Home / ЯНГИЛИКЛАР / МУНОСИБЛАР САРАЛАНИБ, РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

МУНОСИБЛАР САРАЛАНИБ, РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг талаба-ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ватанни севмоқ иймондандир!” мавзуидаги иншолар танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудини қамраб олган мазкур тадбирда марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси — Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Ҳолиқназаров, танловнинг республика босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритган 45 нафар талаба-ўқувчи иштирок этди.

Ҳудудий студиялардан эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари раислари, жойлардаги диний таълим муассасалари раҳбарлари, танловнинг республика босқичи иштирокчиларининг устозлари ҳамда ота-оналари қатнашди.

Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов олиб борди. “Ватанни севмоқ иймондандир!” ижодий ишлар танловининг республика босқичи шу йилнинг 14 — 17 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ташкил қилинди. Танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган 45 нафар талаба ва ўқувчи ҳамда уларнинг устозлари пойтахтимизда тантанали равишда кутиб олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Чинобод Плаза” санаторийсига жойлаштирилди. Ушбу масканда иштирокчилар учун барча шарт-шароит яратиб берилди.

Танловнинг республика босқичи доирасида талаба ва ўқувчиларнинг депутатлар ва зиёлилар, сиёсатшунослар, олимлар, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан учрашувлари, шунингдек, замонавий бунёдкорлик масканлари ҳамда пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлари уюштирилди. Шу билан бирга, танлов иштирокчилари пойтахтимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши жараёнлари ва Ҳазрати Имом мажмуаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти билан танишди.

Шу йилнинг 16 июнь куни танловнинг республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Ватанни севмоқ иймондандир!” мавзуида иншо ёздилар. Алоҳида қайд этиш жоиз, танлов иштирокчилари орасида ўз ижодий ишларини ўзбек, қорақалпоқ, инглиз, француз ва араб тилида ёзган ёшлар ҳам борлиги қувонарлидир.

Талабаларнинг иншолари эксперт мутахассислар ва ҳакамлар томонидан имловий саводхонлик, сўз бойлиги ва услубий маҳорат, мавзунинг тўлақонли очиб берилганлиги, мавзуга оид мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар, тарих, бугун ва истиқбол ҳақидаги тасаввурнинг кенглиги, амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан шахсий муносабатнинг ва улар бўйича хулосавий фикрларнинг мавжудлиги ҳамда ифода этиш маҳорати каби мезонлар асосида холисона баҳоланди.

Таъкидлаш ўринлики, ёшларнинг ижодий ишларини баҳолаш осон бўлмади. Чунки ҳар бир иншо мазмунли ва ўзига хос самимийлик билан ёзилган бўлиб, ўқувчиларнинг юксак иқтидор ва салоҳиятини кўрсатиб берди. Талаба ва ўқувчилар ёзган иншолар улар қалбида Ватаннинг равнақи йўлида фидокорона хизмат қилиш истаги жўш ураётганини, уларнинг чуқур билимга, теран тафаккурга эга эканликларини кўрсатиши билан бирга, мамлакатимизнинг эртанги куни ишончли қўлларда эканлигини ҳам намоён этди, десак, муболаға бўлмайди.

Ёшларга ўз салоҳиятини намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берган мазкур танловнинг республика босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш тадбирида республика босқичига етиб келган барча талаба ва ўқувчиларга Президент совғаси сифатида ноутбуклар топширилди.

Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг республика босқичи иштирокчилари орасидан 1, 2, ва 3-ўрин ғолиблари ҳамда қатор номинациялар бўйича совриндорлар аниқланиб рағбатлантирилди.

Хусусан, 3-ўринга лойиқ деб топилган уч нафар иштирокчи 3-даражали диплом ва 10 миллион сўмдан пул мукофотлари, 2-ўринни қўлга киритган 2 нафар талаба 2-даражали диплом ва 20 миллион сўмдан пул мукофотлари, мутлақ ғолибликни қўлга киритиб 1-ўринни забт этган иштирокчига 1-даражали диплом ва 30 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

1-ўрин эгаси ва ота-онасига Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан Умра сафарига йўлланма ҳам берилди.

Шунингдек, танловда қатор номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар улашилди. Танлов ғолибларининг устозлари ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 21 июнь, №128(8190)

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …