Ўзбекистон замини асрлар давомида илм-маърифат, заковат ва тафаккур маркази бўлиб келган. Аждодларимизнинг буюк даҳолари яратган ўлмас ҳамда бебаҳо асарлар ҳозиргача дунё цивилизацияси ривожида муносиб ўрин эгаллаб, уларнинг ноёб нусхалари жаҳон кутубхоналарининг энг қимматли хазинаси сифатида сақланмоқда.
Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш асносида ёшларни комил инсон қилиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган эзгу ғоялар дунёнинг нуфузли сиёсатчилари, давлат ва жамоат арбоблари томонидан ҳам кўтаринкилик билан кутиб олинмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Ҳусайн ўз интервьюсида бугунги нотинч ва таҳликали замонда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ҳамда миллатлараро тотувлик, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқ эканини қайд этган бўлса, АЙСЕСКО бош директори Салим Муҳаммад Абдулмалик: “Ўзбекистон амалга оширилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат туфайли Марказий Осиёда ва халқаро майдонда тараққий этган сиёсий ҳамда иқтисодий марказлардан бирига айланиб бормоқда. АЙСЕСКО ва шахсан мен Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ҳамда чуқур ўйланган бундай ички ва ташқи сиёсатини юксак қадрлаб, тўлиқ қўллаб-қувватлайман”, дея эътироф этди.
Албатта, бу ислоҳотлар бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ҳамда доимий эътибори самарасидир. Жаҳонда кечаётган мураккаб сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий бўхронлар жараёнида бу энг тўғри ҳамда самарали йўл экани дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари учун ибрат бўлмоқда.
Шу маънода, Президентимизнинг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг изчил давоми бўлди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Зеро, учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизнинг ислом цивилизациясини ривожлантириш борасидаги ролини янада ошириш ҳамда буюк алломаларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини миллий ва халқаро миқёсда оммалаштириш энг долзарб вазифалардан бўлиб турган бугунги шароитда халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини тўлиқ юзага чиқариш, уни янги ютуқларга илҳомлантириш, бундан-да улуғ марраларни эгаллашга интилишларини янада рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш зарур.
Ушбу қарор марказ фаолиятида янги, янада юксак босқични бошлаб беришига ҳамда унинг олдига қўйилган вазифалар кўлами кенгроқ, теранроқ ҳамда самаралироқ бўлишида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Ҳужжатда марказнинг янги мақоми асосий учта йўналиш орқали белгилаб берилган. Унга кўра, ушбу муассаса “Учинчи Ренессанс — янги Ўзбекистон” ғоясини кенг тарғиб қилувчи, мамлакатимиз тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи, уни кенг жамоатчиликка етказиб берувчи, моддий-маданий мерос намуналарини, ислом дини билан боғлиқ қадимий ва бой анъаналарни тарғиб қилувчи илмий-маърифий масканга айлантирилди.
Айнан шу мақсадлар келгусида амалга ошириладиган илмий, маърифий ва маданий ишларда марказ жамоаси учун устувор йўналиш вазифасини ҳам ўтайди.
Мухтасар айтганда, Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу марказ шундай маскан бўлиши керакки, у ерга ташриф буюрган ҳар қандай зиёратчи қайтиб чиқаётганда ўз табиати, руҳияти, дунёқараши ва феъл-атворида Ватанимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимиз ва улуғ аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросига муносабатида яққол ўзгаришни ҳис қилиши лозим. Чунки бу марказ фақат ислом цивилизациясининг шаклланиши ва ривожланиши, эришган ютуқлари эмас, балки умуман бутун башариятнинг минг йилликлар давомида қўлга киритган нодир моддий ва маънавий мулки, тадрижий ёки суръатли тараққиёт босқичлари ҳақида кенг, аниқ ва бой тасаввур ҳосил қилади.
Қарорда белгиланган янги вазифалар ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида “Йўл харитаси”нинг тасдиқлангани марказнинг ҳақиқий ҳаракатлар стратегияси бўлди. Унда марказ ҳузурида республикамизда зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга уйғун ҳолда гид-таржимонлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини тизимли ошириб бориш, шунингдек, халқимизнинг ислом манбаларини ўрганишга бўлган интилишларини ҳисобга олган ҳолда бу борада махсус курслар ташкил этиш белгиланди. Бундан мақсад эса юртимиздаги тарихий ва меъморий обида ҳамда зиёратгоҳлар тарихини яхши биладиган малакали гид-таржимонлар тайёрлашдир. Ислом динининг асосий манбаларининг бир нечта хорижий тилларни биладиган етук мутахассис кадрлар томонидан халқимизга етказилиши ҳам марказ қошидаги курслар зиммасига юклатилди.
Бундай муҳим вазифаларни сифатли ва самарали бажаришда молиявий кўмак сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Мазкур жамғарма фаолияти илмий адабиётларни яратиш, чоп этиш, ноёб асарлар ва ҳужжатларни харид қилиш орқали марказ китоб фондини кенгайтиришга йўналтирилади. Шунингдек, илмий тадқиқотлар ишларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий, илмий, маънавий ва маърифий тадбирларни ташкил этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурлари ижросини таъминлаш, шунингдек, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни, жумладан, хорижий мамлакатларда ўтказиш, марказ фаолиятида замонавий ахборот технологияларини жорий қилишда жамғарма маблағларидан фойдаланилади.
Ўзбекистонда қадимдан шаклланган амалий санъат турлари — қоғоз ишлаб чиқариш, муқовасозлик ва хаттотлик каби санъатларни тиклаш борасида ҳам “Йўл харитаси”да аниқ вазифалар белгилаб берилган. Унга биноан марказ ҳузурида Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахона-лаборатория ташкил қилиш ва шу орқали юртимизга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонларга халқимизнинг бебаҳо санъат намуналарини намойиш этиш ҳамда унутилиб бораётган ҳунармандчилик сир-асрорларини тиклашга замин яратиш белгиланди.
Мухтасар айтганда, қарор Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини том маънода тамаддун осориатиқаларидан ҳикоя қилувчи масканга, умумбашарий ва исломий ютуқларни очиб берувчи билим булоғига, ҳамюртларимизни, айниқса, ёшларимизни ёт ғоя ва мафкуралардан ҳимоя қилувчи, тўғри йўлга бошловчи, эзгу ғоялар билан илҳомлантирувчи, буюк ишларга бел боғлашга руҳлантирувчи маънавий-маърифий зиё муассасасига айлантиради.