Home / МАҚОЛАЛАР / МЎМИННИНГ БОШИГА ТУШГАН ҲАР ҚАНДАЙ ИШ ЯХШИЛИКДИР

МЎМИННИНГ БОШИГА ТУШГАН ҲАР ҚАНДАЙ ИШ ЯХШИЛИКДИР

(Бир ҳадис шарҳи)

Инсон табиати шундайки, бошига мусибат тушса, ундан бадбахт одам йўқдек, яхшиликка эришаверса, ундан бахтли йўқдек туюлади. Мусибат чоғида умидсизликдан ғамга ботса, омади чопганда босар-тусарини билмай қолади.

Муқаддас динимиз одамларга ҳеч бир ҳолатда тушкунликка тушмаслик ва ношукр бўлмасликни уқтиради. Инсонни шу икки кескинлик орасида мувозанат сақлашга чақиради. Йўғида сабр, борида шукр қилишни ўргатади. Чунки мусибат ҳам, неъмат ҳам синовдир. Сабр билан ўтказилган мусибат инсонни юксалтирса, шукр билан қабул қилинган неъмат уни асрайди. Ана шу руҳий барқарорлик пировардида ҳақиқий хотиржамлик ва камолотга олиб боради.

    عَنْ صُهَيْبٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -”  عَجَبًا لأَمْرِ الْمُؤْمِنِ إِنَّ أَمْرَهُ كُلَّهُ خَيْرٌ وَلَيْسَ ذَاكَ لأَحَدٍ إِلاَّ لِلْمُؤْمِنِ إِنْ أَصَابَتْهُ سَرَّاءُ شَكَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ وَإِنْ أَصَابَتْهُ ضَرَّاءُ صَبَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ “.

Суҳайбдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг иши ажойиб-да! Ҳар бир иши яхшиликдир. Бу фақат мўмингагина хосдир. Хурсандлик насиб этса, шукр қилади ва бу унинг учун яхшилик (савоб) бўлади. Бошига қийинчилик тушса, сабр қилади ва бу (ҳам) унинг учун яхшилик бўлади”, дедилар” (Муслим ривояти).

Сабр Аллоҳ таоло буюриб, тарғиб қилган энг фазилатли хулқ ва улуғ хислатлардан биридир.

Мазкур ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин кишининг иши ва шаънини улуғмоқдалар. Мўминнинг ҳар қандай ҳолати яхшилик экани ва бу фақат мўминга хослигини эслатмоқдалар.

Мўмин-мусулмон киши ҳаётда учрайдиган ҳар қандай ҳолатга – у хоҳ қувонч бўлсин, хоҳ қийинчилик – имон нуқтаи назаридан ёндашади. Шу сабабли унинг ҳаётида “зарар” деган ҳолат мутлақо бўлмайди. Ҳар қандай воқеа унинг учун фойда бўлиб келаверади.

Аллоҳнинг қазои қадарида ҳар бир инсон икки тоифадан бирига – мўмин ё ғайримўминга – киради. Мўмин киши илм, солиҳ амал каби диний ҳамда мол-мулк, фарзанд, оила каби дунёвий неъматлар билан тақдирланса, Аллоҳга шукр қилади. Шу неъматлардаги Аллоҳнинг ҳаққи ва ўзига тақдир қилинган улушни билади. Шу сабабли тоат-ибодатга ва миннатдорлигу шукроналик билан Аллоҳга яқин бўлишга ҳаракат қилади. Охирати учун ажр олади. Бундан ташқари неъмат сабабли қалбидаги қувончни ҳам ҳис қилади.

Аллоҳнинг ҳаққи шуки, мўмин Унинг неъматидан илми билан зиё тарқатади, молидан закот беради, эҳсон қилади, аҳли оиласини бировнинг қўлига қаратиб қўймайди, солиҳ амаллари билан ўрнак ва ибрат бўлади. Ўз улуши эса, исрофга йўл қўймаслик, манманлик қилмаслик, моддий-маънавий ризқ ўз ақли ва уддабуронлигидан эмаслиги, балки Розиқнинг инъоми эканига иқрор бўлишдир.

Шу билан бирга, фақирлик, беморлик, кулфат, қийинчилик кабилар бошга тушганда, Аллоҳнинг синови деб сабр қилиш ҳам имон аломати бўлади. Бундай чоғларда мўмин фақат Аллоҳдан енгиллик кутади ва ажр умид қилади.

Умуман олганда, ҳаётда инсон турли синовларга дуч келади. Масалан, иш жойида муаммолар бўлади, молиявий-иқтисодий қийинчиликлар юзага келади, оилавий келишмовчиликлар рўй беради, адолатсизлик ё танқидларга дуч келинади. Мўмин бундай пайтда сабр қилиш орқали ўзини ҳам, атрофидагиларни ҳам кўп балолардан асраб қолади. Сабр уни ғазаб ва шошма-шошарлик билан қабул қилинадиган нотўғри қарорлардан сақлайди. Бу эса жамиятда, жамоаларда, оилаларда тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлайди. Негаки, аламли ғазаб ва қайноқ жазава чоғидаги лаҳзалик сабр кўп йиллик пушаймондан афзалдир.

Ана шундай сабр мўмин учун яхшилик бўлади. Чунки бунинг учун савоб олади ва Ҳақ таолонинг “Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур” (Зумар сурасининг 10-ояти) деган ваъдасига мувофиқ, ажри ҳисоб-китобсиз тақдим этиладиган сабрлиларнинг мукофотига эришади.

Шу тариқа мўминнинг барча ишлари ўзи учун яхшилик бўлаверади. Бу имоннинг самарасидир. Аллоҳ мўминга нимани тақдир қилган бўлса, яхшилик ҳисобланаверади. У гоҳи кутилмаган жойдан неъмат билан, гоҳи мусибат билан келади. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 216-оятида нима деганига эътибор беринг: “Балки сиз ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сиз учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сиз эса билмайсиз”. Нисо сурасининг 19-оятида эса, “Балки сиз ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сиз учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”, деган.

Инсон яхшиликнинг қай вақт ва қай тарзда келишини – у сурурми ё мусибатми – билмайди. У Яратганнинг иродасидир. Аллоҳ бизга ўзимиздан ҳам, ота-онамиздан ҳам, бошқалардан ҳам меҳрибонроқ, шунинг учун биз учун ниманинг яхши-ю ниманинг ёмонлигини биладиган Зотдир. Имон келтирганда, Аллоҳнинг Ўзи, кейин фаришталари, китоблари, расуллари қаторида тақдирдаги яхши-ёмон ҳам тилга олиниши мана шундандир. Яъни, чин мўмин тақдиридан нолимайди.

Аллоҳнинг қазо ва қадарига имон келтириш мўминни барча ҳолатларида тўлиқ розиликда ушлаб туради. Бунинг акси ўлароқ, ғайримўминга бирор зарар етса, доим норози ва ғазабнок бўлади. Лекин Аллоҳ неъмат берса, шукр қилмайди-да, ўзи эришганини даъво қилади, ҳатто маъсият (гуноҳ ва исроф) йўлида сарф қилишга боради.

Юқоридаги ҳадисда имонга тарғиб ва мўмин инсон доимо яхшиликда бўлишининг баёни бор. Шунингдек, мусибат ва қийинчиликларга сабр қилишга чақириқ ўрин олган. Бошингизга мусибат тушганда, ўзингизни сабрли, Аллоҳдан ажр умид қилувчи, енгилликни фақат Ундан кутиб турган ҳолда кўрсангиз, билингки, бу имон аломатидир. Акси бўлса, ўзингизни маломат қилинг, йўлингизни тўғриланг ва тавба қилинг!

Шунингдек, у ҳадисда фаровонлик ва неъмат учун шукр қилишга тарғиб бор. Инсон неъматлар учун шукр қилар экан, бу Аллоҳ берган тавфиқ ва неъматларнинг зиёда бўлишига сабабдир. Иброҳим сурасининг 7-оятида бундай дейилган: “Қасамки, (неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.

Бинобарин, ислом инсонни ҳаёт учун ҳам, жамият учун ҳам манфаат келтирадиган шахс бўлишга чорлайди. Қийин пайтда сабрли, фаровон пайтда камтар ва шукрли бўлишни ўргатади. Шундай фазилатларга эга инсонлар кўпайган жамиятда адоват камайиб, унинг ўрнида ишонч, бирдамлик ва маънавий соғлом муҳит шаклланади.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Меҳнат — ибодатнинг энг улуғ кўриниши

Динимизда касб-ҳунар эгаллашга интилиш ва иштиёқ қадрланади ва кишининг ўз қўли билан қилган меҳнати Парвардигорига …