وَعَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللهَ رَفِيقٌ يُحِبُّ الرِّفْقَ، وَيُعْطِي عَلَى الرِّفْقِ مَالاَ يُعْطِي عَلَى العُنْفِ وَمَا لاَ يُعْطِي عَلَى مَا سِوَاهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло мулойимликни яхши кўрадиган Ҳалим зотдир. У мулойимлик (соҳибига)ка қўполлик ва ундан бошқа нарса (хислат)ларга берилмайдиган нарса(ажр-мукофот)ни бергай», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ: Кечиримли, камтарин, катталарга ҳурмат кўрсатиб, кичикларга иззатли бўлиш ҳамда мўминнинг обрўсини сақлаш, борингки жониворларга ҳам раҳм-шафқатли бўлиш мақталган хислатлардан.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: «Ҳалимликка беради», дейилишдан мурод бошқа амалларга берилмайдиган савоб ҳалимлик учун берилади», деганидир дейди. Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Бунинг маъноси ҳалимлик туфайли мақсадларга эришилади ва амалга ошмайдиган истаклар амалга ошади», дея изоҳлаган. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳам «Фатҳул Борий» асарида: «Ҳалимлик ёрдамида унинг зидди орқали қўлга киритилмаган ишларга эришилади», дейди. Абу Шайх ибн Ҳиббон Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Албатта, банда ҳалимлик туфайли рўзадорнинг ва кечалари ибодат билан қоим бўлувчининг даражасини топади».
Албатта, беайб Парвардигорнинг Ўзидир. Банда ҳар қанча етук, улуғ бўлмасин, баъзан хато қилади, адашади ҳам. Ҳадисда: “Обрўли кишиларингизнинг қоқилишларини кечиринглар», дейилган. Айниқса, айрим ғарб мамлакатларида бир неча минглаб яхши ишларни қилган одам бир марта хато қилса, унинг шу айбинигина ушлаб шов-шув кўтариб, жар солиш одатга айланган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳарқ (йиртиқ, тешик, эски) ҳар бир нарсада бўлса, албатта, уни айбли қилади. Албатта, Аллоҳ ҳалимдир, ҳалимликни яхши кўради”, дедилар».
Ҳалимлик, деб яна хушмуомалалик, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга ошириш ҳам тушунилади. Яъни, қўполлик ҳам қилмайди, ўта заиф ҳолга ҳам тушиб қолмайди. Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Баъзи пайтда ўзини билмасликка олиш ҳам оқил инсоннинг иши, дейди. Ойша розияллоҳу анҳо онамиз ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Эй Ойша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик не нарсада бўлса, уни зийнатлаган ва у не нарсадан олиб ташланган бўлса, уни айбли қилган» (Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривояти).
Баъзида қўрс, мискин, бечораларни менсимайдиган димоғдор кимсаларнинг муомаласидан кўнглимиз ранжийди. Аммо содда, камтарин, қўлидан келса, яхшилик қиладиган, қурби етмаса бошқаларга зарари тегмайдиган инсонлар ҳам ораларимизда кўп. Билингки, уларни менсимаслик, камтаринлигидан фойдаланиб оёқости қилиш катта гуноҳдир. Ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам менга шундай ҳикоя қилди: «Мен Ойша розияллоҳу анҳонинг олдига кирмоқчи эдим. У зот: «Тўхтаб тур, мен кўйлагимни ямаб олай!», дедилар. Кутиб турдим. Кейин: «Эй мўминларнинг онаси! Агар мен ташқарига чиқиб, бу воқеа ҳақида одамларга айтадиган бўлсам, улар сизни бахил деб ўйлашади?», дедим. У зот: «Ўзингга қара, ким эскисини киймас экан, янгисини ҳам кия олмайди», дедилар».
Ҳалимлик ўз эгасини нафсининг кўйига кириб унга эрк бериш ёки ғазабини сочишдан тўсадиган ажиб ахлоқий фазилатдир. Мазкур сифат инсон шахсиятининг кучлилиги, иродасининг бақувватлигидан дарак беради. Шунингдек, нодон, ақли кам, кўнгли тор кишиларда учрайдиган ноқисликлардан юқори туришини кўрсатади. Зеро, инсондаги мулойимлик, камтаринлик гўзал фазилатдир ва қўпол, дағал, манманлик эса ундаги айбдир. Демак, яхши ишларга шошилганимиз каби гўзал хулқли, чиройли муомалали, камтар ва ҳалим инсон бўлишга ҳам ҳаракат қилишимиз лозим.