Бугун, 25 октябр куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига шу кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Малайзия Миллий университети қошидаги Ислом цивилизацияси институти директори, профессор Фариза Бинти Шам, Малайя университети ректори, профессор Моҳд Ҳамди Абд Шукор ҳамда Малайзия бола ҳуқуқлари бўйича вакили Нур Азиа Моҳд Авал ташриф буюрди.
Юксак мартабали меҳмонлар ташриф аввалида Марказ музейи ва унинг экспонатлари билан танишиб чиқдилар. Сўнгра Марказ кутубхонаси ва ундаги китоблар малайзиялик илм аҳли вакиллари эътиборини тортди.
Марказда яратилган шароитлар ҳамда олиб борилаётган тадқиқот ва таржима ишлари меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.
Ташриф доирасида Марказ раҳбариятининг меҳмонлар билан қисқа мулоқоти бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Марказнинг Малайзиядаги илмий муассасалар билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик алоқалари қамровини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Аввал хабар қилинганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Малайзия Миллий университети қошидаги Ислом цивилизацияси институти ўртасида жорий йилнинг 13 август куни ўзаро ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланган эди. Мулоқотда томонлар айни пайтгача мазкур меморандум доирасида фаолиятнинг қатор йўналишлари бўйича ўзаро ҳамфикр ҳамкорлик йўлга қўйилганини, бунинг самараси ўлароқ қўшма лойиҳалар амалга оширилиб, илмий семинарлар ва кўргазмалар ташкил этилаётганини мамнуният билан қайд қилдилар ва истиқболда илмий йўналишдаги фаолиятни янада такомиллаштиришда ҳамкорлик узвийлигини таъминлашга эҳтиёж мавжудлигини эътироф этдилар.
Самимий мулоқот ниҳоясида меҳмонларга Марказ таъсис этган эсдалик совғалари ҳамда нашр эттирган адабиётлар улашилди.
Меҳмонлар Марказ фахрий меҳмонлар китобига ўз дастхатларини ёзиб қолдиришди.