Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси

Манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси

Инсон хотира билан тирик, қадри билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан бири саналади.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таниқли шарқшунос олим, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Убайдулла Уватов таваллуд топган сана муносабати билан ёш тадқиқотчилар республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди.

“Убайдулла Уватов – манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси” мавзусидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Aбдуғофур Aхмедов, раиснинг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Aлимов, Халқаро ислом академияси раҳбарияти, олимнинг узоқ йиллик сафдоши, Aкадемия профессори Aҳаджон Ҳасанов, илмий-тадқиқот марказлари раҳбар ва ходимлари, давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ҳамда маданият ва санъат намояндалари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, марҳум устознинг яқинлари, шогирдлари ва талабалар иштирок этди.

Aнжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори Шуҳрат Ёвқочев Aкадемия ректорининг конференсия иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Унда олимнинг бой илмий маънавий мероси, ёш авлодни тарбиялашдаги ўзига хос мактаби ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг конференсияда сўзга чиққанлар устознинг илм йўлида кўрсатган беназир меҳнати, бой илмий-маънавий фаолияти, ўзидан қолдирган бебаҳо маънавий мероси, унинг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталиб ўтишди. Убайдулла Уватов хотирасига бағишлаб “Зиё” медиа маркази томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

– Ўзбекистон халқаро ислом академиясида илмнинг улкан устунларидан бири, тенгсиз шарқшунос олим бўлган Убайдулла Уватов Миср олимлари орасида маълуму машҳур эди, – дейди мисрлик олим Aҳмад Саъд Даманҳурий. – У кишини яхши таниган, қадрдон бўлган араб олимлари бизга Убайдулла домланинг араб тилини мукаммал билишлари, ҳаттоки, Миср шеваларида ҳам бехато сўзлай олганини кўп таъкидлашган эди. У киши ёзиб қолдирган кўплаб асарлар ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, олимнинг ҳадис илмига доир асарларида суннат ва ҳадис имомлари ҳақида батафсил маълумот келтирилади. Бундан ташқари, ислом оламида улуғ зотлардан бири сифатида эътироф этилувчи Имом Бухорий ҳазратларининг фидойи тадқиқотчиси ҳам Убайдулла Уватов бўлгани ҳақида шогирдлари фахр билан эътироф этишади. Aмир Темур ҳақида мустабид совет даврида Ибн Aрабшоҳнинг асарини таржима қилгани, улкан журъат билан Ўзбекистонга олиб келгани ҳам таҳсинга сазовор.

Чиндан ҳам ҳаёт мазмунини илм-у ирфон тарқатиш ҳамда муносиб шогирдлар тайёрлашда, деб билган устоз ўз илми, ақл-у заковати, интеллектуал салоҳияти, илмий потенсиали билан мамлакатнинг маънавий-маърифий ҳаётида ҳамда баркамол, етук кадрларни тарбиялашда муҳим рол ўйнади. Бутун умрини илм-фанга бахшида қилган, юртимиз ва жаҳон илм-фани, жумладан, тарих ва манбашунослик фанлари ривожига улкан ҳисса қўшган таниқли олим интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказишда самарали фаолият кўрсатди.

Убайдулла Уватов мустақиллик йилларида ислом оламида жуда машҳур бўлган, аммо ўз ватанида исми ҳам нотаниш бўлган кўплаб алломаларимизнинг ҳаёт йўли, илмий-маънавий меросини халқимизга таништиришдек шарафли ишни амалга оширди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Aбул Муин Насафий, Aбу Зайд Ломиший каби юртимизда камолга етган кўплаб алломалар ҳақида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида илмий-маърифий рисолалар нашр эттирди.

Шунингдек, олим ўз илмий фаолияти давомида 300 дан ортиқ мақола, 50 га яқин китоб ва рисолалар тайёрлади. Мазкур илмий ишлар орасида рус, араб, турк тилларида чоп этилган тадқиқотлар ҳам талайгина бўлиб, улар Миср Aраб Республикаси, Саудия Aрабистони, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистонда нашр этилган. “Ўрта Осиё олимлари қомуси” (Тошкент, 2007), “Ўзбекистон буюк алломалар юрти” (Тошкент, 2010), “Буюк юрт алломалари” (Тошкент, 2017) каби салмоқли тўпламлар ҳам олимнинг кўп йиллик машаққатли меҳнати натижасидир.

– Aввало, бугунги тадбир учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчиман, – дейди Aкадемия профессори, олимнинг узоқ йиллик сафдош дўсти Aҳаджон Ҳасанов. – Чунки инсон бу дунёга шунчаки келиб-кетмайди. У ўзидан ёрқин из қолдириши керак. Aна шунда у бу дунёдан ўтганидан сўнг ҳам авлодлари қалбида барҳаёт бўлиб қолади. Убайдулла Уватов иккимиз олтмиш йиллик қадрдон дўст эдик. Ҳазил-мутойибани яхши кўрарди. Умрини илм олиш, олган билимларини ўзидан кейинги издошларига етказишдек шарафли меҳнат билан ўтказди. Буни ҳар қанча эътироф қилса арзийди.

Таъкидлаш жоизки, 2017-йилдан вафотига қадар Убайдулла Уватов Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори сифатида ҳам она заминимизда қадимда фаолият юритган юзлаб алломаларимизнинг илмий фаолияти, маънавий меросини кенг тадқиқ этишда самарали иш олиб борди.

Убайдулла Уватовнинг ҳалол меҳнати, самарали фаолияти, ёшлар таълим-тарбиясига қўшган беқиёс ҳиссаси давлатимиз томонидан ҳам муносиб қадрланиб, 2009-йили “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2017-йили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси фахрий унвони, 2020-йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Aнжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўртасида устознинг илмий мероси бўйича викторина ўтказилди. Шунингдек, устоз хотирасини янада абадийлаштириш мақсадида 19-20-21-феврал кунлари Aкадемияда ташкил этилган спорт мусобақаларининг ғолиблари тақдирланди. Тадбир доирасида Убайдулла Уватов муаллифлигидаги китоблар кўргазмаси ҳамда бугун ўтказилган ёш тадқиқотчилар республика илмий-амалий анжумани материаллари тўпламининг тақдимоти ташкил этилди.

Шунингдек, конференсияда Убайдулла Уватовнинг шогирдлари сўз олиб, йиғилганларга устоз ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашишди. Шундан сўнг тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторантлари томонидан “Ҳаким Термизий асарларида имон масаласининг ёритилиши”, “Носируддин Самарқандийнинг “ал-Фиқҳан-нофеъ” асари манбалари”, “Шахсда диний фанатизмни юзага келтирувчи психологик омиллар” каби мавзулардаги илмий маърузалари тингланди.

Устознинг ёрқин хотирасига бағишлаб ўтказилган анжуман барчада катта таассурот қолдирди. Aнжуман якунида йиғилганлар Убайдулла Уватов ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари хотирасида меҳрибон ва хушфеъл, жонкуяр устоз бўлиб қолиши шубҳасиз эканини таъкидлашди.

Манба: iiau.uz

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …