрамони сифатида Имом Бухорийнинг ёшлик қиёфаси шакллантирилади.
Барча тарафларига интерактив проекция туширилган махсус хонада томошабинларни ёш Муҳаммад ибн Исмоил кутиб олади.
10-15 дақиқа давом этадиган интерактив машғулотда бир неча томошабин жамоа шаклида иштирок этиши мумкин. Хотира ўйинида томошабинлар хотира ва маълумотларни эслаб қолиш билан боғлиқ вазифаларни ўйин қаҳрамони билан биргаликда бажаради.
7-павильон “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” – Ислом динининг иккинчи манбаси” деб номланган. Асар ҳадисшунослик соҳасида умумэътироф этилган мўътабар китоб бўлиб, ислом оламида Қуръони каримдан кейинги манба ҳисобланади. Шу сабабдан ушбу павильонда мазкур асарнинг илмий-амалий, ҳаётий аҳамиятини кўрсатиб бериш мақсад қилинган.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га берилган таърифлар.
Матнли панно.“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ҳақида маълумот
Асар ҳадис илми ва мусулмонлар орасида қисқача “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, аксар ҳолларда эса “Саҳиҳул Бухорий” номи билан машҳур экани маълум. Ҳадис китобларининг ўттиздан ортиқ турлари мавжуд. Улар ўз йўналиши ва мақсад қилган мавзулар қамровига қараб бир биридан фарқ қилади. Биринчи тур ҳадис китоби “Жомеъ” дейилади.
Ҳадис саҳиҳ бўлишига доир Имом Бухорийнинг шартлари
Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ўзида саҳиҳ ҳадисларни жам қилган экан, ҳадис саҳиҳ бўлиши учун Имом Бухорийнинг ўз шартлари борлигини ҳам билишимиз керак. Мусталаҳул ҳадис илми уламолари истилоҳида “Саҳиҳ ҳадис – санади бошидан охиригача адолатли ва зобтли киши ўзига ўхшаган адолатли ва зобтли кишидан муттасил (узлуксиз) санад ила нақл қилган ҳамда шоз ва иллатли бўлмаган ҳадисдир”.
Санаднинг муттасил бўлиши. Ҳадисни унинг ровийларидан ҳар бири ўзидан олдинги ровийдан тўғридан тўғри олган бўлиши керак. Санад аввалги ровийдан бошлаб охиргисигача худди шундай бўлиши керак. Орада бирор киши тушиб қолмаслиги шарт.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг дунё фондлардаги нусхалари
Ушбу қисмда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг юртимиз ҳамда дунё кутубхона фондларида сақланаётган нодир нусхаларидан намуналар муляжи ва инфокиоска жойлаштирилган. Инфокиоскада нусхаларни танлаш орқали улар тўғрисида батафсил маълумот олиш мумкин.
8-павильон “Имом Бухорий мероси ва бугунги кундаги аҳамияти” деб номланган. Имом Бухорий китоблари ва ривоят қилган ҳадисларининг ҳозирги ёшлар тарбиясида аҳамияти юқорилигини инобатга олиб, музейнинг ушбу қисмига алоҳида эътибор қаратилган. Павильон марказидаги йирик лавҳ устида Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарининг йирик ҳажмдаги макети ўрин олган. Макет атрофидан ўнгдан чапга қараб, соат ҳаракатига тескари равишда қоғоз шифтга қараб айланиб, кўтарилиб чиққан. Қоғознинг бошланиш қисмида “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадиси учта тилда хаттотлик усулида ёзилган. Қоғознинг давоми (мато кўринишида) павильон бўйлаб айланишда давом этган ва унга аллома ривоят қилган сара ҳадислар ёзилган. Матолар орасининг кенглиги матнларни ўқишга имкон беради ҳамда орасидан ёруғлик тушиб туради. Инсталляциянинг давоми павильоннинг шифтига айланиб, бугунги кунимизда ислом меъморчилигида ўрин олган деворий хаттотлик ёзувлари кўринишига айланиб кетган. Павильоннинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари бошида келтирилган “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадиси инсталляцияси ўрин олган ва у жаҳоннинг 22 тилига таржима қилинган. Ушбу ҳадис кундалик ҳаётимизда содир бўлаётган барча амаллар ўзагини ташкил этади.
Сараланган ҳадислар
Павильон атрофидаги проекцион деворга туташ ҳолда Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар картотекаси жойлашган. Фойдаланувчилар махсус витрина устига терилган ҳадис тахтачаларини кўтариб, унинг ичида ёзилган ҳадисларни ўқиш имкониятига эга бўлади.
9-павильон “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий ислоҳотлар ва Имом Бухорий меросига эътибор” деб номланиб, унда мустақиллик йилларида ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, хусусан, ҳадис илми султони – Имом Бухорийнинг Ватан, миллат ва дин манфаатлари йўлида қилган хизматларини муносиб баҳолаш ва руҳини шод этиш мақсадида олиб борилган ободонлаштириш ишлари, алломанинг улкан меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ҳамда халқимизга етказишга қаратилган таржима ва нашр ишлари ҳамда Имом Бухорий меросини юртимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида қабул қилинган норматив ҳужжатлар ҳақида маълумот берилган.
1‐қисм. Мустақилликдан олдинги ҳолат
Ушбу қисм мамлакатимиз мустақилликка эришгунга қадар бўлган даврда Имом Бухорий шахсияти, илмий мероси ва қадамжолари ҳолатини кўрсатиб беришга қаратилган экспонатлардан иборат. Унда мустамлакачилик ва совет мустабид тузуми даврида миллий ва диний қадриятларимиз қатори Имом Бухорий абадий қўним топган Ҳартанг қишлоғидаги зиёратгоҳ ҳам ташландиқ ва абгор ҳолда бўлгани, алломанинг илмий мероси тугул номини хотирлашнинг ўзиёқ тузум мафкурасига хилоф саналишини очиб берувчи кўргазмаларга эътибор қаратилган.
1.1. Мустақилликдан аввалги даврда Имом Бухорийга эътибор
Видеофильм
Мустақилликдан аввалги даврда Имом Бухорийга эътибор ҳақида видеофильм
Ушбу қисмда мустабид тузум даврида аллома қабрининг оёқости қилиниши, ташландиқ ҳолатга тушиб қолган ҳолати, мустақиллик йилларида эса ободонлаштириш ишлари олиб борилгани ва янги Ўзбекистон даврида мажмуанинг янгитдан қад ростлагани ҳақида видеофильм намойиш этилади.
1.2. Имом Бухорий мақбарасининг кўриниши
Макет.
Мақбаранинг мустақилликдан аввалги кўриниши
Ушбу қисмда Имом Бухорий мақбарасининг мустақилликдан олдинги хароба ва абгор ҳолатини акс эттирувчи макет жойлаштирилган бўлиб, унинг ёнида мажмуа ҳолатига тааллуқли тушунтиришлар ёзиб қўйилган.
2‐қисм:
Мустақиллик йилларидаги илк ислоҳотлар
2.1. Имом Бухорий мақбарасининг ободонлаштирилиши
Макет
Мустақиллик йилларида ободонлаштирилган ҳолати
Ушбу қисмга мустақиллик йилларида ободонлаштирилган ҳолатдаги зиёратгоҳ макети жойлаштирилган. Макет ёнида мажмуа ҳолатига тааллуқли тушунтиришлар (мажмуанинг ўзига хослиги, сиғими ва афзалликлари) ёзиб қўйилган.
2.2. Имом Бухорий халқаро марказининг ташкил этилиши
Макет.
3-қисм. Янги Ўзбекистонда Имом Бухорий меросига эътибор
Ушбу қисмда Янги Ўзбекистонда Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва Имом Бухорий мажмуаси бутунлай янги қиёфага кирганини акс эттирувчи кўргазмалар жойлаштирилган. Бунда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган:
- 2016 йилнинг 18 октябрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилгани;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида: «Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган «Саҳиҳи Бухорий»нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган», дея БМТ минбарида илк бор Имом Бухорий номини тилга олиб, улуғ аллома илмий мероси аҳамиятини жаҳон оммасига очиб бергани;
- Давлатимиз раҳбарининг БМТ минбарида сўзлаган нутқидан сўнг Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Ўзбекистон Республикаси Президенти жасоратини тан олиб: “Ҳали ҳеч бир давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом дини қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмаган, ҳеч қачон Имом Бухорий номини тилга олмаган” деган сўзлари бадиий суратлар билан жойлаштирилиши;
- Имом Бухорий мажмуасини янгитдан бунёд этиш жараёнида Президент Шавкат Мирзиёев йил давомида бу жойни камида 2-3 марта зиёрат қилиб, аллома руҳи-пойига дуода бўлгани;
- “Имом Бухорий” орденининг таъсис этилишини акс эттирувчи кўргазмаларнинг жой олиши.
