Home / МАҚОЛАЛАР / ГЛОБAЛЛAШУВ ЖAРAЁНИДA ТИНЧЛИК ВA БAРҚAРОРЛИКНИ ТAЪМИНЛAШДA ИСЛОМ ДИНИНИНГ ЎРНИ

ГЛОБAЛЛAШУВ ЖAРAЁНИДA ТИНЧЛИК ВA БAРҚAРОРЛИКНИ ТAЪМИНЛAШДA ИСЛОМ ДИНИНИНГ ЎРНИ

ХХI аср — ахборот ва технологияларнинг шиддатли ривожланиши, чегараларнинг глобаллашув натижасида давлатлар ўртасида халқаро алоқаларнинг ривожланиши билан тус олгани тавсифланади. Бир томондан, глобаллашув халқларнинг яқинлашиши ва ҳамкорлигига хизмат қилса, иккинчи томондан, миллий-маънавий қадриятларга хавф солувчи, оммавий маданият, ҳар хил таҳдидлар, экстремизм ва исломофобия каби иллатларни кенг ёйилишига хизмат қиладиган таҳдидларни келтириб чиқармоқда.

Ислом динининг асл моҳияти — тинчлик, бағрикенглик ҳамда мўтадил ҳаёт тарзини тушунтириш ва амалиётга татбиқ этиш ҳаётий заруратдир. Бу тўғрисида Президент Шавкат Мирзиёев шундай деб таъкидлаган: “Дунё миқёсида рақобат тобора кескин ва шафқатсиз тус олаётгани, барқарорликка нисбатан таҳдидлар жиддий тус олаётгани бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашга, фарзандларимизни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашдек ғоят масъулиятли ишга ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият беришга даъват этмоқда. Зеро, ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир. Мана шу олий ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим”[1].

Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган глобал сиёсий манзара инсоният олдида турли характердаги мураккаб таҳдид ва синовларни намоён этмоқда. Халқаро муносабатлардаги зиддиятлар, мафкуравий бўҳронлар, иқтисодий тенгсизликлар ҳамда маънавий-ахлоқий бўшлиқлардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга уринаётган ёвуз кучларнинг мавжудлиги жамият барқарорлигига жиддий хавф ҳисобланади.

Бу хатарлар жамиятда турли кўриниш ва шаклларда зоҳир бўлаётгани, бугунги дунёнинг сиёсий манзараси ўзгариб бораётганлигида акс этмоқда.

Ҳозирги глобаллашув даврида трансмиллий таҳдидлар давлатлар чегараларини тан олмай, бутун инсониятга қарши қаратилган глобал хавфга айланиб бормоқда.

Уларнинг асосий кўринишлари қуйидагилардан иборат:

Иқтисодий тенгсизлик ва қашшоқлик: Дунё миқёсида ресурсларнинг адолатсиз тақсимланиши, ишсизлик ва ижтимоий адолатсизлик муайян қатламларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда. Ахборот алмашинуви тезлашган даврда дунё сиёсати қандай ўзгариб бораётганини бугунги замон аҳли кузатиб турибди. Бу вазиятдан ғаразли мақсадли тоифалар, сиёсий-ижтимоий ҳолатни издан чиқариш учун фойдаланишга уринмоқда. Айниқса, радикаллашган шахслар ана шу ижтимоий заифликдан фойдаланиб, ёшларни моддий манфаатдорлик ёки алдов йўли билан ўз сафига оғдиришга бор имконияти билан ҳаракат қилмоқда.

Маънавий-маърифий бўшлиқ ва ёт ғоялар тарғиботи: Мафкуравий иммунитетнинг заифлиги, миллий-диний қадриятлардан йироқлашиш жамиятда ёт ғояларнинг илдиз отишига замин яратади.

Ислом динининг эзгу ғояларини бузиб кўрсатиб, уни сиёсий қуролга айлантирмоқчи бўлган радикал гуруҳлар жамиятлараро низо ва адоват уруғини сепишга ҳаракат қилади.

Қуръони Каримда ер юзида бузғунчилик қилиш ва тинчликни бузиш қаттиқ қораланиб, шундай дейилади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”. Бу оят инсон ҳаёти ва жамият осойишталиги нақадар олий қадрият эканини, ҳар қандай трансмиллий ва ғаразли хатарлар инсониятнинг энг асосий ҳуқуқига тажовуз қилишини яққол кўрсатади[2].

Ислом динида тинчлик ва тотувлик устувор ғоя этиб белгиланган. Ислом тинчлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик дини ҳисобланади. Жамиятдаги мавжуд давлат тузуми, қонун-қоидалар ва ижтимоий барқарорликни инкор этиб, фитна чиқариш шариат ҳукмига зиддир. Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамиятда итоаткорлик, тинчликни сақлаш ва фитналардан узоқлашишга чақирганлар. Жумладан, ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ким жамоатдан бир қарич миқдорича ажралса, бас, у ҳақиқатан ҳам Ислом ҳалқасини бўйнидан ечиб ташлаган бўлади”[3]. Бу ҳадис жамият бирдамлигини сақлаш, давлат ва жамият манфаатлари йўлида аҳил яшаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини англатади. Шу билан бирга доимо кўпчилик бўлиб, хайрли ишларда бирдам бўлиб, кўпчиликдан ажралиб иш қилишдан қайтаради. Ҳатто, жамоатдан ажралган кишини ислом либосини ечган (исломдан чиқиш) билан баробар кўрилмоқда.

Глобал ва трансмиллий таҳдидларга қарши курашишда комплекс ёндашув ва маърифий раддия талаб этилади. Зеро, бу таҳдидлар кўлами кенгайиб, замон ва макон ҳамда миллат ва тил танламас даражада хатарга айланмоқда.

Ёш авлодни юксак маънавиятли, ватанга садоқатли, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган инсонлар этиб тарбиялаш, соғлом жамиятнинг барқарорлигини таъминлайди. Бу ишлар ёшлар онгида ёт ғояларга нисбатан соғлом танқидий фикрлаш ва маърифий иммунитетни ҳосил қилиш орқали бўлади.

Бугунги дунёнинг мураккаб сиёсий манзарасида юзага келаётган ҳар қандай таҳдид ва хатарларга қарши курашишнинг энг самарали йўли бу – таълим, илм-фан ва маърифатдир. Ислом дини таълимотига кўра, жаҳолатга қарши фақат илм билан, зўравонликка қарши эса адолат ва эзгулик билан курашмоқ лозим.

Глобаллашув шароитида дин омили геосиёсий ва ижтимоий-психологик жараёнларнинг муҳим обьектига айланиб бормоқда. Бугунги кунда халқаро майдонда дин билан боғлаб кўрсатилаётган муаммолар тўртта асосий йўналишда намоён бўлаётганини кузатиш мумкин:

Диний радикализм ва мутаассиблашув: Диний матнларни таҳрир ва контекстдан узган ҳолда талқин қилиш ва сиёсий мақсадларга мослаштириш каби ҳолатларда кўрилмоқда. Бу жараён Ғарб диншуноси Оливиер Рой таъкидлаганидек: «Ҳозирги даврда Исломнинг радикаллашуви эмас, балки радикализмнинг исломлашуви рўй бермоқда»,- деди[4].

Исломофобиянинг авж олиши: БМТ Халқаро Инсон ҳуқуқлари Кенгаши ҳисоботларида, Ғарб жамиятларида исломофобия институционал камситиш ва диний озчиликлар ҳуқуқларини поймол қилиш даражасига етганлиги таъкидланади[5]. Диний муқаддас китобларни ёқиш, диндорлар эътиқодини менсимаслик, масжидлар ва ибодатхоналарга ҳар хил таҳдидлар кўринишида намоён бўлмоқда. Бундан мақсад жамиятда диний ва миллий зиддиятларни келтириб чиқариш бўлиб, бутун жамиятга қаратилган хатар сифатида кўрилади.

Рақамли радикаллашув: Телеграм, ижтимоий тармоқлар ва AI технологиялари орқали расмий диний муассасалар ва соҳа масъулларини четлаб ўтган ҳолда «онлайн даъват» ва тармоқли радикаллашувнинг авж олиши ҳам жамият ва айниқса, ёшлар учун хатарли вазиятларни келтириб чиқаради[6]. Бу тузоқ сифатида кўрилиб, унга аввало, илмсиз ёшлар, динга мойил қатлам ва жамиятда ўз ўрнини топишда қийналаётган шахслар ўлжа бўлади.

Динсизлик ва диний қадриятлар тўқнашуви: Маънавий-диний қадриятларни мутлақ инкор этувчи қарашлар ҳамда жамият модернизациясини рад этувчи исломий қарашлар (ақидапарастлик) ўртасидаги тафовутлар ҳам глобаллашув жараёнида турли келишмовчилик ва хатарли ишларни келтириб чиқаришга сабаб бўлади. Бу каби хатарли ҳолатлар айни вақтда ижтимоий тармоқларда кечаётган, жамиятга сезиларсиз кириб бораётган, аҳолини аста-секинлик билан ўзига жалб этиб бораётган “кўзга кўринмас” хавф сифатида кўрилиши лозим бўлади.

Юқорида таҳлил қилинган хатарларни бартараф этишда ҳанафий фиқҳи ва мотуридий калом мактабининг бой мероси энг самарали маърифий қалқон бўлиб хизмат қилади. Зеро, бу манбаларда сиёсий жараёнда итоат, раҳбарликда адолат,  ихтилофларда жамоат лозим тутилиши таъкидланади.

Ислом дини ўзининг туб моҳиятига кўра тинчлик, хавфсизлик ва бағрикенглик динидир. Глобаллашув даврида юзага келаётган диний радикализм, рақамли радикаллашув ва исломофобия каби таҳдидларга қарши курашда “Жаҳолатга қарши – маърифат” ҳамда бағрикенгликка асосланган Ислом динининг муқаддас манбалари, алломаларимизнинг бой маънавий мероси муҳим назарий ва амалий манба бўлиб хизмат қилади.

[1] Шавкат Мирзиёев. 2021 йил 21 май Рамазон табригидаги нутқидан.
[2] Моида сураси, 32-оят.
[3] Термизий. Сунани Термизий, 2864-ҳадис. Бухорий. Саҳиҳул Бухорий, 7054-ҳадис.
[4] Roy, O. Globalized Islam: The Search for a New Ummah. — New York: Columbia University Press, 2004.
[5] UN Human Righs Council. Countering Islamophobia/Anti-Muslim Hatred to Yeliminate Discrimination and Intolerance Based on Religion or Beliyef. Report A/HRC/46/30, 2021.
[6] Neumann, P. R. Radicalized: New Jihadiss and the Threat to the West. — London: I.B. Tauris, 2016.
Шукурилло УМАРОВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙ ИННОВАЦИОН МУЗЕЙИ

Жаҳон илмий жамоатчилиги нафақат ислом, балки жаҳон цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган, диний ва дунёвий …