Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳикматли ўтмиш ва ёрқин истиқболни боғлаган илмий мулоқот

Ҳикматли ўтмиш ва ёрқин истиқболни боғлаган илмий мулоқот

17 июнь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон ва Малайзиянинг етакчи илмий-таълим муассасалари ҳамкорлигида ислом цивилизацияси мутафаккирлари илмий меросига бағишланган 6-халқаро семинар иш бошлади. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган анжуманнинг бу гал “Илм, ҳикмат ва тараққиёт: Ислом цивилизациясининг инсоният тарихи ва келажагидаги ўрни” мавзусида ташкил этилиб, ислом цивилизацияси мероси, замонавий жамият тараққиётида диний-маърифий қадриятларнинг ўрни, илм-фан ва маънавият масалаларига бағишланди. Унда Ўзбекистон, Малайзия, Индонезия, Туркия, Буюк Британия, Нигерия ва Шимолий Македониядан олимлар, тадқиқотчилар ва олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шовосил Зиёдов, Ҳадис илми мактаби ректори Бароат Амонов, Малайзия Миллий университети вице-канцлери, профессор Суфён Жусоҳ ҳамда университетнинг академик ва халқаро ишлар бўйича проректори, профессор Фариза Шам ислом цивилизацияси тарихи инсоният тамаддунининг ажралмас қисми эканини, Мовароуннаҳр ва Малайя ўлкасида шаклланган илмий анъаналар эса бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, замонавий илм-фан ва технологиялар жадал ривожланаётган шароитда тарихий меросни чуқур ўрганиш, ундаги инсонпарварлик, маърифатпарварлик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилиш жамият барқарор тараққиётининг муҳим омилларидан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан мазкур конференция турли мамлакатлар олимлари ўртасидаги илмий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.

Тадбир доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Миллий университети ўртасидаги ҳамкорлик меморандумининг амал қилиш муддати узайтирилди. Томонлар бу амал икки мамлакат илмий муассасалари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши, қўшма тадқиқотлар ва академик алмашув дастурлари кўламини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Илмий йиғиннинг биринчи кунида ўнлаб маърузалар тингланиб, Мовароуннаҳр илмий мактабларининг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, мотуридийлик таълимоти, ҳадисшунослик, вақф институти, ислом иқтисодиёти, маънавий тарбия ва ижтимоий барқарорлик масалалари муҳокама қилинди.

Анжуман доирасида кўтарилаётган мавзулар бугунги кунда ислом цивилизацияси меросини фақат тарихий воқелик сифатида эмас, балки жамият тараққиёти, маънавий барқарорлик ва илмий тараққиёт учун муҳим интеллектуал ресурс сифатида ўрганиш зарурлигини кўрсатмоқда. Айниқса, сунъий интеллект ва рақамлаштириш тобора ривожланаётган, глобаллашув қамрови кенгайиб бораётган бугунги шароитда мумтоз ислом илмлари билан замонавий билимлар ўртасидаги уйғунлик ва рационал интеграцияни таъминлаш масаласи халқаро илмий ҳамжамият диққат марказида бўлиб турибди. Бу жиҳатдан Самарқанддаги мазкур конференция турли мамлакатлар олимлари ўртасидаги илмий мулоқот ва тажриба алмашуви учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.

Анжуман 18 июнь куни ўз ишини давом эттиради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Хатми кутуб” — илмий изчиллик ва устоз-шогирд анъанаси рамзи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Тошкент ислом институти талабалари иштирокида навбатдаги “Хатми кутуб” маросими бўлиб …