Дуо пайғамбарлар ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутган. Қуръони каримда пайғамбарларнинг дуолари кўплаб зикр қилинган. Бу эса, дуонинг ҳар қандай ҳолатда зарур эканини кўрсатади.
Одам алайҳиссалом хатоларидан кейин тавба-тазарру қилиб, дуо қилди, хатолари кечирилди. Нуҳ алайҳиссалом қавмлари ҳақида дуо қилди. Иброҳим алайҳиссалом ўз зурриётлари учун дуо қилди. Закариё алайҳиссалом қарилик чоғида фарзанд сўраб дуо қилди ва Аллоҳ таоло унга Яҳё алайҳиссаломни ато этди. Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида қолганида: “Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназзолимийн”, деб дуо қилди ва Аллоҳ таоло уни мушкулдан халос қилди. Бу воқеалар бизга ҳар қандай вазиятда ҳам дуодан ажралмасликни ўргатади.
Дуонинг инсон ҳаётида руҳий ва маънавий фойдалари жуда кўп бўлиб, айримларини юқорида зикр қилиб ўтдик. Дуо инсонга кўплаб маънавий ва руҳий манфаат келтиради.
Биринчидан, дуо қалбга хотиржамлик бахш этади. Дуо қилган инсон ёлғиз эмаслигини, уни эшитувчи ва ёрдам берувчи Зот борлигини ҳис қилади.
Иккинчидан, дуо инсонда сабр ва умидни кучайтиради. Қийинчилик қанча оғир бўлмасин, мўмин Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмайди.
Учинчидан, дуо инсонни такаббурликдан сақлайди. Чунки дуо қилган одам ўзининг муҳтожлигини тан олади.
Тўртинчидан, дуо инсоннинг Аллоҳ билан боғланишини мустаҳкамлайди. Шу боис, уламолар дуони мўминнинг қуроли деб таърифлаган.
Инсон чин ихлос билан, сидқидилдан, қабул бўлишига ишонган ҳолда дуо қилиши зарур. Бу дуонинг ижобат бўлиши шартларидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ижобат бўлишига ишонган ҳолда дуо қилинглар”, деганлар.
Жумладан, дуо ижобат бўлиши учун қуйидаги одобларга риоя қилиш лозим. Улар:
- ихлос билан дуо қилиш;
- ҳалол ризқ билан яшаш;
- Аллоҳга ҳамду сано ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш билан бошлаш;
- Қиблага юзланиш;
- қўлларни кўтариш;
- дуода собитқадам бўлиш;
- шошқалоқлик қилмаслик;
- яхши гумонда бўлиш;
- дуодан сўнг Аллоҳга таваккул қилиб ҳаракат қилиш.
Ихлос қилмаган ҳолда, ғофил қалб билан қилинган дуонинг ижобат бўлиши гумондир. Дуо ижобати мавзусидаги ҳадисларда уч тоифа инсонлар дуоси мустажоб экани айтилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ:ثَلَاثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٌ لَا شَكَّ فِيهِنَّ: دَعْوَةُ الْمَظْلُومِ، وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ، وَدَعْوَةُ الْوَالِدِ عَلَى وَلَدِهِ.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онанинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”, дедилар. Яъни, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси, мусофирнинг мезбон ҳақига қилган дуоси ва мазлумнинг золимнинг ҳақига (зарарига) қилган дуоси билан Аллоҳ таоло ўртасини тўсувчи парда йўқ.
Жумладан, бошқа ҳадисда: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир одам гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга бунинг учун уч хил неъматдан бирини ато этади. Ё сўраганини тезда беради, ё ўшанинг мислича яхшиликни унинг учун сақлаб қўяди, ёки ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди”, деганлар. Шунда одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ундоқ бўлса (дуони) кўпайтирамиз”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқдир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривоят қилган).
Юқоридагилардан маълум бўладики, чин ихлос ва ишонч билан қилинган дуо Аллоҳ ҳузурида ижобат экан. Дарҳақиқат, кимгаки Яратганга юзланган қалб ва чиройли дуо қилиш неъмати берилган бўлса, унга кўп яхшиликлар берилибди.
Хулоса қилганда, дуо – мўминнинг энг катта бойлиги, қалб озуқаси ва уни Робби билан боғловчи мустаҳкам риштадир. Дуо орқали инсон ўз муҳтожлигини англайди, Аллоҳ таолонинг раҳматига суянади ва ҳаётидан барака топади.
Шунинг учун ҳар биримиз дуони кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантирайлик. Қувончли кунларда ҳам, мусибатли дамларда ҳам Аллоҳни эслаб, Унга илтижо қилиб яшайлик.
Аллоҳ таоло барчамизни дуоси қабул бўладиган солиҳ бандаларидан қилсин. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, хонадонларимизга барака ато этсин.
Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





