Home / МАҚОЛАЛАР / АМАЛ ВА ҚАЛБ УЙҒУНЛИГИ

АМАЛ ВА ҚАЛБ УЙҒУНЛИГИ

Ислом шариатида бандадан ҳар бир ишни эҳсон билан, яъни гўзал тарзда маромига етказиб бажариш талаб этилади. Эҳсон мўминнинг амалларида акс этиши буюрилган бўлиб, бу инсоннинг дунё ва охиратда улкан савобни қўлга киритишига сабаб бўлади. Эҳсон – ибодат руҳидир. Хусусан, шаръий ҳукмларни мукаммал бажариш, уларни нафақат тана аъзолари билан адо этиш, балки қалб ва руҳ билан ҳам ҳис қилиб туриш лозим. Инсон балоғат ёшига етгач, унга фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳаром, макруҳ ва мубоҳ каби амаллар юклатилади. Мазкур амалларнинг манбаи Қуръон бўлиб, ҳадислар орқали шарҳлаб берилган. Фақиҳлар эса уларни турлар ва қисмларга ажратиб, ўрганишни осонлаштириб қўйган. Мазкур амалларнинг руҳияти эса тасаввуф вакиллари, яъни маънавий устозлар томонидан тартибга солинган.

Аллоҳ таоло банданинг ҳар бир аъзоси учун алоҳида ибодатларни фарз қилиб қўйган. Жумладан, тилга ёлғон гувоҳлик бермаслик, Қуръон тиловат қилиш, инсонларга ғийбат, чақимчилик ва бўҳтон билан озор бермаслик, фақат яхши сўзларни гапириш каби вазифаларни юклаган. Кўз, қулоқ, қўл, оёқ, қорин ва аврат аъзоларига ҳам ўзига хос вазифалар белгиланган. Шунингдек, мазкур тана аъзоларининг амаллари банданинг қалбига мувофиқ бўлиши ҳам таъкидланган: “Огоҳ бўлинг! Жисмда бир парча гўшт бор! Агар у тўғри бўлса, жасаднинг барча аъзолари тўғри бўлади! Агар у бузилса, тана аъзоларининг барчаси бузилади! У қалбдир!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, Ҳофиз Абу Мусо Мадиний (р.а)дан ривоят қилинган қуйидаги саҳиҳ ҳадисда ҳам шаръий ҳукмларни эҳсон билан бажариш лозимлиги яна бир бор таъкидланади: “Самра ибн Жундуб (р.а) шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в) бир куни бизнинг олдимизга чиқдилар. Биз Мадинадаги суффада эдик. У зот бизга шундай дедилар: “Мен кеча тунда ажойиб нарсани кўрдим! Умматимдан бир кишини кўрдим. Унинг ёнига ўлим фариштаси жон олиш учун келган эди. Шунда мазкур кишининг ота-онасига қилган яхшилиги келиб, ўлим фариштасини қайтариб юборди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. Унга қабр азоби жорий бўлаётган эди. Шунда мазкур кишининг таҳорати келиб, уни қабр азобидан қутқарди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. Унинг атрофини шайтонлар ўраб олган эди. Шунда унинг Аллоҳни зикр қилганда ҳосил бўлган савоби келиб, шайтонларни қувиб солди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. Уни азоб фаришталари ўраб олган эди. Шунда мазкур кишининг намози келиб, уни азоб фаришталарининг қўлидан қутқарди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У ташналикдан тили осилиб, ҳовуз олдига борар, лекин уни ҳовузга яқинлаштирмас эдилар. Шунда мазкур кишининг Рамазон ойида тутган рўзаси келиб, уни суғорди ва чанқоғини қондирди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У Пайғамбарлар ҳалқа бўлиб ўтирган мажлисга интилар, яқинлашганда эса, уни ҳайдаб юборишар эди. Шунда мазкур кишининг жанобатдан ғусл қилганда ҳосил бўлган савоби келди ва унинг қўлидан ушлаб, ёнимга ўтқизиб қўйди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. Унинг олдида зулмат, ортида зулмат, ўнг томонида зулмат, чап тарафида зулмат, устида зулмат ва остида ҳам зулмат бор эди. У зулмат ичида қолган эди. Шунда мазкур кишининг ҳаж ва умраси келиб, уни зулматдан чиқарди ва нурга киритди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У қўли билан Жаҳаннам олови ва ёмонлигини тўсиб ҳимояланар эди. Шунда мазкур кишининг садақаси келиб, у билан Жаҳаннам олови орасида парда ҳамда боши узра соябон бўлди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У мўминларга гапирар, лекин мўминлар у билан суҳбатлашмас эдилар. Шунда мазкур кишининг силаи раҳми келиб: “Эй мусулмонлар жамоаси! Бу одам қариндошлик алоқаларини боғлаган! У билан суҳбатлашинглар!”, деди. Шундан сўнг мўминлар у билан қўл бериб ва қучоқлашиб кўришдилар ҳамда уни суҳбатга чорладилар.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. Уни Заббоний (Дўзах фаришталари) ўраб олган эди. Шунда мазкур кишининг яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш мақсадида қилган амаллари келиб, уни Заббоний фаришталар қўлидан қутқарди ва раҳмат фаришталари қўлига топширди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У тиз чўккан ҳолда ўтирар, у билан Аллоҳнинг орасида бир тўсиқ бор эди. Шунда мазкур кишининг гўзал хулқи келди ва унинг қўлидан ушлаб, Аллоҳнинг ҳузурига олиб кирди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. Унинг саҳифалари чап томондан келган эди. Шунда мазкур кишининг Аллоҳдан қўрқиш хислати келиб, унинг саҳифасини олди ва ўнг тарафига қўйиб қўйди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. Унинг тарозидаги яхши амаллари енгил эди. Шунда мазкур кишининг норасида фарзандлари ўлимига қилган сабри келиб, унинг тарозидаги савоблар палласини оғирлаштириб юборди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У Жаҳаннам лабида турар эди. Шунда мазкур кишининг Аллоҳга бўлган умиди келиб, уни Жаҳаннам лабидан қутқарди, сўнг юриб кетди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У Жаҳаннам оловига улоқтирилган эди. Шунда мазкур кишининг Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ёши келди ва уни Жаҳаннамдан қутқарди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У Сирот кўпригида тик турар ва қаттиқ шамолда хурмо пўстлоғи қалтирагандек қалтирар эди. Шунда мазкур кишининг Аллоҳ ҳақида қилган яхши гумони келиб, унинг титроғини тинчлантирди, сўнг юриб кетди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У Сирот кўпригида гоҳ судралиб, гоҳ эмаклаб, гоҳ осилиб ўтар эди. Шунда мазкур кишининг Менга айтган салавоти келиб, унинг қадамини мустаҳкам қилди ва Сиротдан қутқарди.

Мен умматимдан бир кишини кўрдим. У Жаннатнинг эшиклари олдига келган, барча эшиклар ёпилиб қолди. Шунда мазкур кишининг “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб айтган шаҳодати келиб, эшикларни очди ва уни Жаннатга киритди” [1:117-155].

Аксарият инсонлар ушбу ҳадисда айтилган амалларни зоҳиран бажариш билан кифояланиб, ўзини охиратда нажотга эришадигандек тутади. Чунки улар юқоридаги амалларни осон деб ўйлайди. Аслида мазкур ҳадисда зикр қилинган ибодат ва амалларни фақат зоҳирий бажариш билан нажотга эришиб бўлмайди. Балки мазкур савоб ва ютуқларга эришиш учун қалбнинг соғлом бўлиши ва турли маънавий касалликлардан ҳоли бўлиши талаб этилади: “У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур) (Шуаро сураси, 88-89-оятлар). Имом Мотуридий мазкур оятни қуйидагича шарҳлайди: “Оятдаги “тоза дил”, яъни соғлом қалбдан мурод ширк ёки маънавий офат ва гуноҳлардан пок бўлган ҳамда ёлғиз Аллоҳ учун холис ният қилган қалбдир. Бундай қалб Аллоҳдан ўзгага юзланмайди ва фақат Ундан талаб қилади” [3:530]. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в) оёқлари йиринглаб кетгунча кўп намоз ўқир эдилар. Муғийра ибн Шуъба (р.а) бу ҳақда шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в) кечаси туриб намоз ўқир эдилар, ҳатто (руку, сажда қилавериб), оёқлари (ёки болдирлари) шишиб кетар эди. Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в)га: “Ахир, Сизнинг барча гуноҳларингизни Аллоҳ афв қилган-ку!”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): “Шукр қилувчи банда бўлмайми?!”, дедилар” [5:186].

