Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Устоз – ҳаёт йўлини ёритгувчи маёқ”

“Устоз – ҳаёт йўлини ёритгувчи маёқ”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан шу мавзуда маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари иштирок этди.

Марказ директори Ш.Зиёдов жамиятда устоз ва мураббийларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўзлаб, бу айём уларнинг тарбиясини олган ҳаммамиз учун қутлуғ сана эканини таъкидлади ва барча ходимларни муборакбод этди.

Марказ ходимлари Б.Турсунов ва У.Муҳаммадиев шонли тарихимиз ва миллий қадриятларимизда устоз-мураббийларга юксак эҳтиром, устоз-шогирд анъаналарининг илм-фан ва маънавият ривожидаги ўрни ҳақида маъруза қилди. Сўзга чиққанлар илм ўрганиш ва келажак авлодга етказишда фидойилик кўрсатаётган муаллимлар меҳнати ҳар томонлама таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, устоз – ёш авлодга нафақат билим, балки ҳаёт сабоғини берадиган, қалбларга эзгулик ва Ватанга муҳаббатни сингдирадиган улуғ касб эгасидир. Шу боис ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти, аввало, таълим савияси ва устоз маҳоратига боғлиқ. Зеро, ҳар қандай цивилизациянинг юксалиши, маънавий камолоти ва порлоқ келажаги илм аҳлига кўрсатиладиган эътибор ва пойдевори муаллимлардан иборат бўлган билим масканларининг мустаҳкамлиги билан ўлчанади.

Шарқ мутафаккирлари таъкидлаганидек, инсон табиатидаги хазиналарни юзага чиқарувчи, жаҳолатни маърифат нури билан ёритувчи устоз меҳнати ҳеч қандай моддий бойлик билан ўлчаб бўлмайдиган бебаҳо маънавий бойликдир. Шу боис, устозларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг ҳаққини садоқат билан адо этиш халқимизнинг азалий муқаддас қадриятларидан бири бўлиб келган ва бу анъана ҳеч қачон ўз қимматини йўқотмайди.

Тадбирда сўзга чиққанлар устозларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий фаровонлик ва илмий-ижодий фаолиятида улкан зафарлар тилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ёшлар онгига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг илмий-фалсафий таҳлили

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар маънавий камолотида …