Ислом илмлари ичида ҳадис илми алоҳида ўрин тутади. Бу илм Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари ва тасдиқларини ўрганиш билан боғлиқ бўлгани сабабли, уни ўзлаштиришда ҳам ўзига хос одоб-ахлоқ қоидалари мавжуд. Муҳаддис уламолар ҳадис илмининг шаъни юксак эканини инобатга олиб, уни ўрганувчи талабалар учун махсус одобларни белгилаб берган.
Ҳадис илмини ўрганувчи шахснинг маънавий камолотига хизмат қиладиган бу одобларга амал қилиш илмнинг баракали бўлишига замин яратади.
Ниятни холис қилиш
Ҳадис ўрганишдаги энг биринчи ва муҳим шарт – ниятнинг холис бўлишидир. Муҳаддислар ҳадис илмини ўрганишдан мақсад Аллоҳ таолонинг розилиги бўлиши кераклигини таъкидлаб келган. Уни мансаб, обрў ёки дунёвий манфаат учун ўрганиш қаттиқ қораланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди” (Абу Довуд ривояти).
Илм фақат шахсий манфаат учун эмас, балки у бошқаларга ҳам наф келтириши лозим. Абдуллоҳ ибн Муборак: “Ҳадиснинг илк манфаати – бир-бирингизга фойдангиз тегиши”, деган.
Ҳадисни босқичма-босқич ўрганиш
Ҳадис илми сабр ва изчилликни талаб қилади. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ҳадисни маҳаллий устозлардан, энг ишончли санадлар орқали ўрганишни, кейинчалик эса илм сафарларига чиқишни тавсия қилган. Илмни оз-оздан, пухта ўзлаштириш, мушкул сўз ва исмларни текшириб бориш, такрорлаш ва ёд олиш – ҳадис илмидан самарали фойдаланишнинг асосий йўлларидир. Энг аввал икки “Саҳиҳ” китобига, кейин Абу Довуд, Термизий, Насоийнинг “Сунан”ига эътибор қаратиб, улардаги ҳар хилликларга аниқлик киритиш, маъноларидаги махфий томонларини тушуниш лозим.
Илмга амал қилиш
Ҳадисни фақат ёдлаш эмас, балки унга амал қилиш ҳам зарур. Имом Ибн Салоҳ: “Эшитган ҳадислар орасидан намоз, тасбеҳ ва улардан бошқа солиҳ амаллар ҳақида келганларига амал қилсин. Зотан, ҳадиснинг закоти ана шудир”, деб таъкидлаган. Бишр ибн Ҳорис Ҳофий эса: “Эй муҳаддислар! Бу ҳадиснинг закотини адо этинглар, ҳар икки юзта ҳадиснинг бештасига амал қилинглар”, деган.
Устозни улуғлаш
Муҳаддис устозга ҳурмат билан муносабатда бўлиш илмни улуғлаш белгисидир. Имом Нававий бундай ёзади: “Толиби илм ўз шайхини ва ҳадис ровийларини ҳурмат қилиши лозим. Зотан, бу иш илмни улуғлашга киради. Шу иш сабабли инсоннинг илми баракали бўлади. Зеро, ундан фойда олишнинг энг самарали йўлларидан бири ана шудир”.
Ҳадисни тажвид билан ўрганиш
Уламолар ҳадисни Қуръон тажвидига ўхшаш равишда, аниқ ва равон талаффуз билан ўқишни тавсия қилган. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига эҳтиром ифодасидир. Имом Бадриддин Ҳусний “Манзуматул Байқуния” асарига битган шарҳи охирида бундай ёзади: “Ҳадисни худди Қуръоннинг тажвиди каби тажвид билан (дона-дона қилиб) ўқишга келсак, у мандуб (тавсия қилинган) ишдир. Бунга сабаб шуки, тажвид каломни гўзал қиладиган нарсалардан бири, араб тили ва сўзловчининг фасоҳати белгисидир. Мана шу сифатлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда мужассамдир. Шундай экан, у зотнинг ҳадисларини сўзлаган киши у зот сўзлаган тил(нинг қонун-қоидалари)га риоя қилиши керак”.
Ҳадис ёзиб олиш одоблари
Ҳадис ёзишда матн ва санадни ниҳоятда аниқ ва ишончли қайд этиш талаб этилади. Чунки матндаги ҳар бир лафз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилади. Санаддаги исмлар эса қиёс ёки тахмин билан эмас, балки қандай бўлса шундай ёзилиши шарт.
Уламолар ёзувнинг аниқ, ўқишга қулай бўлиши, ноодатий белгилар ва шахсий истилоҳлардан қочиш, Аллоҳ таолонинг исми ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавотни тўлиқ ёзишни таъкидлаган.
Имом Нававийнинг таъкидлашича, салавот ва дуолар матнда келтирилмаган бўлса ҳам, ўқиш ва талаффузда тарк этилмаслиги лозим. Бу ривоят эмас, балки дуо ҳисобланади.
Ҳадис илми – нафақат билим, балки одоб ва амал илмидир. Унга эътиборсизлик қилиш инсонни улкан фазилатдан маҳрум этади. Муҳаддислар белгилаб берган ушбу одобларга амал қилиш ҳар бир толиби илм ва ҳадис ўқиётган одам учун муҳим вазифадир.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





