Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг навбатдаги совриндори – Покистондаги Панжоб университетининг Шайх Зайд ислом маркази доценти др. Мубашшир Ҳусайн Марказда илмий амалиёт бошлади.
Лаҳорлик тадқиқотчи Панжоб университетида исломшунослик ва ислом ҳуқуқи йўналишларида бакалавр, магистр ва фалсафа доктори даражаларига эга бўлган. Қатор илмий мукофотлар соҳиби бўлган олимнинг 100 дан ортиқ мақола ва 40 га яқин китоби нашр этилган. Университетнинг ҳадис ва сирот кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатган. Олимнинг илмий ишлари ҳадис илми методологияси ва ҳадислар талқинига оид бўлиб, бу борадаги сўнгги изланишлари натижаси Исломобод халқаро ислом университети томонидан нашр этилган “Ҳуқуқий анъаналар ва Ироқ ҳуқуқшунослари” номли китобида ўз аксини топган.
Др. Мубашшир Ҳусайн Марказда Имом Бухорийнинг мужтаҳид сифатида ислом ҳуқуқининг Жанубий Осиёдаги талқинига бўлган таъсирини ўрганади.
Стипендиатни Марказ директори Шовосил Зиёдов қабул қилди. Мулоқот чоғида халқаро дастурнинг тадқиқотчилар учун яратаётган имкониятлари эътироф этилиб, илмий изланишлар муваффақиятини таъминлашдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Дастур совриндори Марказ фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадқиқотчининг Марказдаги амалиёти бир ой давом этади.