Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази халқаро ҳамкорлари сафини яна биттага кўпайтирди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази халқаро ҳамкорлари сафини яна биттага кўпайтирди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази юртимизда коронавирус ҳавфи туфайли жорий қилинган карантин даврида ҳам бошқа идора ва ташкилотлар сингари ўз фаолиятини изчил давом эттириб, хорижий мамлакатлардаги халқаро ҳамкорлари ва нуфузли илм-фан марказлари билан онлайн тарзда турли семинарлар ва конференциялар ташкил этиб келмоқда.

Шунингдек, Марказ ушбу синовли кунларда ҳам илмий ҳамкорлари сафини кенгайтиришга, янгидан-янги халқаро марказлар ва тадқиқот муассасалари билан алоқалар ўрнатишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг август, сентябрь ойларида онлайн тарзда ўтказилган мулоқотлар натижасида яқинда Туркиянинг Анқара ижтимоий-гуманитар фанлар университети исломшунослик факультети билан ҳамкорликка доир Англашув меморандумини имзолади.

Мазкур ҳужжатнинг имзолаш маросими Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва Анқара ижтимоий-гуманитар фанлар университети исломшунослик факультети декани профессор, доктор Али Усмон Курт ҳамда ҳар икки муассаса илмий ходимлари иштирокида бўлиб ўтди.

Келишувга кўра эндиликда ҳар икки мамлакат илмий муассасалари ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг бой маънавий меросини ўрганиш, илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган конференция, семинар, кўргазма ва тренинглар ташкил этиш, икки муассаса ходимларининг ўзаро тажриба алмашиши ва малака ошириши ва нашр ишлари учун кенг шароитлар яратиш бўйича ҳамкорлик қилади. Шу тариқа Марказнинг халқаро ҳамкорлари сони 28 тага етди.

Таъкидлаш жоиз, Анқара ижтимоий-гуманитар фанлар университети ижтимоий фанлар соҳасида Туркиянинг биринчи ва ягона давлат университети ҳисобланади. Ҳозирда олийгоҳда Исломшунослик, Ҳуқуқшунослик, Сиёсий, Гуманитар ва ижтимоий фанлар, Чет тиллари каби 5 та факультет фаолият кўрсатмоқда. Университет ҳам бакалавриат, ҳам магистрлик учун тадқиқотларга йўналтирилган. Яна бир эътиборли жиҳати университет Туркия олийгоҳлари орасида катта кутубхонага эгалиги билан ҳам ажралиб туради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …