Home / МАҚОЛАЛАР / Илму фазилатнинг аввали китоб

Илму фазилатнинг аввали китоб

Китоб — барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир. Амир Темур

Табиат инсонга буюк бахт – меҳнат қилишни ва ундан завқ-шавқ олишни инъом этган. Инсон меҳнат билан камолга эришади. Меҳнатсиз комилликка эришиб бўлмаслигини, олтин ва кумуши бўлмаган киши камбағал эмас, балки китобга, касб-ҳунарга, меҳнати бўлмаган кишиларгина ҳақиқий камбағал эканлиги аждодларимиз томонидан кўп бора қайд этилган.

Китоб  олимлар  фикрининг  паноҳгоҳи эканлиги,  доно  кишилар  бўстонининг чамани,  оддий кишиларнинг тамошогоҳи, кимсасиз кишиларга дил очувчи боғ, кўнгли шикасталарга раҳнамо, ҳамма ерда барча билан ошно, дардли кишилар дилига даволиги билан мўътабардир.

Алломалардан бири Саҳл ибн Хорун айтади: – Қалам  кўнгилнинг  бурнидир,  у  қачон  қонаса  сирларни  дафтар  юзига  сочади  ва асарларни юзага келтиради. Қалам қоғоз юзига гавҳар тизувчи асбобдир. Китоб бир боғки, ёзувлари унинг гулларидир.

Аждодларимиз томонидан таълиф этилган асарларнинг деярли барчасида шундай сатрлар бор:

Қалам айтади ман оламнинг шоҳидурман,

Қаламкашни мақсадига етказурман.

Ҳақиқатан қалам ва унинг воситасида бизга илм эшикларини очиб берувчи калит, бу – сўзсиз китобдир.

Китоб – ақлга зебони, кўзларимизга ҳаёни ва ибратни, тилимизга содиқлик ва ростликни, кўнгилларга ниятда вафолик ва нури ифорни, қўлимизда раҳмат ва саҳоватни, юриш-туршимизда, қадамларимизда одоб-ахлоқни зийнат берувчи маънавий булоқдир.

Кимки  китобга  кўп  боқса,  китоб  унинг  зеҳнини  очади,  завқини оширади,  сўзга  чечан қилади, ёлғизликдаги энг мунис ҳамдам, ўтмишдан ҳам, келажакдан ҳам хабар берувчи, энг муҳими инсондан ҳеч нарса тиламайди, аммо уни камолга еткизади, одоб-ахлоқ ва билимнинг конидир.

Маснавий:

Тил – зиёда китоб ўқишликка машғул бўлди,

Дил – шу сабаб ғофилликдан халос бўлди. Мирзо Фирорий   

Китоб дарахт, илму одоб унинг меваси, китоблар кўп, аммо инсонда тафаккур неъмати бор, уни ўқиш керак, сўнг тафаккур қилиш лозим.

Тафаккур – инсонни турли яхшиликларга етокловчи воситадир. Амалларнинг афзали тафаккурдир, хақиқатан тафаккур қайнаб турган қалбимизнинг чироғи, нури ва халоскоридур. Бу чироқ, нур орқали яхши-ёмон, фойда-зарарни кўрамиз. Агар ҳар қандай қалб бу чирок, нурдан махрум бўлса паришонлик ва қоронғулик, разолат, қабиҳликларга мубтало бўлади.

Аҳли маърифатнинг йўлларин кезгин,

Солиҳ кишиларни этагин тутгин.

Бу олис манзиллар сахрога ўхшар,

Умр, шабнам каби томгунча ўтар.  Мирзо Фирорий

Сахл ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар, саодатнинг тупроғи-маърифат, тухуми-иймон, суви-илм, экини-таваккулдур ва ҳосили эса – жаннатдур.

Хўб эл била суҳбат тутубон хўб ўлғил,

Яхшини талаб қилғилу матлуб ўлғил.

Ширин сўз ила халққа марғуб ўлғил,

Юмшоқ де ҳадисингнию маҳбуб ўлғил. А.Навоий. Насойим ул-муҳаббат

Ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, маънавий баркамоллик сари ҳаракатнинг аввалидир. Аммо уларга китобхонликни ўргатувчи биз катталар ҳам китобсевер бўлсак, гапнинг индаллоси, китоб ўқиб ўрнак бўлсакгина, “от ўрнини той босар”, деганларидек, биз аждодлар изидан, авлодларимиз эса бизларнинг изимиздан оламларни мунаввар этган, зулматларни ёритган, қалбларга меҳру муҳаббаттни жобажо этган Китоб ҳамроҳлари бўлади.

Зеро, шоирларнинг султони Мир Алишер Навоий ёзганидек:

Ким ўқуса ё қилур эрса савод,

Руҳим агар қилса дуо бирла шод.

Тангри ишин кому мурод айласин,

Руҳини жаннат аро шод айласин. Хайрат ул-аброр.

М. Амонов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …