Home / АЛЛОМАЛАР / Нақшбандия машойихлари. Салмон Ал-Форсий (розияллоҳу анҳу)

Нақшбандия машойихлари. Салмон Ал-Форсий (розияллоҳу анҳу)

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Нақшбандия силсиласининг иккинчи халқаси ҳисобланади.

Салмоний Форсий розияллоҳу анҳу (Абу Абдуллоҳ) Эронликдир. У ўзининг Мадинага келишини шундай ҳикоя қилади:

“Исфаҳоннинг Жайҳон қишлоғидан, Эронлик бир ўсмир эдим. Отам бу қишлоқнинг каттаси, обрўли кишиси эди. Отам мени жуда яхши кўрарди, ер-у кўкка ишонмас эди. Мен ўзимни маъжусийликка атаган эдим, шу қадарки, ҳатто оташгоҳда олов ёқиш иши менга топширилган эди. Бизнинг катта еримиз бор эди. Отам деҳқончилик қиларди. Бир куни далага кета олмади ва менга:

– Ўғлим, ерга қарай олмадим, сен бориб, бир хабар ол,– деди. Мен далага йўл олдим. Кетар эканман йўлда бир черковга дуч келдим. У ерда ибодат қилаётган кишиларнинг овозини эшитдим. Отам мени ҳеч ким билан кўриштирмагани сабабли, менинг на насроний динидан, на бошқа диндан хабарим бор эди.

Черковга кириб, у ердагиларнинг дуо ва ибодатларини эшитдим, менга ёқди. Мен улардан “бу диннинг асл юрти қаерда?” деб сўрадим. Улар “Шом”да, дейишди. Мен уларнинг ёнида оқшомгача қолдим, далага кетмадим.

Кечқурун уйга қайтиб, отамга:

– Отажон, мен Черковда ибодат этган баъзи инсонларни кўрдим, уларнинг дини менга ёқди,– дедим. Отам қўрқиб кетди:

– Болам, бу дин яхши дин эмас. Сенинг боболарингнинг дини яхшироқдир, – деди у.

– Йўқ, уларнинг дини яхши, – дедим мен.

Отам менинг динимиздан чиқишимдан қўрқиб, мени уйга қамаб қўйди. Мен бир амаллаб насронийларга шу мазмунда хабар йўлладим:

– Шомга кетадиган бир карвон бўлса, менга хабар беринг.

Бир оз вақт ўтгандан кейин менга карвон ҳақда хабар беришди. Бир иложини қилиб, оёқларимдаги боғни ечдим. Яширин йўлга чиқдим ва, ниҳоят, Шомга етиб келдим. У ерда бу диннинг мансубларидан энг кучли ким эканлигини суриштирдим. “Черковнинг идорачиси бош епископ”, дейишди. Унинг ёнига бордим:

– Мен насроний бўлишни истайман, сенинг ёнингда қолиб, сенга хизмат этишни, бу ерда ибодат этишни истайман,– дедим.

– Майли ёнимда қол,– деди у.

Мен унинг ёнида қолиб, унга хизмат эта бошладим. Аммо бир муддат хизмат қилдим, сўнгра бу одамнинг ёмон бир кимса эканини кўрдим. Бу кимса диндошларини савоб қозонишга чақириб, улардан садақа оларди ва Аллоҳ ризоси учун берилган садақаларни ўзи учун олиб, асрар эди. Фақир ва йўқсилларга ҳеч нарса бермас эди. Нақ етти хум олтин беркитган эди. Бу менга ҳеч ёқмади. Бу одам бир муддат сўнгра ўлди. Насронийлар уни дафн этиш учун тўпландилар.

Мен уларга:

– Дўстингиз ёмон одам эди. Сиздан садақа талаб этар ва сизни савоб қозонишга ташвиқ этарди, аммо олинган садақаларни ўзи учун сақларди, йўқсилларга ҳеч нарса бермас эди,– дедим.

– Сен буни қаердан биласан?– дейишди улар.

– Сизларнинг берганларингизни яширган жойини кўрсатишим мумкин, – дедим мен.

– Хўп, кўрсат, – дейишди улар. Мен кўрсатдим.

Улар ўлган роҳибнинг яширган еттита хумини олиб чиқардилар. – Биз бу одамни кўммаймиз, – дейишди улар ва ўликни чормихга кериб, тошбўрон қилишди.

Бир муддат сўнгра черковга янги идорачи тайинланди. Бу киши каби диндор, охиратга боғлиқ, кеча-кундуз ибодат қилган бошқа одамни кўрмадим.

Унинг ёнида узоқ қолдим. У ўлим тўшагига ётганда, мен ундан:

– Эй фалончи, мени кимга топширасан, нима буйруғинг бор?– деб сўрадим.

– Ўғлим, менга ўхшаган биттаси Мусулда бор, динини ўзгартирмади, ахлоқини бузмади. Сен унинг ёнига бор, – деди у.

Роҳиб ўлгандан кейин мен Мусулдаги одам ёнига бордим. У яхши инсон эди, аммо у ҳам кўп ўтмай ўлди. Ўлим тўшагида у менга Нусайбиндаги бир шахснинг ёнига боришимни тавсия қилган эди. Мен Нусайбиндаги одам ёнига бордим, уни ҳам яхши инсонлигини кўрдим. Аммо кўп ўтмай, у ҳам ўлим тўшагига ётди ва менга Аммуриядаги фалончи киши ёнига боришимни тавсия этди. Мен ҳам айтилган киши ёнига бордим, у ҳам аввалгиларга ўхшаган тўғри йўлдаги бир зот эди. Мен у ерда хизмат қилиб, бир неча сигир, бир сурув қўй-қўзи мулк этдим. Кўп ўтмай бу зот ҳам ўлим тўшагига тушди. Мен унга:

– Сен менинг аҳволимни биласан. Энди менга кимни тавсия қиласан?– дедим.

– Ўғлим, ер юзида бизнинг инонганимизга инонган инсон ҳали ҳам бор, деб ўйламайман. Фақат Арабистонда бир Пайғамбарнинг чиқажак пайти яқинлашди. У Иброҳим соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дини билан юборилажак. Кейин ўз юртидан чиқарилиб, икки қора тоғ ўртасидаги, хурмозор боғлари мўл бир ерга ҳижрат этажак. У ҳадя қабул этади, садақа олмайди. Елкасида, икки кураги орасида пайғамбарлик муҳри (хол) бор. Агар ўша мамлакатга кета олсанг, кет, – деди у.

Ва уни ҳам ажал олди. Мен Қалб қабиласидан баъзи араб тожирлар карвони Аммурияда тўхташганида, уларга:

– Агар мени ҳам ёнингизда Арабистонга олиб борсангизлар шу сигирларимни ва шу қўй подасини сизга бераман,– дедим.

– Майли, сени ёнимизга оламиз, – дейишди улар. Мен уларга сигирлар билан қўйлар сурувини бердим. Улар мени ёнига олишди, аммо Водил Қура деган жойга келганда тожирлар сўзидан қайтиб, мени яҳудийларга сотишди. Шундай қилиб, мен бир яҳудийнинг қулига айландим. Яҳудий мени Бани Қурайзадан бўлган бир жиянига сотди, у мени Мадинага олиб келди.

Мен у ерда Аммуриядаги зотнинг айтгани хурмозорларни кўрдим. Унинг тасвирлагани Мадинани танидим. Ўша кунларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада қавмини исломга даъват этаётган эди. Лекин мен қул сифатида кўп иш билан машғул бўлганимдан, унинг исмини эшитмаган эдим.

Қисқа вақтдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат этди. Мен хурмо дарахтига чиқиб, хўжайиним буюрган ишларни қилаётган эдим, хўжайин эса дарахт соясида ўтирган эди. Дафъатан амакисининг ўғли келди ва шундай деди:

– Аллоҳ Авс ва Ҳазражни қаҳр айласин! Улар шу онда ўзининг пайғамбар эканини иддао этган, бугун Маккадан келган бир одам учун тўпланишаяпти,– деди.

Мен бу сўзларни эшитар-эшитмас, шундай эсанкирадимки, хўжайинимнинг устига йиқилиб тушишимга сал қолди.Ва дарахтдан тушиб, хабарни келтирган одамга:

– Нималар деяпсан, такрор айтсанг-чи! – дедим мен. Хўжайиним ғазабланиб, мени уриб тепа бошлади. Мен кейин тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнига бордим. Ва унга:

– Мен сенинг тўғри бир инсон эканингни эшитдим. Сенинг ёнингда муҳтож, муҳожир йўлдошларинг бор. Шу хурмо садақадир. Бу садақага сени лойиқ кўрдим,– дедим ва хурмоларни унга узатдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмога қўл урмади, асҳобига “сизлар енглар” деди.

Мен ичимда “бу биринчи ишорат”, деб қўйдим. Ва ишимга қайтиб келдим.

Сўнгра иккинчи марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнига бордим ва шундай дедим:

– Сенинг садақа емаганингни кўрдим, фақат бу (хурмо) ҳадядир. Сени икром этаяпман….

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сафар хурмодан еди ва асҳобига ҳам ейишни буюрди, улар ҳам едилар. Мен ўзимга ўзим “бу иккинчи ишорат” дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига учинчи марта бордим. У ерда ўтирарди. Салом бердим. Пайғамбарлик муҳрини кўрармиканман деб, унинг атрофида айлана бошладим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкасига боққанимни кўриб, нима истаганимни англади ва кўйлагини чиқарди. Мен унинг муҳрини кўрдим. Йиғлаб уни ўпдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Сен уни қаердан биласан?– сўради.

Мен унга бошимдан кечганларни айтиб бердим. Расулуллоҳга ҳикоям ёқди, буни асҳобига ҳам айтиб беришимни сўради. Мен уларга ҳам айтиб бердим. Ҳайрон қолишди, севиндилар.

(1-қисм тугади. Давоми бор…)

Манба: islaminstitut.uz

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …