Home / МАҚОЛАЛАР / “АТВОҚУЗ ЗАҲАБ”НИНГ ИККИ НОДИР ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

“АТВОҚУЗ ЗАҲАБ”НИНГ ИККИ НОДИР ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

Кўҳна Хоразм заминидан дунё тараққиёти, илм-фаннинг ривожи ва такомиллашувига улкан ҳиссасини қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Ана шундай алломалардан бири Маҳмуд Замахшарийдир. Тўлиқ исми – Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад Замахшарий. Ҳижрий 467 йили ражаб ойининг йигирма еттинчисида – чоршанба куни Хоразм воҳасининг Замахшар (Измихшир) қишлоғида таваллуд топган. Бу милодий 1075 йилнинг 19 мартига тўғри келади. Лекин баъзи тарихчилар унинг таваллудини 1074 йил деб ёзади [4:5]. Аслида эса, 467 ҳижрий йилнинг биринчи тўрт ойи 1074 йилга киради. Еттинчи ой бўлмиш ражабнинг биринчи куни 1075 йил 19 февраль – пайшанбага тўғри келади. Маҳмуд Замахшарий ҳижрий 538 йили 71 ёшида Журжония (Урганч)да вафот этган [1:6].

Маҳмуд Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича кенг қамровли тадқиқотлар мустақилликдан сўнг амалга оширила бошланди. Бу борада катта ишларни амалга оширган Алибек Рустамов, Убайдулла Уватов, Аҳаджон Ҳасанов, Зоҳиджон Исломов каби ўнга олимимизни санаб ўтиш мумкин.

Маҳмуд Замахшарий тафсир, ҳадис, фиқҳ, луғатшунослик, тилшунослик, адабиёт, аруз, шеърият, одоб-ахлоқ, мантиқ ва жуғрофия каби фанларга оид етмишдан ортиқ асар ёзган. Аксарияти бизгача етиб келган.

Алломанинг машҳур асарларидан бириАтвоқуз заҳаб фил мавоиз вал хутоб” (“Ўгит ва насиҳатларнинг олтин шодалари”), яъни насиҳатомуз мақолалар тўплами бўлиб, у қисқача қилиб “Атвоқуз заҳаб” (“Олтин шодалар”) дейилади. Замахшарий тахминан 1130 йилда Макка шаҳрига сафар қилиб, Байтуллоҳ – Каъбани тавоф қилади ва ҳар бир тавофдан сўнг, бир мақола ёзади. Шу тариқа юз марта тавоф қилиб, юз мақоладан иборат “Атвоқуз заҳаб” асарини тасниф қилади. Бу асар сажъ (вазнга тушмайдиган қофияли сўз) жанрида (усулида) ёзилган бўлиб, ўзидаги маъноли ҳикматлари ва фасоҳатли мавзулари билан алоҳида ажралиб туради.

“Атвоқуз заҳабдаги изоҳталаб жойларга шарҳлар битган Муҳаммад Саид Рафоий Кутубий бундай таъриф беради: “Имом Замахшарий ёзган “Атвоқуз заҳаб фил мавоиз вал хутоб” мавъизаларининг пурмаънолиги ва ўқувчини ўзига тортиши билан бошқа китоблардан алоҳида ажралиб туради”.

Бу асар бир неча тилларга таржима қилинган. Биринчи марта 1835 йили немис олими Фон Хомер немис тилига ўгириб, араб тилидаги матни билан нашр этган. Эллик йилдан кейин французчага ҳам таржима қилиниб, 1886 йили Парижда чоп этилган. 1873 йили эса турк тилига таржима қилиниб, Истанбулда нашр этилган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида она тилимизга ҳам ўгирилиб, нашр қилинди [5:25].

Маҳмуд Замахшарий ҳаётий ва илмий тажрибасидан келиб чиқиб, одилу золим подшоҳлар, инсофлию ноинсоф амалдорлар, тақводору фирибгар савдогарлар, толиби илму олими беамаллар, камбағалу бойлар ҳақида фикр юритади. Шунингдек, одамларга дунёнинг ўткинчи эканини эслатиб, арзимас ҳавасларга берилмасликка, молу дунё кетидан қувиб ўзини унутиб қўймасликка, кибр, риё, очкўзлик, хиёнат, беҳуда гапириш каби иллатлардан тийилишга чақиради. Инсонларни улуғликка етаклайдиган илму маърифат, тақво, саховат, ота-она, қариндош ва қўшниларга яхшилик қилишга ундайдиган фазилатлар ҳақида ҳикоя қилади.

“Атвоқуз заҳаб”нинг нодир қўлёзма нусхалари дунёнинг бир қанча қўлёзма фондларида сақланади. Жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида №4877, Туркиянинг “Мактабатун нур Усмония” кутубхонасида инв №3678 ва №4260, Саудиянинг “Жомеатул Малик Сауд” кутубхонасида №547, Кувайтнинг “Жомеатул Кувайт” кутубхонасида №646 ва №5775 рақамлар остида сақланмоқда.

“Мактабатун нур Усмония”даги қўлёзманинг муқоваси картондан бўлиб, усти абри баҳор қоғози билан қопланган. Мажмуадаги биринчи асар “Атвоқуз заҳаб”дир. У 1б саҳифадан бошланиб, 16а саҳифада тугаган. 1а саҳифада асар номи “مقالة الزمخشرى” – “Мақолатуз Замахшарий” деб келтирилган. Мистараси – саҳифадаги матн қаторлари 19 сатрдан иборат бўлиб, насх хатида ёзилган. Хаттоти номаълум. Барча матнлар қизил чизиқли рамкага олинган. Ҳар бир варақда пойгирлар келтирилган. Асар басмала билан бошланиб, кейинги 1-2 сатрларда муаллиф ҳақида қуйидаги эътироф бор:

”قال الشيخ الامام الاجلّ الزّاهد العلّامة شيخ العرب و العجم فخر خوارزم محمود ابن عمر الزّمخشرى رحمة الله عليه… .[2:1б] “

“Шайх, улуғ имом, зоҳид, аллома, араб ва ажамлар шайхи, Хоразм фахри Маҳмуд ибн Умар Замахшарий раҳматуллоҳ алайҳ айтади…”

“Жомеатул Малик Сауд”даги қўлёзма 1а саҳифадан бошланиб, 20а саҳифада якунланган, умумий ҳажми – 40 саҳифа. 1а саҳифасида асар номи

[3:1а] “هذا الكتاب المسمى اطواق الذهب تاليف العلامة الزمخشرى”

“Бу китоб “Атвоқуз заҳаб” деб номланган бўлиб, аллома Замахшарий томонидан ёзилган”, деб келтирилган. Муқоваси оч яшил рангли картондан. Варақлар ўлчами 24х17 см. бўлиб, мистараси – 17 сатр. Барча варақларда пойгирлар келтирилган. 2а, 5а, 9б, 11б, 19б саҳифаларда

“مخطُوطَات جامَعة الريَاض”

“Махтутот мактабатур Риёз” ёзувли замонавий, доира шаклидаги, сиёҳ рангли муҳр босилган.

Асар 1б саҳифадан басмала билан бошланган, ундан кейинги сатрда Маҳмуд Замхшарий қуйидагича эътироф этилган:

قال الشيخ الامام البارع رئيس الافاضل استاذ الدنيا شيخ العرب و العجم فخر خوارزم ابو القاسم محمود ابن عمر الزمخشرى رضى الله عنه[3:1б]…

“Шайх, кенг фикрли (устоз) имом, фозиллар раиси, дунё устози, араб ва ажамлар шайхи, Хоразм фахри Абулқосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий розияллоҳу анҳу айтади…”

Асарнинг 19б саҳифасида, калофонда бу нусхани ҳижрий 1278 йили Робиул аввал ойининг 26 санаси (1861 йил 30 сентябрь)да хаттот Аҳмад бин Мансур Қаноий насх хатида кўчиргани қайд этилган.

