Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ЖЕНЕВАЛИК МЕҲМОНЛАР МАРКАЗДА

ЖЕНЕВАЛИК МЕҲМОНЛАР МАРКАЗДА

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ҳамроҳлигида Женева дипломатик корпуси раҳбари Роберт Блум ва швейцариялик таниқли фотограф Пьер-Мишель Виро ташриф буюрди.

Меҳмонларни директор Шовосил Зиёдов кутиб олиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Марказнинг мақсад ва вазифалари, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, хусусан, дунёдаги кўплаб илмий муассасалар билан йўлга қўйилган алоқалар ҳақида маълумот берди ва Марказ музейи билан таништирди. Қадимий буюмлар ва нодир қўлёзма нусхалари билан бирга Имом Бухорий ҳаёти ва ислом ривожига қўшган муносиб ҳиссаси тўғрисида қимматли маълумотлар, шунингдек Мовароуннаҳр ҳудудида етишиб чиққан ва аниқ фанлар тараққиёти ҳамда жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган алломалар илмий меросини тадқиқ этиш юзасидан Марказда олиб борилаётган илмий фаолият швейцариялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Мартабали меҳмонлар Марказда “Диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги омилидир” мавзусида диний-маърифий соҳа ва миллий-маданий марказлар вакиллари иштирокида ўтказилаётган давра суҳбати ишига таклиф этилди. Роберт Блум таклифни мамнуният билан қабул қилиб, тадбирда иштирок этди ва нутқ сўзлади. У ўз нутқида Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, турли дин вакилларининг шу заминда тинч-тотув ҳаёт кечиришаётганидан мамнунлигини билдирди. Блум шунингдек, айни кунларда Янги Ўзбекистон ҳақида китоб ёзаётгани ва унинг алоҳида бобини Ўзбекистонда диний эркинлик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликка оид олиб борилаётган ислоҳотларга бағишлашга қарор қилганини маълум қилди.

Ташриф якунида меҳмонларга Марказ олимлари томонидан инглиз тилида нашр этилган “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” номли китоб ҳадя қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …