Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – ислом маданияти ва санъати ўчоғи” мавзусидаги халқаро онлайн илмий семинарлар туркуми доирасида навбатдаги тадбир ташкил этилди.

IRCICA вакиллари, Ўзбекистон Миллий Университети олимлари, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Ҳадис илми мактаби устоз ва талабалари, Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти Самарқанд филиали, Тошкент Ислом институтидан жами 30 дан ортиқ иштирокчи қатнашган семинар буюк алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш, жумладан, мотуридийлик таълимоти ва калом илми ривожига улкан ҳисса қўшган Иброҳим Саффор Бухорийнинг фаолиятига бағишланди. Унда Марказ илмий ходими Тоҳир Эвадуллаев “Мотуридийлик калом илми ривожида Иброҳим Саффор Бухорийнинг ўрни” мавзусида маъруза қилди.

Тадбирда глобаллашув ва ахборот хуружлари кучайган ҳозирги даврда мотуридия таълимотига қизиқиш ортиб бораётгани, унинг асарлари турли мафкуравий таҳдидлар ва ақидавий ихтилофларга қарши мустаҳкам маънавий иммунитет бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мотуридийликда инсон ақл-заковати ва бағрикенгликка юксак эътибор қаратилиши ҳақидаги сўзлари бу таълимот барча замонлардаги каби бугунги кунда ҳам ғоят долзарб ва зарур эканини кўрсатиши қайд этилди.

Маърузада ҳанафий-мотуридий мазҳабининг етук олими Иброҳим Саффор Бухорийнинг ҳаёт йўли, илмий мероси ҳақида сўз юритилиб, унинг қаламига мансуб “Талхисул адилла ли қавоиди тавҳид” асарининг мазмун-моҳияти очиб берилди. Ушбу рисола турли носоғлом оқим ва фирқаларнинг қарашларига қарши ақлий ва нақлий далиллар келтирилгани, шунингдек, Аллоҳнинг гўзал исмлари, каромат масаласи, қабр азоби ва савол-жавоби каби муҳим эътиқодий масалаларни илмий асосда ёритгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.

Семинар якунида Иброҳим Саффор Бухорий нафақат мотуридия таълимотини ҳимоя қилган, балки унинг қоидаларини кейинги авлодларга етказишда кўприк вазифасини ўтаган буюк мутакаллим экани эътироф этилди. Унинг илмий мероси жамиятимизда соғлом диний тафаккурни шакллантириш, ёшларни ёт ғоялардан асраш ва маънан комил инсон қилиб тарбиялашда беқиёс аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Қизғин савол-жавоблар билан ўтган онлайн семинар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва бундай халқаро илмий мулоқотлар изчил давом эттирилиши қайд этилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




