Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Имомлик – улуғ масъулият”

“Имомлик – улуғ масъулият”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти Самарқанд филиали билан ҳамкорликда диний соҳа ходимлари учун шу мавзуда семинар машғулоти ташкил этилди.

Семинарда бугунги глобаллашув даврида диний соҳа ходимлари зиммасидаги масъулият, аҳоли, хусусан ёшлар ўртасида соғлом эътиқод мезонларини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда имом-хатибларнинг ўрни ва вазифалари атрофлича муҳокама қилинди. Соф диний таълимотни илмий асосда, содда ва таъсирчан усулларда етказиш, турли ёт ғоялар ва ахборот хуружларига қарши маърифат билан курашиш кўникмаларини ошириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Тадбир фақатгина назарий машғулот билан чекланиб қолмади. Семинар доирасида соҳа ходимлари Марказ музейи экспозициялари билан яқиндан танишди. Мазкур жараён имомларнинг мавзуга оид тасаввурларини бойитишга ва маънавий-маърифий тарғибот ишларига янгича ёндашишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Иштирокчилар, шунингдек, Марказнинг бой кутубхона фондида бўлиб, бу ерда сақланаётган нодир қўлёзмалар, замонавий илмий нашрлар ва адабиётларни кўздан кечирди. Кутубхона муҳитида ташкил этилган мулоқотда диний соҳа ходимларининг доимий равишда ўз билим ва малакаларини ошириб бориши, илмий манбалар устида мунтазам ишлаши жойларда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини таъминловчи энг муҳим пойдевор экани эътироф этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий мажмуасининг тарихий ва замонавий қиёфаси ҳамда маърифий аҳамияти

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари учун ташкил этилган махсус …