Туркиянинг Думлупинар университетида ислом мамлакатлари ёш олимларининг “Келинг, танишамиз…” деб номланган халқаро фан, маданият ва санъат конгресси ўтказилди. Онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилган анжуманда турли давлатлардан 60 нафардан зиёд ёш олим ва тадқиқотчи илмий маърузалари билан иштирок этди.
Конгресснинг “Ислом мамлакатларидаги илмий тадқиқотлар, имкониятлар ва тўсиқлар” номли шўъба йиғилишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Меҳрожиддин Амонов “Имом Али Суғдийнинг илмий-маънавий мероси” мавзуида маъруза қилиб, Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган Имом Али Суғдий (ваф. 461/1069) ҳақида батафсил маълумот берди.
Манбаларда Рукнулислом, Шайхулислом каби унвонлар билан шарафланган Имом Абу Ҳасан Али ибн Ҳусайн Суғдий Бухоро қозиси лавозимида ҳам фаолият кўрсатган. “Нутаф фил фатово” (“Фатволардан қатралар”), “Фавоид” (“Мақсадлар”), “Шарҳул жомиул кабир ли Шайбоний фи фуруил фиқҳил ҳанафий” (“Шайбонийнинг Ҳанафий фуруъ фиқҳи ҳақидаги “Жомиул кабир” асарига шарҳ”), “Шарҳ китобил хисоф фи адабил қозий ала мазҳаб Аби Ҳанифа” (“Абу Ҳанифа мазҳабида қози одоблари жамланган китоб шарҳи”) ва “Шарҳи сияри кабир” (“Катта сийрат” китобига шарҳ”) каби асарлар муаллифи бўлган аллома мақбараси ҳозирги Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Кумушкент махалласида жойлашган.
Иштирокчиларнинг маърузалари яқин истиқболда конгресс ташкилотчилари томонидан тўплам шаклида нашр этилиши кўзда тутилган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати