Бизнинг диёримиздан Ибн Сино, Фаробий, Хоразмий каби дунёвий илм соҳиблари қаторида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ҳазрат Нақшбандий каби диний илмларнинг кўпгина етук дарғалари ҳам етишиб чиққан. Улар орасида гарчи соҳада Имом даражасига кўтарилган бўлишмаса-да, қироат илмининг олимлари ҳам кўп бўлган. Зеро, улуғ муҳаддисларимиз фақат ҳадис илми эмас, балки ақоид, фиқҳ, қироат ва ислом тарихи каби илмлар билан ҳам шуғулланишган. Чунки ҳар бир исломий илмнинг манбаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларидадир. Бундан ташқари, юртимизда қўлёзма тарзда сақланиб қолган ва бундан бир ва икки асрлар олдин ҳам тошбосма нашрлари халқимиз орасида қўлма-қўл бўлган Абдурраҳмоний ва Абдулвоҳидий Қуръони карим нусхалари ва уламоларимиз таълиф қилишган тажвид китобларининг борлиги, мазкур соҳанинг қанчалик равнақ топганига далолат қилади.
Қуръони каримнинг Абдураҳмоний ва Абдулвоҳидий нусхаларнинг ўзига хослик жиҳатлар шуки, бу ерда келтирилган аломатлар араб тили ва араб тили грамматикасини билмаганлар учун ҳам Қуръони каримни қироат қилишда суннати шарифга мос тиловат қилиши учун қулайлик туғдирган. Шунингдек, ҳозирги пайтда Туркия, Қозон, Покистон, Ҳиндистонда нашр қилинаётган ва барча ислом ўлкаларида сақланиб қолган қадимий Қуръони карим нусхаларида ҳар бир ояти карима охирида вақф (тўхташ) белгилари қўйилиб, худди Абдураҳмоний ва Абдулвоҳидий нусхалардаги каби нашр этилиб келинмоқда.
Қадимий тажвид китобларида ҳам ҳар бир ояти карима тугаганида, агар тўхташ шарт бўлса «ط« ёки тўхташ мумкин бўлмаган ўринларда «لا« ҳарфи каби аломат-белгилар қўйилиши зикр этилган. Мазкур белгилар қўйилишининг асосий сабаби, қориларнинг Қуръони каримни тиловат қилишда хатога йўл қўймаслигини назарда тутган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Албатта, Қуръони карим етти ҳарфда (яъни араб қабилаларининг етти шевасида) нозил қилинди, (қайси бирида қироат қилсаларингиз ҳам сизларга) ҳараж (зиёни) йўқдир. Лекин раҳмат оятини азоб ояти билан (аралаштириб), азоб оятини раҳмат ояти билан (аралаштириб) тугатманглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Наҳҳос раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мана шу ҳадиси шариф вақфга доир Расулуллоҳ алайҳи васалламнинг таълимларидир. Чунки жаннат ва савоб оятларидан кейин дўзах ёки азоб оятлари келса, иккаласининг орасини ажратиш лозим бўлади. Мисол учун, Инсон сурасининг 31-оятида يَدْخُلُ مَنْ يَشَاءُ فِيْ رَحْمَتِه дан кейин вақф қилмасдан وَ الظَّالِمِيْنَ калимасини қироат қилиш жоиз эмас. Чунки, кейинги калималар золимларнинг азобланиши ёки итоб қилиниши билан олдинги калималардан ажратилган”, – дейди.
Имом Наҳҳос Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, саҳобаларнинг ҳалол ва ҳаром ҳақидаги илмни қандай ўрганишган бўлишса, вақф илмини ҳам худди шундай таълим олишгани айтилади.
Айримлар эса, ушбу нусхалардаги каби ёзилиши, яъни ҳар оятда тўхтаб қироат қилиш суннатга мос эканини айтишади ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлиб-бўлиб қироат қилардилар. Яъни, اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِيْن дердилар, кейин тўхтардилар. اَلرَّحْمَنِ الرَّحِيْم деб тўхтардилар. Кейин مَلِكِ يَوْمِ الدِّيْن ни ўқирдилар”, деган ҳадиси шарифни далил қилишади.
Ояти карима ва ҳадиси шарфлардан ҳукм олиш ҳар бир мусулмон учун жоиз эмас. Ояти карима ва ҳадиси шарифлардан тўғридан-тўғри ҳукм олиш учун усулул-фиқҳ илмини мукаммал билиш шарт қилинган. Чунки ояти карима ва ҳадиси шарифларнинг ичида носих ва мансух, ҳақиқат ва мажоз, сариҳ ва киноя, мутлақ ва муқайяд, матннинг иборавий ва ишоравий маънолари, матнга тааллуқли масалалар каби бир қанча услубий қоидалар мавжуд. Усул китобларида келтирилган махсус услубий қоидаларни яхши билмасдан туриб фалон оятда бундай дейилган, фалон ҳадисда ундай дейилган, дейиш ҳам мумкин эмас. Юқорида келтирилган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари ҳақидаги ҳадиси шарифни яхшилаб ўргансак, у ҳадиси шарифнинг матнидан кўзланган мақсад ҳар бир оятда тўхтаб нафас олишни уқтириш эмаслиги равшан бўлади. Ушбу ҳадис Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Сунани Термизий» асарини иккита бобида келтирилган. Аввалгиси, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай қироат қилишлари ҳақидаги бобда: “Ибн Абу Мулайка Яъло ибн Мамлакдан, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиздан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари ва намозлари ҳақида сўраганлиги келтирилади. Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо: “(Намозларни У зотдек мукаммал ўқиёлмайсизлар деган маънода) у зотнинг намозини нима қиласизлар? – дедилар-да, – намоз ўқирдилар, кейин ўқиган намози миқдорича ухлардилар. Кейин ухлаганлари миқдорича намоз ўқирдилар. Кейин то субҳгача ўқиган намозлари миқдорича ухлардилар”, – дедилар. Кейин қироатларини таърифлаб: “У зотнинг қироатлари ҳарфма-ҳарф, равшан эди”, дедилар. Абу Ийсо айтади: “(Бу ерда Имом Термизий камтарлик юзасидан «мен» сўзини ишлатмасдан “Абу Ийсо айтади”, демоқда) “Бу ҳадис ҳасан, саҳиҳ, ғариб ҳадисдир. Буни Лайс ибн Саъддан, у Ибн Абу Мулайкадан, у Яъло ибн Мамлакдан, у Умму Салама р.з. дан ривоят қилганини биламиз, ундан бошқа йўл билан билмаймиз. Яна бу ҳадисни Ибн Журайж ҳам Ибн Абу Мулайкадан, у Умму Салама розияллоҳу анҳодан бундай ривоят қилган: “Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлиб-бўлиб қироат қиларди”. Лайснинг ҳадиси (Ибн Журайжникидан) саҳиҳдир.
Кейингиси эса, қироатлар китобининг 1-бобида ушбу тариқа ривоят қилинган: “Ибн Абу Мулайкадан, у Умму Салама р.з.дан хабар берди. Умму Салама р.з. деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлиб-бўлиб: “ اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِيْن” , деб қироат қилардилар, кейин тўхтардилар. “ اَلرَّحْمَنِ الرَّحِيْم “ деб тўхтардилар. Кейин “مَلِكِ يَوْمِ الدِّيْن “ ни ўқирдилар».
Имом Термизий р.ҳ. ушбу ҳадис ҳақида бундай дейди: “Абу Ийсо айтадики, бу ҳадис ғариб ҳадисдир. Абу Убайд ана шуни (ушбу ҳадисни) ихтиёр қилиб шундай (яъни مَلِكِ деб “мим” ҳарфидан кейин ҳарфи мад бўлган “алиф” ҳарфини қўймасдан) қироат қиларди. (Худди ана шу ҳадисни) Яҳё ибн Саъийд Умавийга ўхшаш ундан (яъни, Яҳёдан) бошқалар ҳам Ибн Журайждан, у Ибн Абу Мулайкадан, у Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган. Лекин бунинг исноди муттасил эмас (сабаби Ибн Абу Мулайка Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизни кўрмаган). Чунки бу ҳадисни Лайс ҳам ривоят қилган. Лайс ибн Саъд Ибн Абу Мулайкадан, у Яъло ибн Мамлакдан, у Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган, Умму Салама розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини ҳарфма-ҳарф сифатлаб берди. (Яҳё ривоят қилган ҳадисдан) Лайснинг ҳадиси саҳиҳроқдир. Лайснинг ҳадисида مَلِكِ يَوْمِ الدِّيْن деб (яъни, “мим” ҳарфидан кейин ҳарфи мад бўлган “алиф” ҳарфини қўймасдан) қироат қиларди, жумласи йўқдир”.
