Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Ўймовут маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла оқсоқоллари, фаоллари ва ёшлар иштирокида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Учрашув давомида “Ёш авлод тарбиясида нуронийларнинг ўрни” ҳамда “Мустаҳкам оила – барқарор жамият асоси” мавзуларида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Хусусан, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилавий қадриятларни асраш, оила тинчлиги ва жамият барқарорлигини таъминлашда нуронийларнинг ибратли ўрни хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек, учрашув доирасида Марказ томонидан нашр этилган “Жаҳолатга қарши – маърифат” туркумидаги 7 та китоб ва 18 номдаги рисоланинг тақдимоти ўтказилди. Мазкур адабиётларнинг мазмун-моҳияти, содда ва равон тилда ёзилгани ҳамда бугунги куннинг долзарб мавзуларини қамраб олгани йиғилганларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Маънавий-маърифий тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида қатнашчиларга янги нашрлар тақдим этилди.

Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва диний маърифатини юксалтириш, ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш ва жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга қаратилган бундай тадбирлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




