Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 796 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 112 беморнинг 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 8 нафарининг аҳволи оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган 104 бемордан 4 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. Дунё ҳамжамиятида, мамлакатимизда ҳам касаллик кўрсаткичи ортиб бораётгани, ҳатто 4 ҳолатда касаллик ўлим билан якун топгани ҳақида хабар топдингиз. Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, карантин тадбирлари бошлангандан шу бугунги кунга қадар 46 мингдан кўпроқ ҳолатда карантин тадбирлари бузилган – фуқароларимиз карантин тадбирларига амал қилмаган ва ўзларини хавф остига қўйган. Бу каби ҳаракатлар замирида қандай мантиқ борлигини тушунолмаяпмиз. Қайта-қайта уйда қолиш, карантин тадбирларига риоя этиш ҳақида айтишимизга қарамасдан ҳар куни 3 мингдан кўпроқ ҳолатда карантин тадбирлари бузилиши қайд этиляпти. Нимага бундай таваккал қиляпмиз, нега ўзимизни хавф остига қўйяпмиз?! Демак, 3 минг маротаба карантин тадбирларини бузиш дегани шунча маротаба касаллик юқтириб олиш эҳтимолини юзага келтирди, дегани. Эҳтиёт бўлишингиз ва вазиятга қараб йўл тутишингиз талаб этилади.
Манба:uza.uz