Аллоҳ таоло ибодатларни бажаришда банда қандай ҳолатда бўлиши лозимлигини қуйидагича ифодалаган: “Шунингдек, садақаларини (қиёматда) Парвардигорга қайтувчи эканидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар, айнан ўшалар яхшиликларни қилишга шошурлар ва унда ўзиб кетувчидирлар” (“Муминун” сураси, 60-61-оятлар). Имом Мотуридий мазкур оятни қуйидагича шарҳлайди: “Ушбу оятни икки хил маънода тушуниш мумкин. Биринчиси шуки, бандалар амал қилгандан сўнг: “Қилган амалим қабул бўлармикан?”, деб қалблари қўрқинч ва ҳадикда бўлади. Иккинчи маъноси эса муҳтожларга инфоқ ва садақа қилишни англатиб, банданинг қалбида: “Инфоқ ва садақамни Аллоҳ қабул қиладими ёки йўқ?”, деган қўрқув бўлади. Бу оят шунга далолат қиладики, гуноҳкор қилган ёмонлигидан қўрққани каби итоаткор банда ҳам қилган ибодатининг қабул бўлмай қолишидан қўрқиб туриши лозим” [3:407]. Расулуллоҳ (с.а.в)дан мазкур оят ҳақида қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Оиша (р.а) шундай ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан: “Шунингдек, садақаларини (қиёматда) Парвардигорга қайтувчи эканларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар” (“Муминун” сураси, 60-оят) ҳақида сўраб: “Ушбу оятда хамр (маст қилувчи нарсалар) истеъмол қиладиган ва ўғрилик қиладиганлар назарда тутилганми?”, дедим. Расулуллоҳ (с.а.в): “Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи! Бу оятда рўза тутадиган, намоз ўқийдиган ва садақа қиладиганлар назарда тутилган. Улар амалларининг қабул бўлмаслигидан қўрқиб турадилар. “Айнан ўшалар яхшиликларни қилишга шошурлар ва унда ўзиб кетувчидирлар” (“Муминун” сураси, 61-оят)”, дедилар” [2:718].

Ибн Арабий (р.а) мазкур ҳадис бўйича қуйидаги фикрларни билдирган: “Банда ҳаёти давомида Аллоҳнинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан тийилиб яшаса-да, умри қандай тугашидан бехабардир. Бундай ҳаёт кечириш билан бандада амалларининг қабул бўлиши ва охиратда нажотга эришиши ҳақида тўлиқ ишонч ҳосил қилмайди. Зеро, банда билмайдики, балки куфр сабабли қилган амаллари бекор бўлиб кетар ёки бирор гуноҳ сабабли амалларининг савоби камайиб қолар! Шунинг учун банда умрининг охири қандай тугашидан қўрқиб яшаши ва шу билан бирга, Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидан умид қилиб ҳаёт кечириши лозим. Бунинг учун солиҳ амалларда бардавом бўлиши талаб этилади. Аллоҳ таоло мазкур оятда шундай қавмни сифатлаганки, улар гуноҳ ва камчиликка йўл қўймайдилар, ибодатларни бажаришда дангасалик қилмайдилар, яхши амалларни бажаришдан қочиш мақсадида рухсат сўрамайдилар! Балки улар амалларининг қабул бўлмаслигидан, ниятлари холис бўлмаганлигидан доим қўрқиб турадилар! Улар қилган амалларини оз санаб, ўзларини гуноҳкор ва итоатсиз бандадек тутадилар! Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в): “Мен бир кунда юз марта тавба қиламан”, дер эдилар” [4:258-259].

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, муҳсин бандалар қилган амалларига суяниб қолмайди, балки амаллари қабул бўлмаслигидан доим хавфда бўлади. Айрим инсонлар ҳаж ибодатини бажаргандан сўнг ёки закот ва шунга ўхшаш молиявий амалларни адо қилгандан сўнг ўзини худди жаннат аҳлидек тутади. Бирор яхши амални қилгач: “Елкамдан тоғ ағдарилди!”, деб қилган амалларига суяниб қолади. Аслида ташвиш ва “елкадаги юк”, яъни масъулият амал қилгандан сўнг пайдо бўлади! Амалнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслигини фақат Аллоҳ билади! Банданинг ҳаёти қандай якун топишини ҳам Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди! Шу боис эзгу ишларда бардавом бўлиш ва амалларга суяниб қолмаслик лозим. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдусалом Ёсин. Ал-иҳсан. Ж.2. – Дар ал-байзо, 1998.
  2. Абу Исо Муҳаммад Термизий. Жомеъ ат-Термизий. Қуръон тафсири боблари. 33-боб. 3173-ҳадис. – Ар-Риёд: Дар ас-салом, 1999.
  3. Абу Мансур Мотуридий. Таъвилот аҳл ас-сунна. Ж.3. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 2004.
  4. Ибн Арабий. Ориза ал-аҳвазий би шарҳ Жомеъ ат-Термизий. Ж.6. Қуръон тафсири китоби, 24-боб, 3186-ҳадис. – Байрут: Дор ал-фикр, 1995.
  5. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Таржимон: Шайх Абдулазиз Мансур. Саҳиҳи Бухорий. Ж.1. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2008
Муҳаммадсиддиқ УСМОНОВ,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси
Қўлёзмалар фонди директори

Check Also

Марказий Осиё динимизга ёт оқимларга макон бўлмаган

Бугун ижтимоий тармоқларда динни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари авж оляпти. Бундай вазиятда кишилар ўзларида аниқ …