Home / ЯНГИЛИКЛАР / МАНБАШУНОСЛИК ВА ҲАДИСШУНОСЛИК ДАРҒАСИ

МАНБАШУНОСЛИК ВА ҲАДИСШУНОСЛИК ДАРҒАСИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ёш тадқиқотчилар республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. “Убайдулла Уватов — манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси” деб номланган тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, марҳум устознинг яқинлари, шогирдлари ва талабалар иштирок этди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Убайдулла Уватов бутун умрини илм-фанга бахшида қилди, юртимиз тарихи ва манбашунослик фанлари ривожига улкан ҳисса қўшди. Унинг мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказишдаги хизматлари беқиёс.

Конференцияда сўзга чиққанлар устоз фаолиятининг ушбу қирраларидан ташқари, илм йўлидаги беназир меҳнати, бой илмий-маънавий фаолияти, авлодларга қолдирган бебаҳо меросини алоҳида тилга олди.

— Кўплаб мутафаккирларимизнинг илмий мероси, ижодини ўрганиб, манбашунослик фаолиятини олиб борган Убайдулла Уватов билан узоқ йиллар бирга ишладик, кўплаб тадбирларда, анжуманларда иштирок этдик, — деди видеомулоқот орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов. — Олимнинг илмий мақолалари, китобларини халқимиз севиб ўқиган. Бугун эса ортида қолган солиҳ фарзандлари, шогирдлари унинг эзгу амалларини давом эттиряпти.

Дарҳақиқат, Убайдулла Уватов мустақиллик шарофати туфайли ислом оламида жуда машҳур, аммо ўша пайтларда юртимизда исми унчалик таниқли бўлмаган алломаларимизнинг ҳаёт йўли, илмий-маънавий меросидан халқимизни бохабар қилишдек эзгу ишларни амалга оширди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Тер­мизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Абу Зайд Ломиший каби юртимизда камолга етган кўплаб алломалар ҳақида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида илмий-маърифий рисолалар нашр эттирди.

Олимнинг илмий фаолиятини 300 дан ортиқ мақола, 50 га яқин китоб безаб турибди. Улар орасида рус, араб, турк тилларида чоп этилган тадқиқотлар ҳам талайгина бўлиб, аксарияти хорижий давлатларда нашр этилган.

“Ўрта Осиё олимлари қомуси”, “Ўзбекистон буюк алломалар юрти”, “Буюк юрт алломалари” каби салмоқли тўпламлар ҳам олимнинг кўп йиллик машаққатли меҳнати натижасидир. Убайдулла Уватов ёшлар билан самарали тадқиқотлар олиб борганини унинг раҳбарлигида “Ислом тарихи ва манбашунослиги”, “Исломшунослик” ихтисосликлари бўйича ўнлаб номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинганидан ҳам англаш мумкин.

Шу маънода, Академия талабалари олимнинг хотирасини абадийлаштиришга астойдил киришди. Улар турли спорт мусобақаларини ўз ичига олган хотира турнири, илм-фан викториналари, Имом Бухорий маркази томонидан ташкил этилган тест синовларида фаол иштирок этиб келмоқда. Конференция доирасида олим хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбирларнинг ғолиблари муносиб тақдирланди.

“Убайдулла Уватов — манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси” номи билан нашр этилган ёш тадқиқотчилар республика илмий-амалий анжумани материаллари тўпламининг тақдим этилиши эса муаллифлар билан бир қаторда, олимга ихлоси баланд ҳар бир тадбир иштирокчисини бефарқ қолдирмади. Мазкур тўпламдан олимнинг ҳаёти ва ижоди, илмий меросининг ўрганилишига доир мақолалар жой олган.

Анжуман доирасида турли мавзудаги маърузалар тингланди, Убайдулла Уватов муаллифлигидаги китоблар тақдимоти ва кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 24 февраль, №39 (295)

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …