Инсон ҳаёти турли синов, ташвиш, қувонч ва умидлар билан тўла. Инсон ўз ҳаёти давомида баъзан ожизлигини ҳис қилади, баъзида эса қалбида қўрқув, хавотир ва тушкунлик пайдо бўлади. Ана шундай дамларда инсоннинг маънавий таянчи, руҳий таскин манбаи сифатида дуо муҳим аҳамият касб этади. Дуо – банданинг Робби билан мулоқоти, Унга муҳтожлигини изҳор қилиши ва қалбини Яратганга боғлашидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо – ибодат мағзидир”, деганлар.
Ислом таълимотида дуога нафақат ибодат, балки инсон руҳиятини покловчи, унга куч-қувват ва умид бағишловчи муҳим восита сифатида ҳам қаралади. Чунки дуо инсонга хотиржамлик бағишлайди
Инсон руҳиятининг энг муҳим эҳтиёжларидан бири хотиржамликдир. Моддий неъматлар қанчалик кўп бўлмасин, қалб осойишталиги бўлмаса, инсон ҳақиқий бахтни ҳис эта олмайди. Дуо инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштиради ва қалбига таскин беради.
Қуръони каримда:
“Огоҳ бўлингизким, қалблар фақат Аллоҳнинг зикри билан ором топади” (Раъд сураси, 28-оят), деб марҳамат қилинган.
Дуо қилган инсон ўз дарди, ташвиши ва орзу-умидларини Аллоҳга ҳавола қилади. Бу эса, қалбдаги оғирликни енгиллаштириб, руҳий мувозанатни тиклайди.
Дуо инсонда умид туйғусини кучайтиради. Тушкунлик ва ноумидлик инсон руҳияти учун энг хавфли ҳолатлардан ҳисобланади. Дуо эса инсон қалбида умид учқунини ёқади. Чунки мўмин киши дуо қилар экан, Аллоҳнинг раҳмати ва ёрдамига ишонади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан” (Ғофир сураси, 60-оят).
Ушбу илоҳий ваъда инсонни ҳар қандай оғир вазиятда ҳам ноумид бўлмасликка ундайди. Дуо қилувчи киши муаммолар вақтинчалик эканини, Аллоҳнинг қудрати эса чексизлигини ҳис қилади. Жумладан, дуо инсонни сабр ва матонатга ўргатади. Ҳаётда ҳар бир инсон турли қийинчиликларга дуч келади. Дуо инсоннинг сабр-бардошини мустаҳкамлайди ва уни синовларга тўғри муносабатда бўлишга ўргатади. Пайғамбарлар ҳаётига назар ташласак, улар оғир синовларда ҳам Аллоҳга дуо қилишдан тўхтамаган. Масалан, Айюб алайҳиссалом узоқ давом этган касаллик пайтида ҳам Роббига муножот қилиб, сабр намунасини кўрсатган. Натижада, Аллоҳ таоло унга шифо берган ва нажот ато этган.
Бу ҳолат ҳар бир мўминга қийинчиликларга сабр билан қараш ва Аллоҳдан мадад сўрашни ўргатади.
Замонавий ҳаёт шиддати инсонларда турли руҳий босимларни келтириб чиқармоқда. Стресс, хавотир, қўрқув ва ёлғизлик ҳисси кўпчиликни безовта қилади. Инсоннинг мана шундай тушкун ҳолатида Роббига дуо қилиши ундаги турли руҳий босим ва хавотирларни камайтиради.
Бундан ташқари, дуо инсонга ўз ҳис-туйғуларини эркин ифода этиш имконини беради. Дуо пайтида инсон ўзини Аллоҳнинг ҳузурида деб ҳис қилади ва Унинг раҳматига суянади. Бу ҳолат руҳий енгиллик ва ички хотиржамликни таъминлайди. Шу боис кўплаб уламолар дуони қалб касалликларининг давоси деб таърифлаган.
Дуо инсоннинг ахлоқий камолотга эришмоғида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Дуо инсонни камтарликка, шукр қилишга ва ўз айбларини тан олишга ўргатади. Дуо қилувчи киши ўзининг ожиз банда эканини англайди ва Аллоҳнинг неъматларини қадрлай бошлайди.
Шунингдек, инсон бошқалар ҳақига ҳам дуо қилар экан, унинг қалбида меҳр-оқибат, бағрикенглик ва яхшилик туйғулари кучаяди. Бу эса, жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлайди.
Дуонинг оила ва ёшлар тарбиясида ҳам ўрни беқиёсдир. Дуога одатланган фарзанд Аллоҳга таянган ҳолда улғаяди, ҳаётнинг турли синовларига бардошли бўлади. Ота-онанинг фарзанд ҳақидаги дуолари эса тарбиянинг энг таъсирчан воситаларидан бири ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлар ҳақига яхши дуо қилишни тарғиб этганлар. Бу эса, оилада меҳр-муҳаббат ва маънавий муҳитни мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда дуо инсон руҳияти учун бебаҳо неъматдир. У қалбга хотиржамлик, руҳга куч-қувват, ҳаётга умид ва маънавий барқарорлик бахш этади. Дуо инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштириб, унинг сабр-тоқати, шукри ва таваккулини мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон дуони ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириши, қувончда ҳам, қийинчиликда ҳам Аллоҳга муножот қилишни одат қилиши лозим.
Зеро, дуо қилувчи инсон ҳеч қачон ёлғиз эмас. Унинг қалби доимо Робби билан боғланган бўлади.
Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





