Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 8 октябрь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди.
Икки давлат байроқлари билан безатилган “Орли” халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Франция Республикасининг расмий шахслари кутиб олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу ташкилот Бош директори Одри Азуле билан учрашди.
Президентимиз Франция Республикасига ташриф ЮНЕСКОда учрашувдан бошланганида чуқур рамзий маъно борлигини, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Одри Азуле давлатимиз раҳбарини ташриф билан самимий қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ривожида ушбу учрашув ғоят муҳимлигини қайд этди.
Мамлакатимиз ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига икки марта сайланган. Томонлар Ўзбекистоннинг бой маънавий меросини тиклаш ва чуқур ўрганиш борасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, маданият, таълим, фан ва бошқа соҳаларда турли лойиҳаларни биргаликда амалга оширмоқда. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги тарихий-маданий объектлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Бухоро шаҳри ташкилотнинг “Тинчлик тарафдори бўлган шаҳарлар” соврини билан тақдирланган.
Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуаси, Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бойсун маданий мероси, Наврўз, Шашмақом, Катта ашула, аския, ош, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатидан жой олган. Усмон Қуръони ва Шарқшунослик институти қўлёзмалар тўплами ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги ўзбек мумтоз мусиқий меросини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказиб келинаётган бўлса, жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати анжумани ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси таъсис этилди.
Таълим соҳасида ҳам истиқболли ҳамкорлик ўрнатилган. Ўзбекистон “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида жисмоний ва маънавий баркамол шахсни тарбиялашга қаратилган сиёсатни амалга оширмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил сентябрь ойида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистон Президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанд «Ипак йўли» туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда «Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида» мавзуида Осиё форумини ўтказиш борасида келишувга эришилди.
Бош директор Одри Азуле Ўзбекистоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади.
Учрашувда Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги 2018-2021 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Бу ҳужжат муносабатларни янги босқичга кўтариш, томонлар олдида турган вазифаларни биргаликда инновациялар орқали ҳал этиш ва барча йўналишларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларше билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари Сенат Раисини Франция Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 60 йиллиги билан табриклади. Ушбу сана муносабати билан юртимизда ўзбек ва француз тилларида чоп этилган Франция Конституциясининг илк нусхасини совға қилди.
Мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, улардаги дўстлик гуруҳлари туфайли анча фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги алоқалар парламентлараро муносабатлар соҳасида ҳам жадал ривожланмоқда. 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи тузилган, 2010 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон – Франция” дўстлик гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 2008 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Франция инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган.
Франция билан кенг кўламли муносабатлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама амалий алоқаларни қамраб олган. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва ҳудудлари ўртасидаги мулоқотни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Парламентлараро алоқаларни аниқ йўналишлар бўйича, жумладан, қўшма тадбирлар ва ўзаро ташрифларни мунтазам ташкил этиш, тажриба алмашиш орқали ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Франция Сенати Раиси мамлакатимизда иқтисодиётни тубдан модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни юксак баҳолади. Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган конструктив минтақавий сиёсат олиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг Францияга илк расмий ташрифи узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорлик, жумладан, мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқаларнинг янги йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилиши қайд этилди.
Жерар Ларше Франция Сенати Ўзбекистон билан дўстлик ришталари, ҳар томонлама самарали шерикликни мустаҳкамлаш йўлида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва уларга тизимли тус беришга тайёр эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Франция Сенати биносини кўздан кечирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франциянинг энг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Унда “Тоталь”, “Тоталь Эрен”, “Орано”, “Фивс Штейн”, “Ранжис Семмарис”, «Винчи», «Суэц», «Сад», «Идемия», «Мерсие», “Талес Аления Спейс”, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги каби Европа ва жаҳон бозорида етакчи компаниялар ва молиявий тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекстонда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани, улар фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, бизнесни ривожлантириш йўлидаги турли тўсиқларга барҳам берилгани, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати сезиларли даражада қисқартирилгани таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Хорижий инвестициялар бўйича кенгаш тузиш тўғрисида қарор қабул қилингани, унинг вазифаси инвесторлар фикрини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон инвестиция муҳитини изчил яхшилаб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат эканини таъкидлаб, франциялик сармоядорларни Кенгаш ишида фаол иштирок этишга таклиф қилди.
Франциялик тадбиркорлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, валюта тизимининг либераллаштирилгани, виза олиш тартиби соддалаштирилгани ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имкониятлар яратганини таъкидлади. Бундай қулайлик ва енгилликлар Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқишни кучайтирди. Давлатимиз раҳбари ташрифи арафасида умумий қиймати 5 миллиард еврога яқин инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар имзолангани бундан далолат беради.
Ўзбекистон ва Франция молиявий ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасидаги шерикликни янада ривожлантириш, ўзаро товар етказиш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Франция Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.