3.1. Имом Бухорий мақбарасининг ободонлаштирилиши
Макет.
Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида янгидан қад ростлаган кўриниши
Ушбу қисмда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида янгитдан қад ростлаган мажмуанинг маҳобатли макети жойлаштирилган. Макет ёнида мажмуа ҳолатига тааллуқли тушунтиришлар (мажмуанинг ўзига хослиги, сиғими ва афзалликлари) ёзиб қўйилган.
Имом Бухорий мажмуасидан ўрин олган бинолар макети
Шунингдек, ушбу қисмда мустақилликнинг дастлабки йилларида қурилган халқаро Имом Бухорий маркази макети, Имом Бухорий халқаро марказининг янги биноси, ҳадис илми маркази биноларининг макетлари ҳам жойлаштирилган.
3.2. Сўнгги йилларда нашр қилинган китоблар
Экспонат.
Сўнгги йилларда Имом Бухорий асарларининг нашр этилишига оид экспонатлар
Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан амалга оширилган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг ўзбек тилидаги энг йирик таржимаси бўлган Олтин Силсила: Саҳиҳул Бухорий (8 жилд) китоблари, алломанинг иккинчи бош асари бўлмиш “Ал-адаб Ал-Муфрад” китобига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан қилинган шарҳлар асосида нашр этилган Одоблар хазинаси (4 жилд) китоблари, “Биррул волидайн” (“Ота-онага яхшилик қилиш”) китоби, “Саҳиҳи Бухорий” шарҳи ва “Имом Бухорий сабоқлари” журналининг нашр этилган нусхалари ушбу қисмдан ўрин олган.
3.3. Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларга оид видеофильмлар
Видеофильмлар.
Бўлимда жойлаштирилган катта экранларда қуйидаги роликларни қўйиб борилиши йўлга қўйилган:
- Имом Бухорий асарларини нашр этилиши (“Олтин силсила”, “Одоблар хазинаси”, “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” кабилар) жараёнлари;
- “Олтин силсила”, “Одоблар хазинаси”, “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” каби асарлардаги ҳадис намуналаридан бадиий безаклар билан ишланган ролик;
- Ўзбекистон марказий ва маҳаллий телеканалларидан Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига оид кўрсатувларнинг бериб борилишига оид лавҳалар;
- “Имом Бухорий” орденининг таъсис этилиши ва хорижий давлат раҳбарларининг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тантанали тарзда тақдирланиши акс этган лавҳалар;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мажмуага амалга оширган ташрифлари, Қуръон тиловати ва дуолар қилиниши, зиёратгоҳни обод қилиш бўйича берган кўрсатмаларини акс эттирувчи видеороликлар;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг 72-сессиясида Имом Бухорий меросини ўрганишга оид нутқлари акс этган видеоролик.
3.4. Имом Бухорий ордени
Экспонат
Павильоннинг алоҳида қисмида “Имом Бухорий” ордени витринаси ўрин олган. Унда орденнинг асл нусхаси, уни таъсис этиш бўйича ҳужжатлар нусхалари жойлаштирилган.
Юқоридагиларга қўшимча тарзда 9-павильон деворига Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовга Саудия Арабистони қироли Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан совға қилинган кисва – Каъбанинг қопламаси осилган бўлса, бошқа жойда турли мамлакат раҳбарлари томонидан Имом Бухорий мажмуасига совға қилинган Қуръони карим нусхалари жойлаштирилган.
Мадраса (Макет)
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонда барча соҳалар қатори диний – маърифий йўналишда, хусусан, алломалар илмий меросини ўрганиш ва уни халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Алломалар илмий меросини ўрганиш, улар абадий қўним топган жойларни ободонлаштириш, асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш ва бошқалар шулар жумласидандир. Мазкур тадбирлар натижаси ўлароқ ҳозирги кунда Имом Бухорий мажмуаси янгитдан барпо этилмоқда ва унинг таркибида эса Имом Бухорий музейи қурилмоқда. Юқорида келтирилганидек, мазкур музей шу соҳадаги энг сўнгги технологиялар билан таъминланган бўлиб, турли қизиқарли ва қимматбаҳо экспонатлар ва ишончли маълумотлардан ўз ичига олган. Музейнинг аллома ҳаётининг турли жиҳатларини алоҳида алоҳида акс эттирган бўлимларга бўлингани ташриф буюрувчиларга маълумотларни тизимли ва тушунарли тарзда етказиш имконини беради. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган бундай улкан бунёдкорлик ишлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




