Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг бир гуруҳ илмий ходимлари Анқара Йилдирим Боязид университетида Камол Пошшозода ҳаёти ва илмий меросига бағишлаб ўтказиладиган халқаро илмий конференцияда маъруза билан иштирок этиш мақсадида Туркия сафарида бўлиб туришибди.
Сафар доирасида марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев раҳбарлигидаги делегация Туркиядаги қатор нуфузли илмий муассасалар билан ҳамкорликка оид музокаралар олиб бормоқда.
Делегациянинг илк музокаралари Марказ томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида Имом Бухорий асарларида тараннум қилинган юксак одоб-ахлоқ, илмга муҳаббат, Ватанга садоқат сингари умуминсоний қадриятларни кенг тарғиб этиш мақсадида “Имом Бухорий асалари мисолида Ислом санъати кўргазмаси”ни ташкил этиш ва ўтказишга оид бўлиб, бу борада Истанбулнинг Бағчилар тумани ҳокими ўринбосари Мустафа Арач билан учрашув ўтказилди.
Дастлабки келишувларга кўра кўргазмани ўтказиш билан боғлиқ ташкилий жиҳатларга оид масалалар юзасидан томонлар амалга ошириши лозим бўлган вазифалар белгиланди.
Мустафа Арач ўтаётган ой охирига қадар Самарқандга бориб, Марказга ташриф буюриш истагини билдирди ҳамда бу борадаги келишувларни бевосита расмийлаштириш имкониятларини қайд этди.
Музокаралар қизғин ва самарали руҳда ўтди.
Делегация учрашувлари давом этади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати