Аввал хабар берилганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида халқимизга янада кенгроқ ахборот бериш мақсадида жорий йил 23 декабрь куни Марказга журналист ва блогерларнинг Пресс-тури ташкил қилинди.
Пресс-тур доирасида журналистлар дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди. Шу ерда Муҳаддислар султони ҳаққига Қуръон тиловот қилинди.
Шундан сўнг, иштирокчилар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Марказ директори Ш.Зиёдов муассасанинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар хусусида сўзлаб берди.
Марказ музей фондидан ўрин олган турли экспонатлар, деворий суратлар ва китоблар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида журналистлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази томонидан ҳадя этилган хаттотлик намуналари кўргазмаси билан танишдилар. Шунингдек, муассаса томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар билан танишдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишув жараёнида журналистлар илм масканида талаба ёшлар учун яратилган шароитлар, ўқув жараёнларини шахсан кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Мактаб ректори О.Юсупов таҳсил жараёнида қўлланилаётган ўқув-услубий методлар, замонавий ёндашувлар, талабаларнинг дарсни ўзлаштириши ва эришаётган ютуқлари ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Журналистлар ва ҳар икки илм маскани жамоаси иштирокида ўтказилган очиқ мулоқот давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.