Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “ХОЛҚУ АФЪОЛИ-Л-ИЪБОД” АСАРИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “ХОЛҚУ АФЪОЛИ-Л-ИЪБОД” АСАРИ

Имом Бухорий ҳазратлари Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини саҳиҳларини ажратиб, ягона бир тўпламга келтиргани – “Саҳиҳу Бухорий” ҳадис тўплами билан барчага таниқли зотдир. Шунингдек, у зотнинг ҳадисга оид бир неча тўпламлари мавжуд бўлиб, улар ислом оламининг турли масалаларида далилий ашё сифатида кенг истифода этилади. Имом Бухорий яшаган давр ҳадис илми учун олтин давр саналади. Бу даврда нафақат ҳадис илми, балки калом илми, ислом ҳуқуқшунослиги, Ислом дини ва давлатчилиги тарихи мисли кўрилмаган даражада ривожланди.

Имом Бухорий нафақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ёлғондан ҳимоя қилган, балки умматни ҳам турли хил ботил ақидалар ва фитналардан маҳкам туриб ҳимоя қилувчи, бу умматнинг энг забардаст уламоларидан бири сифатида илм майдонига чиқди.

Имом Бухорий яшаган IX асрда тавҳид – калом илми ҳам сиёсий курашлар, турли зиддиятлар ва ихтилофлар таъсирида шаклланиб, бунинг натижасида турли фирқалар вужудга келди. Уларнинг ҳар бири аксар ҳолда ўз сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун ўз даъволарини илгари сурар, даъволарининг ҳимояси йўлида оят ва ҳадисларни нотўғри таъвил қилиб, ақида илмидан ўз мақсадлари йўлида усталик билан фойдаланар эдилар. Бунинг натижасида эса омма орасида турли ақидавий ихтилофлар, ҳато урушлар юзага келар эди. Бу фирқаларга мисол тариқасида хорижийлар, муржиъийлар, қадарийлар, рофизийлар, муътазилийлар, жаҳмийлар, жаъфарийлар, жабарийларни келтириш мумкин. Ана шундай зиддиятли замонда Имом Бухорий ҳазратлари аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига зид фирқаларга фидокарона қарши туриб, уларнинг ақидаларидан Ислом динини мардона ҳимоя қилди. Бу фирқаларга ва уларнинг ботил ақидаларига қарши ўзининг “Холқу афъоли-л-иъбод” асарини битди.

Асарнинг тўлиқ номи “Холқу афъоли-л-иъбод ва-р-радду аъла-л-жаҳмияти ва асҳааби-т-таътийл”– Бандаларнинг амалларини яратилганлиги ҳамда жаҳмия[1] ва амалларни бажармасдан ортга сурувчиларга раддия” бўлиб, асосий мавзу ботил ақидалар ва нотўғри эътиқодлар ҳамда уларга раддиялардан иборат. Имом Бухорийнинг мазкур асари ўн икки бобдан иборат бўлиб, унда 432 дона, матни такрорийлари билан 628 дона ҳадис мавжуддир. Уларнинг аксарида ўз замонасидаги адашган фирқаларнинг ботил эътиқодлари ҳақида бу фирқалар вужудга келмасидан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан эҳтиёт бўлига чорлаб айтган ҳадислари орқали хабарлар берилган. Имом Бухорий уларнинг ботил ғоялари, ислом ва иймон ҳамда Қуръон карим тўғрисидаги нотўғри ақидалари ва ундаги оятларни маъноларини бузиб талқин қилишларига раддия сифатида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларидан далиллар мажмуасини келтирдилар.

Асарда аввал ботил эътиқоддагиларнинг сўзлари ва даъволари, уларнинг бу ботил фикрларини қўллаб-қувватлаш мақсадида оятнинг асл маъносидан бошқа маънолар билан нотўғри таъвил қилиб келтирган далиллари ривоят қилиниб, шундан сўнг уларнинг фикрларини нотўғри эканлигини Қуръон оятлари ва уларнинг тафсирлари ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари билан асосли равишда исботлаб беради.

Имом Бухорий Ислом ва иймон ҳамда Қуръон карим ҳақида ва ундаги оятларни нотўғри талқин қиладиганлар адашган эътиқоддаги кишилар эканлигини, ҳатто бундай кимсаларнинг ислом динидан камон ўқи камондан отилганидек тез чиқиб кетишларига ҳадис шариф билан далил келтиради:

Ҳикам ибн Муҳаммад ат-Табарийдан Маккада ушбу ҳадисни ёзиб олдим. У деди: Бизга Суфён ибн Уяйна ривоят қилди: Етмиш йилдан буён устозларимиз, жумладан, Амр ибн Динор: “Қуръон Аллоҳнинг каломи, у махлуқ (яратилган) эмас”,- деб айтадилар.[2]

Аҳмад ибн Ҳасандан ривоят қилинади. Бизга Абу Наим Сулаймон ал-Қорийдан ривоят қилди: Сулаймон деди: Суфён ас-Саврийни шундай деб айтаётганини эшитдим: Ҳаммод ибн Абу Сулаймон менга: “Мушрик Абу Фулонга етказгинки, мен унинг динидан (эътиқодидан) йироқман, чунки у “Қуръон махлуқ”, деб айтар экан”,- деди.[3]

Яҳё ибн Юсуф аз-Зиммийдан ривоят қилинади: Биз Абдуллоҳ ибн Идриснинг ҳузурида ўтирган эдик. Бир киши келиб Абдуллоҳга: Эй Абу Муҳаммад! “Қуръон махлуқ”, деб айтаётган қавм хусусида нима дейсиз?-деди. Абдуллоҳ: Улар яҳудийларданми? –деди. У: Йўқ, -деди. Абдуллоҳ: Улар насронийларданми? –деди. У: Йўқ, -деди. -Ундай бўлса, қайси диндан? –деб сўради. У киши: Улар Тавҳид аҳлидан (мусулмонлардан), деди. Абдуллоҳ ибн Идрис: Улар тавҳид аҳлидан эмас, зиндиқлардир[4]. Кимки Қуръонни махлуқ деб эътиқод қилса, ҳақиқатда, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”даги Аллоҳ таолони махлуқ деб эътиқод қилибди. Аллоҳга қасамки, “Аллоҳ” махлуқ эмас, “ар-Роҳман” махлуқ эмас, “ар-Роҳим” махлуқ эмас. Кимки бу зиндиқларни гапини айтса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Улар билан бирга ўтирманглар, улар билан оила қурманглар.[5]

Юқорида келтирилган далиллардан маълум бўладики, жаҳмийларнинг Қуръони карим ҳақида уни махлуқ деб эътиқод қилишлари мутлақо ботил ақида экан.

Шунингдек, жаҳмийлар; ҳозирги вақтда Арш устига Аллоҳ кўтарилмаган, Арш холийдур, деган сўзларни айтишади; “Язид ибн Ҳорун жаҳмийлардан эҳтиёт бўлишга чорлаб: Кимки, “(У зот) Ўз аршини эгаллаган Раҳмондир”[6], оятини омманинг қалбида қарор топган нарсага (одатга) хилоф равишда “Албатта, Роҳман бўлган зот ўз Аршини эгаллайди”, деб таъвил қилса, у жаҳмийдир.”[7]

Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Жаҳмийлардан бошқа ҳар бир қавм ўзлари ибодат қилаётган Роббисини танийдилар”[8] деб ривоят қилинади ва Жарир розияллоҳу анҳунинг ҳадислари келтирилади.

“Жарирдан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в.): “Албатта, сизлар Роббингизни кўрасизлар”,-деди. Язид айтади: Бу ҳадисни ким ёлғон деса, у Аллоҳ таоло ва унинг элчиси Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан йироқдир.”[9]

Ваҳб ибн Жарирдан ривоят қилинган ривоятда жаҳмийларнинг бундай ботил ақидаларидан эҳтиёт бўлишга чақирилади: “Жаҳмийлар зиндиқ-динсизлардир. Улар: Аллоҳ таолони Арш устига кўтарилмаган, деб даъво қиладилар”.

Шунингдек, мазкур асарда азон ва азон айтишнинг фазилатлари, ислом дини арконлари, Қуръони карим ва қорийларнинг фазилати[10] ҳамда инсон фарзанд кўрганда унинг зиммасига тушадиган бурч ва масъулиятлар баён қилинган.

“Амр ибн Шуъайб отасидан. Отаси Амрнинг бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сизлардан бирортангиз хотин ёки чўри ёки ҳайвон ёки фарзанд билан неъматлансангиз “Аллоҳим! Сендан уни яхшилигини ва фитратини ҳам яхши бўлишини сўрайман. Унинг ёмонликларидан ва фитратини ёмон қилишингдан паноҳ сўрайман,” деб айтсин,” –дедилар.”[11]

Имом Бухорий ҳазратлари мазкур ҳадис тўпламини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ажойиб дуодан иборат ҳадислари билан якунлаган: Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси таҳажжуд[12] ўқимоқ учун турсалар шундай деб дуо қилар эдилар: “Аллоҳим! Сенга ҳамдлар бўлсин! Сен еру осмонлар ва ундаги бор мавжудотларнинг нурисан. Сенга ҳамд-мақтовлар бўлсин! Сен еру осмонлар ва ундаги бор мавжудотларни қоим қилувчи зотсан. Сенга ҳамдлар бўлсин-ки, Сен ҳаққ зотсан ва Сенинг ваъданг ҳам ҳақдир, сўзинг ҳам ҳақдур ва Сенга йўлиқиш ҳам ҳақдур. Жаннат ҳам ҳақдур, дўзах ҳам ҳақдур ва қиёмат ҳам ҳақдур. Пайғамбарлар ҳақдур ва Муҳаммад ҳам ҳақдур. Аллоҳим! Сенга таслим бўлдим ва Сенга таваккул қилдим. Сенгагина иймон келтирдим ва Сендангина паноҳ изладим. Сен сабабли хусуматлашдим[13] ва Сенинг розилигингни истаб ҳукм чиқардим. Менинг аввалги-ю охирги, яширин ва ошкора бўлган гуноҳларимни мағфират қилгин! Албатта Сен (жазо ва мукофаатни) олдинга тақдим қилувчи ва ортга сурувчи зотсан. Сендан бошқа илоҳ йўқдир!”[14]

Қобилов Нодир
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

[1] Жаҳмиялар – Аҳли илм: жаҳмийлар мушаббиҳалардир, –дейдилар.   Чунки  мушаббиҳалар: Аллоҳ таолони ҳеч нарсани ярата олмайдиган, гапирмайдиган, эшитмайдиган ва кўрмайдиган соқов, кўр ва кар   санамларга ўхшатадилар.  Жаҳмийлар ҳам Аллоҳ таоло кўрмайди ва гапирмайди, дейдилар. Шунингдек,  улар Аллоҳ таолонинг исмлари махлуқ (яратилган, азалий қадийм эмас) деб айтадилар.

[2] “Холқу афъоли-л-ибод”. 1-ҳадис.

[3] “Холқу афъоли-л-ибод”. 2-ҳадис.

[4] Зоҳиран ўзини мусулмон, деб ўйлайди, ботинан (эътиқодда) эса кофир киши.

[5] “Холқу афъоли-л-ибод”. 5-ҳадис.

[6] Қуръони карим таржимаси ва маънолари, “Тоҳа” сураси, 5-оят мазмуни.

[7] “Холқу афъоли-л-ибод”. 51-ҳадис.

[8] “Холқу афъоли-л-ибод”. 50-ҳадис.

[9] “Холқу афъоли-л-ибод”. 49-ҳадис.

[10] “Холқу афъоли-л-ибод”. 377-ҳадис.

[11] “Холқу афъоли-л-ибод”. 198-ҳадис.

[12] Таҳажжуд – кечаси номоз ва Қуръон тиловати учун уйқудан уйҳониш.

[13] Яъни. Расулуллоҳ ўз манфаъати учун ҳеч ким билан ёвлашмаган, фақат дин-диёнат манфаати учун ёвлашган, хусуматлашган.

[14] 628-ҳадис.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …