Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Мотуридий ва унинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари таржимасига бағишланган он-лайн семинар

Имом Мотуридий ва унинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари таржимасига бағишланган он-лайн семинар

Мамлакатимизда “Covid-19” инфекцияси туфайли карантин эълон қилиниши кундалик ҳаётнинг буткул тўхтаб қолишини англатмайди.

Ўзбекистонда тожсимон вирус билан боғлиқ вазият ўз вақтида тўғри баҳоланиб, бир қарашда кескин туюладиган, аммо аслида ўта зарур бўлган чоралар кўрилди.

Таълим муассасаларининг ёпилиши, оммавий тадбирларнинг бекор қилиниши, транспорт ҳаракатининг тўхтатилиши, идора ва ташкилотлар ходимларининг таътилга чиқиши ёки масофавий ишлашга ўтказилиши, тиббий ниқоб тақиш мажбурияти жорий этилиши каби кўпдан-кўп карантин чоралари касаллик урчишини тўхтатиш ва уни тезда енгиб ўтишга қаратилган.

Шундай эпидемиологик мураккаб вазият  бўлишига қарамай, юртимиздаги корхона, ташкилот ва идораларда иш тўхтаб қолгани йўқ.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари ҳам Махсус комиссия кўрсатмалари ва карантин талаблари асосида ишни тўғри ташкил қилиб, белгиланган йиллик режалар ва халқаро миқёсда эришилган келишувларни ўз вақтида сифатли бажариш мақсадида  тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Жорий йилнинг 3-4 март кунлари Самарқандда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ҳам Марказ жамоаси учун янги имкониятлар эшигини очди.

Конференция доирасида дунёнинг етакчи исломшунос олимлари билан соҳага доир маълумотлар алмашилиб, муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, таниқли мотуридийшунос олим, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг  турк тилига таржимони, Мармара университети профессори Юсуф Шавқий Явуз билан Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари таржима ва таҳрири бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсадида илмий семинар ташкил қилишга келишилган эди.

Карантин сабабли жорий йилнинг 20 апрель куни ушбу илмий семинар он-лайн тарзда ўтказилди. Унда туркиялик олим, Марказ илмий ходимлари ва ўзбекистонлик 50 дан зиёд олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Профессор Юсуф Шавқий Явуз Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини турк тилига таржима қилиш жараёни, бу борадаги қийинчиликлар, орттирилган тажриба ҳақида сўзлади. Олимнинг айтишича, Мотуридий илмий мероси узоқ вақт мобайнида ислом уламолари ва оддий мусулмонлар эътиборидан четда қолиб келган. Фақат ХХ аср бошларида дунё сиёсий коньюктурасида рўй берган ўзгаришлар буюк олим асарларини яна қизиқиш объектига айлантирди.

Юсуф Шавқий Явуз “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг турк тилига таржима қилиниши Мотуридий даҳосининг янгидан кашф этилишига олиб келганини, унинг давомида кўплаб тест-сўровлар ўтказилиб, кенг афкор омманинг диққати жалб қилинганини мамнуният билан таъкидлади.

“Мусулмон ўлкаларида илм-фанга эътибор юксак бўлган даврда ислом маданияти гуллаб-яшнаган, ислом уммати кучли ва барқарор жамиятлар барпо этган. Кейинчалик эса маълум давр мобайнида Ғарбдан ортда қолиб келди, баъзи ҳолларда унга эргашган даврлар ҳам бўлди”, – деди Мармара университети профессори Юсуф Шавқий Явуз.

Унинг фикрича, ислом таълимотида нақлни инкор этмайдиган ақлий ёндашувга эҳтиёж жуда катта эди ва буни қоплашда айнан Имом Мотуридийнинг мазкур асари жуда муҳим манба, илмий-амалий пойдевор бўлди.

Туркиялик олим “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирга оид асар бўлса-да, ўзида чуқур фалсафий ғоя ва фикрларни ҳам жамлаганини таъкидлади. Унинг фикрича, кимларгадир кўр-кўрона эргашиш, моҳиятини теран англамай туриб қандайдир ғоялар йўлини тутиш орқали ҳақиқатга эргашиш мумкин эмас.

Шу муносабат билан Мармара университети профессори Самарқанд  шаҳрида  “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилгани, Ўзбекистонда Имом Бухорий, Имом Термизий марказларининг ташкил қилингани айни муддао бўлганини алоҳида қайд этди.

Қизиқарли савол-жавоблар тарзида давом этган семинарда Имом Мотуридийнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси, мотуридийлик таълимотини ўрганишнинг аҳамияти, “Таъвилот ал-Қуръон” асарини таржима қилишнинг ўзига хос жиҳатлари атрофлича муҳокама этилди.

Маълумки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида айни кунларда Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Туркиялик олим бу борада Марказ ходимларига муваффақият тилаб, таржима асносида буюк алломанинг ёзув услубиятига, туркий,  арабий ва фиқҳий истилоҳларга ўта диққатли бўлиш, мутаржимлар ишларини бирлаштиришда асарнинг бир инсон томонидан ёзилган эканини кўрсата олиш ғоят муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Мулоқот якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Мармара университети профессор-ўқитувчилари билан илмий ҳамкорликни давом эттириши ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …