Камбағални меҳмон қилиш керак. Бойларни хослаб зиёфатга чақирмаслик зарур. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таомларнинг энг ёмони бойлар хослаб чақирилиб, фақирлар таклиф қилинмай қолганидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Зиёфатга таклиф қилишнинг яна бир шарти шуки, бир уйдан оила бошлиғи чақирилса, унинг ўғлини ҳам таклиф қилиш керак.
Меҳмонни иззат-икром қилиш керак. Меҳмоннинг иззати уч кун. Тўртинчи куни такаллуф қилмаса ҳам бўлади.
Уйни атайин меҳмон учун парда ва гилам билан ясатиш макруҳ. Лекин нақшли кўрпа-тўшакларни тўшаш жоиз.
Меҳмоннинг олдига уйда бор нарса қўйилади, ортиқча такаллуф қилинмайди. Меҳмоннинг олдига имкон қадар тезроқ дастурхон ёзиш керак. Нон дастурхонга тоқ ва меҳмонларга етадиган ададда қўйилади. Исрофга йўл қўймаслик лозим.
Меҳмонга лаззатли ва латиф таом едирилади. Агар таом кам бўлса, шу навдаги оддийроқ таом тайёрланиб, меҳмонга асл, ўзига оддийроқ таом тортилади. Мезбон таом тановулида меҳмонга шерик бўлади. Мабодо, нафл рўза тутган бўлса ҳам, меҳмон учун рўзасини очиши жоиз.
Меҳмон таомга ҳаддан зиёд тарғиб қилинмайди. Уч марта тарғиб қилиш кифоя. Дастурхонга таом тортилгач, аввал мезбоннинг ўзи таомга қўл узатиб, меҳмонга илтифот кўрсатади. Агар меҳмон таниш-билиш ва ошнолардан бўлса, мезбон улардан бурун таомга қўл узатмайди.
Мезбон меҳмондан олдин таомдан қўлини тортмайди.
Меҳмонни кетар чоғида эшиккача кузатиб қўйилади ва унга: “Мени ҳурмат қилиб келибсиз, Аллоҳ сизни сийласин”, деб эзгу тилак билдирилади.
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





