Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ФАОЛИЯТИ ТУРКИЯДА КЕНГ ЁРИТИЛАДИ

МАРКАЗ ФАОЛИЯТИ ТУРКИЯДА КЕНГ ЁРИТИЛАДИ

Туркиянинг нуфузли “Albayrak – Yenı şafak” медиа-холдинги таркибидаги TVNET телеканали ижодкорлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Рамазон ойи муносабати билан юртимизда тайёрланаётган ифторлик дастурларининг бир кунлик сонини тасвирга олди. Юртимизда ўтган ой охиридан буён иш олиб бораётган ижодий гуруҳ лойиҳаси Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг маданий ва маънавий мероси ҳамда туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадларини кўзлайди.

Айни кунгача телеижодкорлар томонидан TVNET телеканалининг кечки дастурларида Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива ва Термиз каби тарихий шаҳарларидан туриб, икки давлатнинг пешқадам уламолари, ёзувчи, санъаткор, арбоб ва экспертлари иштирокида жонли эфир орқали ҳам мулоқотлар ташкил этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган 2 соатлик дастурнинг тасвир ишлари давомида марказ директори Шовосил Зиёдов интервью берди. Шунингдек, дастур сонида “Yenı şafak” нашрининг публицисти, “Тамаддун тасаввури” онлайн мактаби асосчиси, жамоат арбоби ва блогер Др. Юсуф Каплан ҳамда академик ва илмий тадқиқотлари билан танилган, Ислом дини ҳақидаги халқаро веб-портал лойиҳаси раҳбари, Merıdyen ассоциацияси Президенти Др. Малика Коч ҳам иштирок этди.

Дастур телеканал эфирларидан ташқари Туркиянинг учта энг йирик нашларидан бири – “Yenı şafak” нашри ҳамда медиахолдингнинг барча электрон платформалари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ёритилиши кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида: 1995 йилда “Albayrak” номи билан ташкил топган медиа ширкат 1998 йилда “Yenı şafak” нашри билан бирлашиб, тарих, маданият ва маънавиятга оид дастурлар тайёрлай бошлаган. 2007 йилда ўз таркибида 24 соат давомида эфирга чиқадиган TVNET телеканалини ташкил этган медиахолдинг бугунги кунда “Теран тарих”, “Ҳақиқий ҳаёт” ва “Доно бола” каби кенг оммалашган журналларнинг ҳам таъсисчиси ҳисобланади. Айни пайтда холдинг барча медиаресурсларида жами 20 миллиондан ортиқ кузатувчи ва обуначига эга.

Тасвир ишлари доирасида Марказ раҳбарияти, медиахолдинг, Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазирлиги вакиллари ҳамда Merıdyen ассоциацияси мутасаддилари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид мулоқот ўтказилди. Унда муассасаларда айни вақтда амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида маълумотлар берилиб, улардаги умумий жиҳатлар асосида ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, ҳадисларни “Ҳадис ва сийрат” туркумида рус, инглиз, немис, турк ва араб тилларида кенг тарғиб қилиш ва улар асосида анимацион контентлар яратиш, жорий йилнинг ноябр ойида ўтказиладиган “Имом Бухорий асарлари мисолида Ислом санъати кўргазмаси”ни ўзаро ҳамкорликда ташкил этишга келишиб олинди.

Марказда тасвир ишлари олиб борилган дастур ўтаётган ҳафта охиригача эфирга узатилиши режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …