ИШОРАНИНГ САБАБИ КEЛАЖАКДА АНИҚ БЎЛДИ
VI жилд. 4679-ҳадис. Ибн Саббоқ хабар қилади:
«Зайд ибн Собит Ансорий розияллоҳу анҳу ваҳийни ёзиб турувчилардан эди. У шундай деди: «Ямомадагилар ўлдирилганида Абу Бакр менга одам юборди. Ёнида Умар бор экан. Абу Бакр шундай деди: «Умар менга келиб, «Ямома куни жангда одамлар орасида ўлим кўп бўлди. Агар Қуръонни жамламасангиз, қорилар жангларда ўлиб кетаверса, Қуръоннинг катта қисми йўқолиб кетади деб қўрқаман. Менимча, Қуръонни жамлашингиз керак», деди. Сен ёшсан, ақллисан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (нозил бўлган) ваҳийни ёзиб юрардинг. Қуръон (оятлари)ни қидириб топиб, уларни жамла!» деди.
Аллоҳга қасамки, бундан кўра бир тоғни кўчиришни юклагани мен учун осонроқ бўлар эди. У мени қайта-қайта ундайверди, ниҳоят, Аллоҳ менинг қалбимни ҳам Абу Бакр ва Умарнинг қалбини очган нарсага очди. Қуръонни суриштириб, уни хурмо пўстлоқлари, қоғоз парчалари, ясси тошлар ва одамларнинг кўксиларидан жамладим. Тавба сурасидаги икки оятни – «Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган Расул келди…»ни фақат Хузайма Ансорийдан топдим, ундан бошқа ҳеч кимдан топа олмадим.»
* Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалар билан маслаҳатлашиб, оятларни фақат ёзма равишда қабул қилган ва ҳар бир оятнинг бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида битилганига икки киши гувоҳлик беришини шарт қилиб қўйган. Шунинг учун «топмадим» деганда мазкур оятларнинг ёзма нусхасини топа олмагани назарда тутилган.
Машҳур қори Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу «Бу ерда яна иккита оят бор эди» деса ҳам, ёзувнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида битилганига Хузайма розияллоҳу анҳудан бошқа гувоҳ тополмай, Зайд розияллоҳу анҳу уни Мусъҳафи Шарифга кирита олмаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир воқеа устида «Хузайманинг гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига ўтади», деган эдилар ва шу-шу уни «икки гувоҳлик соҳиби» деб аташар эди.
Мана шу набавий ишорат шарофатидан Хузайма розияллоҳу анҳунинг бир ўзи икки гувоҳ ўрнида қабул қилинади. Шу тариқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир мўъжизалари намоён бўляпти.