Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа турдош марказлар ҳамда илмий муассасалар ҳамкорлигида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуида II Халқаро илмий-амалий симпозиум бўлиб ўтди.
Онлайн тарзда ташкил этилган симпозиум ишида маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари, диний идоралар раҳбарлари, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, Миср, Малайзия, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Германия давлатлари диншунос олимлари иштирок этди.
Тадбирда иштирокчилар томонидан Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг ислом дини ривожидаги ўрни ва аҳамияти ҳамда исломшуносликнинг долзарб муаммоларига оид қатор масалалар муҳокама қилинди.
Симпозиум ишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси фаол иштирок этди. Жумладан, Марказ директори Шовосил Зиёдов симпозиумнинг “Мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотлар” номли шўъбасига модераторлик қилди. Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев “Алоуддин Усмандий Самарқандийнинг “Мухталаф ар-ривоя” асари” мавзусида, Марказ илмий ходими Абдувоси Шоназаров “Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” ва “Таъвилот ал-қуръон” асарларининг ислом илм-фани ривожида тутган ўрни” мавзусида маъруза қилди.
Шунингдек, Марказ илмий ходимлари симпозиумнинг хорижий иштирокчилари томонидан инглиз, араб ва турк тилларида қилинган маърузаларини тўғридан-тўғри ўзбек тилига таржима қилишди.
Анжуманда қатнашган халқаро эксперт, соҳа мутахассислари ва олимларнинг маърузалари тўплам шаклида нашр этилиши маъқулланди.