Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига 21 май куни Индонезиянинг Сунан Калижага давлат ислом университети делегацияси ташриф буюрди.
XV-XVI асрларда Ява оролида яшаб ўтган, мамлакат халқи алоҳида эъзозлайдиган “Тўққиз валий”дан бири саналмиш Сунан Калижага маҳаллий аҳоли орасида исломни кенг ёйган, диний таълим баробарида маҳаллий анъана ва қадриятларни тарғиб этишга, маданият ва санъатни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган. Унинг номи билан аталган университетнинг мақсад ва вазифалари ҳам шу асосда белгиланган.

Меҳмонлар музей экспозицияси билан яқиндан танишди. Делегация аъзоларига Марказда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари, нашр этилган янги адабиётлар ҳамда буюк муҳаддис бобомизнинг бой маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасидаги лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ташриф асносида “Имом Бухорий қарашларида диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик” мавзусида халқаро илмий семинар ўтказилди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Сунан Калижага давлат ислом университети ва Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир аввалида Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ва элчихона вакили Синтиа Саеҳ халқаро ҳамкорлик ва диний бағрикенглик тамойилларининг бугунги глобаллашув давридаги аҳамиятига тўхталди.

Анжуман доирасида Сунан Калижага давлат ислом университети ректори, профессор Нурҳайди Ҳасан ҳамда ушбу илмий муассаса профессори Эма Марҳуманинг маърузалари тингланди ва атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарида нафақат ибодат масалалари, балки инсониятнинг ўзаро тотувлиги, ўзга эътиқод ва маданият вакилларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш соф исломий қадрият экани ҳам баён этилган. Семинарда индонезиялик олимлар буюк муҳаддис мероси шунчаки тарихий матн эмас, балки бугунги жамиятлардаги экстремизм, ёвузлик ва адоватга қарши курашишда амалий фойда берадиган ижтимоий ахлоқ манбаи эканини алоҳида қайд этди. Хусусан, бугунги кунда Индонезия жамиятида динлараро бағрикенгликни, ижтимоий ғамхўрлик ва кўп маданиятли муҳитда эл-юртга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашда айнан Имом Бухорий ҳадислари дастуруламал бўлиб хизмат қилаётганини илмий жиҳатдан асослаб берди.

Шунингдек, маърузачилар томонидан “Саҳиҳул Бухорий”даги илм-фан ва ижтимоий ҳаётга оид ҳадислар асосида ислом дунёсида хотин-қизларнинг таълим олишини ҳамда жамият бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлаш имкониятлари таҳлил қилинди. Олимлар буюк муҳаддиснинг қарашлари асрлар давомида Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё халқлари ўртасидаги маданий-маърифий кўприк бўлиб келаётганини таъкидлади.


Ушбу ташриф икки мамлакат илмий муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва Имом Бухорийнинг бой илмий меросини биргаликда кенг тадқиқ этиш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





