Home / МАҚОЛАЛАР / ФИРАБРИЙ “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИ ИМОМ БУХОРИЙДАН НЕЧА МАРТА ЭШИТГАН?

ФИРАБРИЙ “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИ ИМОМ БУХОРИЙДАН НЕЧА МАРТА ЭШИТГАН?

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўп одам эшитган. Бу ҳақда унинг энг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (231-320/846-932): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан тўқсон минг киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деб айтади. Ҳақиқатан, “Саҳиҳул Бухорий” версиялари орасида Имом Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетган. Бунинг сабаби унинг узоқ умр кўргани ва китобининг нусхаси тўлиқ бўлганидир.

Имом Бухорийнинг вафотидан кейин “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрийда қолган. Шу тариқа “Саҳиҳул Бухорий”нинг Имом Фирабрий ривояти машҳур бўлган. Ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни жуда кўп шогирдлар таълим олган ва асар матнини устозининг қўлидаги асл нусхадан кўчирган. Бирорта таҳқиқчи ва аҳли илм улар ёзган нусхаларга шак-шубҳа қилмаган ва эътироз билдирмаган.

Ибн Рушайд Сабтий бундай деб айтади: “Бугун Машриқ ва Мағрибда “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлидир. Ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун одамлар унга суянади. Унинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси бўлган ва ундан Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг шогирдлари кўчириб олган. Бу эса Абу Абдуллоҳ Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига гувоҳдир. Сўнгра, “Саҳиҳул Бухорий” китоби Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмоъ боғланган. Натижада ҳужжат аниқ бўлган”.

Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийдан бир неча марта эшитгани ҳақида уламолар бир нечта далил келтирган.

Абу Наср Калабозий (323-398/935-1008)нинг сўзи Имом Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитгани ҳақидаги гапларнинг энг машҳурларидан. У: “Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий бу китобни Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан икки марта эшитган: биринчи марта 248/862 йили Фирабрда, иккинчи марта 252/866 йили Бухорода”, деган.

Бу матн Абу Наср Калабозийдан ривоят қилинган. Имом Заҳабий айтганидек, у “Саҳиҳул Бухорий”ни яхши билган ва “Ал-ҳидояту вал иршоду фи маърифати аҳлис сиқоти вас садади аллазийна ахрожа лаҳум ал-Бухорий фи жомиъиҳи” китобининг муаллифидир. Бу гап Калабозийдан машҳур бўлган. Сиз “Саҳиҳул Бухорий”нинг бирорта шарҳловчисини учратсангиз, у мана шу гапни Калабозийдан ривоят қилган бўлади.      

 Имом Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган Абул Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний (ваф. 389/999) мана шу гапни Калабозийдан ривоят қилган. Ундан Абу Зар Ҳаравий (ваф. 434/1043) ривоят қилган. Абу Али Жайёний буни “Тақйидул Муҳмал”да Абу Зар Ҳаравийнинг санади билан ривоят қилган. Шунингдек, Ибн Рушайд Фиҳрий “Ифодатун насийҳ”да Абу Зар Ҳаравийнинг санади билан ривоят қилган.

Абул Ҳусайн Абдулмалик ибн Ҳусайн Казруний ҳам бу гапни Калабозийдан ривоят қилган. Ибн Нуқта буни “Ат-тақйид”да Абул Ҳусайн Казрунийнинг санади билан ривоят қилган.

Бу матн икки йўл билан мулоҳаза қилинади:

Биринчиси: бу матн Имом Фирабрийнинг ўзидан ривоят қилинган эмас. Бу Калабозийнинг сўзидир. Мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, Калабозий 323/935 йилда, яъни Имом Фирабрийнинг вафоти (320/932)дан 3 йил кейин туғилган.

Иккинчиси: бу матн Имом Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”ни икки марта турли жой ва вақтда эшитгани ҳақида хабар беради.

Биринчиси: 248/862 йили Фирабрда;

Иккинчиси: 252/866 йили Бухорода.

Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийдан эшитгани ҳақида хабар берадиган далиллардан яна бири ўзининг сўзидир. Имом Фирабрий: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим Жуъфий Бухорий бизга 253/867 йилда хабар берган (“Саҳиҳул Бухорий” китобини ўқиб берган)”, дейди.

Бу гапни Имом Фирабрийдан машҳур шогирди ва “Саҳиҳул Бухорий”нинг ровийси Абу Зайд Марвазий ривоят қилган. Шунингдек, Абу Али Жайёний ҳам шу ривоятни келтирган. Абул Фараж Муҳаммад ибн Абдураҳмон Муқрий “Ал-Арбаъийн фил жиҳод” китобидаги биринчи ҳадиснинг санадини Имом Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган Сарахсийнинг ривоятига кўра, келтирганда, бундай дейди: “Имом Фирабрий: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим Жуъфий Бухорий бизга 253/867 йилда хабар берган (“Саҳиҳул Бухорий” китобини ўқиб берган)”, деди”.

Бу далилларга хулоса қиладиган бўлсак, Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийдан уч марта: 248/862, 252/866 ва 253/867 йилларда эшитгани маълум бўлади.     

Албатта, “Саҳиҳул Бухорий”ни муаллифига боғланган санад билан ривоят қилишга эътибор қиладиган жуда кўп ровийларнинг санадлари Имом Фирабрийга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ушбу ровийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш бугунги кундаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.  

АБДУВОСИ ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …