Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон ва Малайзия ҳамкорлигида Ислом цивилизацияси мутафаккирлари илмий меросига бағишлаб “Илм, ҳикмат ва тараққиёт: Ислом цивилизациясининг инсоният тарихи ва келажагидаги ўрни” мавзусида ташкил этилган 6-халқаро семинар 18 июнь куни ҳам давом этди. Кун давомида ислом цивилизацияси меросининг замонавий тараққиёт жараёнларидаги аҳамияти, инсон камолоти ва жамият фаровонлигига хизмат қилувчи маънавий-ахлоқий қадриятлар, шунингдек, иқтисодий, ижтимоий ва маърифий соҳалардаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, маърузачилар рақамлаштирилган замонавий дунёда ислом интеллектуал анъаналарининг ўрни, инсон тараққиётига хизмат қилувчи цивилизацион қадриятлар, барқарор энергетика, жамоатчилик ривожига исломий ёндашувлар, ислом молиясидаги ҳуқуқий муносабатлар хусусида фикр алмашди.

Шунингдек, таълим тизимидаги ислоҳотлар, аёллар маънавий-маърифий фаоллигининг тарихий илдизлари, мусулмон жамиятларида ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлаш омиллари, диний бағрикенглик ва рақамли маконда мўътадиллик маданиятини қарор топтириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.

Ўзбекистон олимлари ислом цивилизацияси тарихи ва маданиятига оид муҳим тадқиқотлар натижаларини тақдим этди. Жумладан, мусулмон Шарқидаги илмий-маданий алоқалар, Бухоро ва бошқа илмий марказларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси, шунингдек, миллий илмий мерос намояндаларининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган маърузалар катта қизиқиш уйғотди.
Онлайн тарзда қилинган маърузалар ва ўтказилган мунозаралар давомида бугунги глобал ўзгаришлар шароитида маънавий қадриятларни асраш, фан-техника ва технологиялар тараққиёти билан ахлоқ уйғунлигини таъминлаш, ислом цивилизацияси меросини янги илмий ёндашувлар асосида ўрганиш ва унинг инсоният ривожига қўшган ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказиш долзарб вазифалардан бири экани таъкидланди.


Анжуман якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Икки кун давом этган халқаро семинар Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ислом цивилизацияси мутафаккирларининг бой меросини чуқур ўрганиш ва бу борадаги қўшма халқаро тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди. Энг муҳими, иштирокчилар илм, ҳикмат ва маънавий мерос инсониятнинг барқарор тараққиёти учун муҳим асос бўлиб қолиши хусусида якдил фикр билдириб, тарихий тажриба ва замонавий билимларни уйғунлаштириш келажак тараққиётининг муҳим шартидир, деган хулосага келди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





