Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда илгари сурилаётган халқаро ва минтақавий ташаббуслар жаҳон ҳамжамият томонидан муносиб қарши олинмоқда. Ушбу таклифларнинг қўллаб-қувватланиши ва изчил амалга оширилишини дунёнинг сиёсий манзараси ўзгариб бораётган бугунги кун талаби нуқтаи назаридан илгари сурилганига яна бир мисол.
Туркиянинг Буюк миллат мажлисидаги “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида давлатимиз раҳбари бошчилигида Ўзбекистон эришаётган ютуқлар ва халқаро миқёсда таклиф этаётган ташаббуслар аҳамияти ҳақида қуйидагиларни қайд этди:
– Дунёда экстремизм, қуролли тўқнашувлар, қон тўкилиши, жаҳолат ва залолат, муросасизлик, адолатсизлик каби ҳолатларга гувоҳ бўляпмиз. Исломофобия кун сайин кучайиб бормоқда. Бу эса дунёдаги барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис бугун халқаро миқёсда адолат ва илм-маърифатга асосланган янги глобал тизимга эҳтиёж бор. Бунда адолат ва маърифатнинг дунё узра ёйишга қодир етакчиларга эҳтиёж бор.
Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг бу йўналишда олиб бораётган кучли давлат сиёсати бизда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. У Президент сифатида иш бошлаган илк кунлардан эътиборан ички ва ташқи сиёсатда жиддий ислоҳотларни амалга оширишга киришди ва бу йўналишдаги ишлар изчил давом этмоқда. Давлатингиз раҳбари мамлакатнинг бой тарихи ва бебаҳо меросидан қудрат олиб, тажриба ва дадиллик билан инсониятга зиё улашган Имом Бухорий, Мотуридий, Беруний, Фаробий каби улуғ алломаларга муносиб ворис сифатида халқаро майдонда катта обрўга эга бўлмоқда.
Хусусан, 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияси, кейинроқ эса БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясига доир Тошкент декларациясининг қабул қилиниши Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол сиёсий етакчилиги билан амалга оширилди.
Ўзбекистон чуқур тарихий ва бугунги тадрижий ривожланиш орқали дунёга инсоний, ислом маданияти ва маърифатини тарқатувчи марказ сифатида танилиш учун етарли имконият ва салоҳиятга эга.
Ҳозирги кунда ислом дунёсида терроризм, экстремизм каби бузғунчи ғояларга қарши энг муваффақиятли кураш олиб бораётган мамлакат ҳам айнан Ўзбекистондир. Бугун Ўзбекистон дунёга тинчлик, тараққиёт, маданият ва маърифат тарқатишда давом этмоқда.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати қошида ёшлар парламенти ташкил этилганини олқишлаймиз. Ушбу ташкилотнинг тузилиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга бўлган эътибори билан биргаликда, унинг ўз мамлакати келажагини маърифатпарвар ёшлар тимсолида кўраётганидан далолатдир. Президент Ўзбекистон ёшларининг дунё мамлакатларида, шу жумладан Туркия олийгоҳларида замонавий билим ва касб эгаллашларига алоҳида аҳамият қаратмоқда. Туркий ислом маданиятининг қайта тикланаётгани ва бу борада Президентлар Мирзиёев Шавкат ва Режеп Таййип Эрдўғон етакчилик қилаётгани келажакка бўлган ишончни кучайтирмоқда.