Икки қўлёзмада юзтадан мақола келтирилган. Нусхаларда хаттотлар баъзи калималарни турли шаклда ёзгани ва айрим ҳарфлар тушиб қолганини кўриш мумкин. Мисол учун, икки нусхада ҳам 11-мақолада хаттотлар турли калималардан фойдаланган. “Мактабатун нур Усмония”даги нусхада “الشميم” шаклида келган калима, “Жомеатул Малик Сауд”дагисида “الشهم” шаклида ёзилган.

Бундай ҳолатларни бир қанча жойларда учратиш мумкин. Жумладан, қуйида келтирилган 7-мақолада ҳам. “Жомеатул Малик Сауд”даги нусхада келган وأنأى калимаси, “Мактабатун нур Усмония”дагида واْنآسى кўринишда келган. وإن ذا калимаси ان ذا кўринишда бўлиб, و ҳарфи тушиб қолган,تتقلقل калимаси يَتَقَلْقل кўринишда келганини кўриш мумкин [2:3а]. Албатта, бундай вазиятда асарнинг бир нечта нусхаси олиниб, уларни таҳқиқ қилиш орқали аниқлик киритиш мумкин бўлади. Тадқиқотчиларга учун шуни маълум қиламизки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази электрон базасида бу икки қўлёзманинг электрон нусхалари бор.

Юқорида таъкидланганидек, асардаги юзта мақола турли мавзуларни қамраб олган бўлиб, еттинчисида тавозели бўлиш кишини шарафли, камтарлик машҳур қилишига алоҳида урғу берилган.

التّوضيع كلَّ التّوضيع أن تُشَرّف، والتّنكير كلّ التّنكير أن تُعرف. فآثِر الخُمولَ على النباهة، واستحب الستر على الوجاهة تعِش أنجى من أظفار المِحَن، وأنأى عن إضمار الإِحَن. وإن ذا الشرف محسود أو حاسد، ومحقود عليه أو حاقدٌ. وتلك بليّة تتقلقل تحتها الأحشاء، ويفعل الله فيها ما يشاء. [3:3а]

“Хуштавозе бўлиш сени шарафли қилади, камтарлик эса сени машҳур қилади. Танбеҳ берганда, жиддийликни лозим тутгин, машҳурликдан парда ортини маҳбуб билгин. Шунда балолар тирноғидан омонда бўлиб, гина-кудурат замиридан ўзингни сақлаган бўласан. Шараф эгаси, ҳасад қилинувчи ёки унинг ўзи ҳасад қилувчи бўлади. Ёки у гина қилинувчи, ёки гина қилувчи бўлади. Мана шу балолар остида инсон вужуди титраб туради. Аллоҳ таоло шу балоларни сабаб этиб, у вужудда хоҳлаганини қилади”.

Дарҳақиқат, Имом Замахшарий қаламига мансуб бу асарнинг илмий-тарбиявий аҳамияти жуда катта. У ўзига хос услуби билан одоб-ахлоққа оид бошқа асарлардан алоҳида ажралиб туради. Шунингдек, ўқувчини ёмон хулқдан узоқлаштириб, яхшиликка етаклайди ва камтар бўлишга чақириб, кибр ва манманликка берилмасликка ундайди. Алломанинг мероси инсонга маънавий озуқа бериб, келажакда ҳар томонлама баркамол бўлиши ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг ота-онаси ва халқимизга муносиб фарзанд бўлишига хизмат қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Маҳмуд Замахшарий “Атвоқуз заҳаб фил мавоиз вал хутоб”. – Қоҳира. 2006.
  2. Маҳмуд Замахшарий. “Атвоқуз заҳаб”. Қўлёзма –Туркия. “Мактабатун нур Усмония” кутубхонаси. №4260.
  3. Маҳмуд Замахшарий. “Атвоқуз заҳаб”. Қўлёзма. – Саудия Арабистони. “Жомеатул Малик Сауд” кутубхонаси. №547.
  4. Рустамов А. “Маҳмуд Замахшарий”. – Т.: Фан, 1971.
  5. Уватов У. “Хоразмлик буюк аллома”. – Т.: Янги аср авлоди, 2006.

Йўлдошхон ИСАЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …