Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига муҳаддислар султони қаламига мансуб “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг 3 жилддан иборат араб ва индонез тилларидаги нусхаси олиб келинди.
Китоблар Марказга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Армида Алисжабана томонидан тақдим этилди. Алисжабана хоним ўтган йилнинг сентябрь ойида Марказга ташриф буюриб, унинг фаолияти, эришилган илмий ютуқлар билан танишган ва мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини юксак баҳолаган эди.
Нусха пухта ўрганиб чиқилди ва тегишли тартибда экспертизадан ўтказилди. Унда ислом дини ва таълимотларига оид турли мавзулардаги саҳиҳ (ишончли) ҳадислар баён этилган.
Мазкур асар Марказ музейидан муносиб ўрин эгаллаши, ходимлар ўз илмий фаолияти давомида фонддаги бошқа китоблар қаторида ундан ҳам унумли фойдаланиши шубҳасиздир.