Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказида изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар томонидан тадқиқотлари мавзуси юзасидан ҳафтада икки марта семинар ташкил қилиш тартиби жорий этилган. Ушбуга кўра Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, айни пайтда Оксфордда тадқиқот олиб бораётган Барот Амонов “Саҳиҳул Бухорий”га ҳанафий мазҳаби асосида ёзилган шарҳлар таҳлили (“Умдатул Қорий” мисолида)” мавзусида семинар ўтказди.
Унда Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказининг профессор ва тадқиқотчиларидан иборат илмий жамоаси ҳамда эркин тингловчилар иштирок этди.
Маърузачи семинар аввалида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари, ташкил этилган илмий-тадқиқот марказлари ва уларда амалга ошираётган ишлар хусусида маълумот берди. Жумладан, маърузанинг кириш қисмида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан амалга оширилаётган тадқиқотлар ва нашр ишларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги сайъ-ҳаракатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Нотиқ унинг илмий иши ҳам Марказдаги илмий фаолиятнинг бир қисми эканини таъкидлаб, асосий мавзуга ўтди.
Тадқиқотчи семинар мавзусининг долзарблиги, муҳим жиҳатларини кўрсатиб, кўзланган мақсад ва кутилаётган натижа ҳақида сўз юритди ва ушбу тадқиқотларнинг ижтимоий аҳамиятини очиб берди.
Маърузада таъкидланганидек, Бадриддин Айнийнинг “Умдатул Қорий фи шарҳи Ал-Жомиъус Саҳиҳ лил Бухорий” асари Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган шарҳлар ичида энг муҳим, кенг қамровли шарҳлардан ҳисобланиб, Ҳанафий мазҳаби асосида ёзилганлари ичида энг машҳуридир.
26 йил ичида ёзиб тугатилган бу асар ҳадис илмига оид энциклопедик асар бўлиб, унда ҳадис матнининг маънолари, фиқҳий масалалари ва илмий жиҳатлари содда ва аниқ услубда ёритилишидан ташқари, унинг грамматик-синтаксис, морфология қоидалари ва балоғат илмига тегишли жиҳатларига эътибор қаратилган.
Ҳозирги вақтда мазкур ҳадислар тўпламида фиқҳий масалаларнинг ҳанафий мазҳаби асосида ёритилгани ўрганилмоқда.
Келгусида “Умдатул Қорий”да ёритилган фиқҳий ва одоб-ахлоққа оид масалалар китоб-қўлланма ва рисола шаклида кенг жамоатчиликка тақдим этилиши кўзда тутилган.
Семинар сўнгида мавзу юзасидан савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати