Муҳаммад айтганлар: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг: “Басрага борганимда Бундорнинг илм ҳалқаларида қатнашдим. Кўзлари менга тушганда: “Йигит қаерданлар?” – деб сўрадилар. “Бухоро аҳлиданман”, – дедим. “Абу Абдуллоҳни қандай қилиб ташлаб келолдинг?!” – дедилар. Жим турдим. Шунда кимдир: “Аллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин, шу киши – Абу Абдуллоҳнинг ўзлари”, деди. Ўринларидан туриб, қўлимдан ушлаб қучоқладилар. Сўнгра: “Неча йиллардан буён фахрланиб юрганим, хуш келибсиз!” – дедилар”, – деганларини эшитдим».
Муҳаммад айтганлар: «Ҳомид ибн Исмоилдан эшитдим. У киши Муҳаммад ибн Башшорнинг: “Басрага биродаримиз Абу Абдуллоҳдек ҳадис билимдони келгани йўқ”, – деб, Имом Бухорий кетмоқчи бўлганларида хайрлаша туриб: “Эй Абу Абдуллоҳ, бундан кейин учрашмасак, учрашадиган жойимиз – маҳшаргоҳ бўлсин”, – деганларини эшитганлар».
Ҳофиз Абу Қурайш Муҳаммад ибн Жумъа айтганлар: «Муҳаммад ибн Башшорнинг: “Дунёда мукаммал ҳадис билимдонлари тўртта: Райда Абу Зуръа, Самарқандда Доримий, Бухорода Муҳаммад ибн Исмоил, Найсобурда Муслим”, – деганларини эшитдим».