Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Тошкент ислом институти талабалари иштирокида навбатдаги “Хатми кутуб” маросими бўлиб ўтди. Ислом илмий анъаналаридан бири ҳисобланган мазкур тадбирни Марказ директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов кириш сўзи билан очиб, мазкур анъананинг бугунги кунда илмий изланишлар изчиллигини таъминлаш ҳамда бой маънавий меросни ўрганишдаги аҳамиятига тўхталди.

Институт ректори Уйғун Ғафуров “Хатми кутуб” анъанаси 2020–2021 ўқув йилидан буён тизимли равишда давом эттириб келинаётгани ва ҳозирги кунга қадар 500 га яқин талаба ижоза соҳиби бўлганини алоҳида эътироф этди.

Мулоқот давомида институтнинг педагог ходимлари мазкур анъананинг фазли, мазмун-моҳияти, илмий-маънавий манбашуносликдаги ўрни хусусида сўз юритиб, ижоза олаётган ёш изланувчиларга илмий фаолиятларида холислик ва масъулият тамойилларига риоя этиш юзасидан зарур тавсиялар берди.

Илмий учрашув якунида устозлар талабаларга “Саҳиҳул Бухорий” китоби бўйича ҳадисларни ривоят қилиш ҳуқуқини берувчи расмий ижозалар тақдим этди. Ушбу жараён устоз-шогирд анъаналарининг узвий давомийлигини таъминлаш ва бўлажак соҳа мутахассисларининг илмий масъулияти ва салоҳиятини оширишда муҳим босқич бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