Диққат билан эътибор қилинса, ушбу ерда келтирилган ҳадиси шарифларнинг барчасида Фотиҳа сурасининг 3-оятидаги калима مَالِكِ деб ўқилганми ёки مَلِكِ деб ўқилганми, шу ҳақда кетган. Фақат биргина Яҳё ибн Саъид Умавий Ибн Журайждан, у Ибн Абу Мулайкадан, у Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда: “Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлиб-бўлиб қироат қиларди” жумласи келтириб ўтилган. Имом Термизий р.ҳ. эса, айнан шу ривоятни ғариб ҳадис, санади ҳам муттасил эмас, деб зикр қилган. Яна Фотиҳа сурасининг ўқилиши ҳақидаги ҳадиси шариф кутуби ситтадан “Сунани Аби Довуд”да ҳам икки ўринда келтирилган.
Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотиҳа сурасини қандай ўқиганлари тўғрисидаги барча ҳадисларни ҳазрат Абу Жаъфар Таҳовий “Шарҳу мушкилил-осор” китобида тўплаб, барча ҳадисларнинг санадларини ҳам зикр қилган. Мазкур китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотиҳа сурасини қандай ўқиганлари тўғрисидаги ўн олтита ҳадиснинг барчани ровийлари билан зикр этган. Шу билан бирга истисқо учун чиқиб дуо қилганларида مَالِكِ يَوْمِ الدَّيْن деб эмас, балки مَلِكِ يَوْمِ الدَّيْن деб дуо қилганлари ҳақида ҳам битта ҳадис келган. Демак, ҳаммаси бўлиб, ўн еттита ҳадис келтирилган. Ушбу келтирган ҳадисларнинг саккизтасида مَلِكِ يَوْمِ الدِّيْنِ деб ўқиганлари зикр этилган. Яна саккизтасида эса مَالِكِ يَوْمِ الدِّيْنِ деб “алиф” билан ўқиганликлари келтирилган. Қолган биттасида эса “Ибн Абу Мулайка Яъло ибн Мамлакдан, албатта у Умму Салама розияллоҳу анҳодан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари ҳақида сўрадилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо у зотнинг қироатларини ҳарфма-ҳарф, равшан қилиб таърифладилар”, – дейилган. Бу ерда ҳам ўн еттита ҳадиснинг ичида фақатгина бир жойда “Ибн Абу Мулайкадан, у Умму Салама розияллоҳу анҳодан сўзлаб берди. Умму Салама розияллоҳу анҳо айтди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِيْن. اَلرَّحْمَنِ الرَّحِيْمِ. مَلِكِ يَوْمِ الدِّيْن.بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيْمِ. деб бўлиб-бўлиб қироат қиларди», тарзида Имом Термизий ғариб, санади ҳам муттасил эмас, деган ҳадис келтирилган.
Келтирилган ўн еттита ҳадиснинг умумий мажмуасини ўрганиб чиқилганда ҳам шу нарса билиндики, ҳадисларнинг матнидан кўзланган мақсад ҳар бир оятда тўхтаб нафас олиш эмас, балки Фотиҳа сурасининг 3-оятини қай тарзда ўқиш кераклигини аниқлаш бўлган. “Ҳар оятни бўлиб-бўлиб ўқирди”, жумласи эса ўн еттита ривоятнинг фақатгина биттасида келтирилган. У ҳам муттасил бўлмаган, орада узилиши бор фақат биргина йўналиш орқали, ғариб ҳолда ривоят қилинган.
Вақф қоидалари ҳақида қироат олимларининг қарашлари
Буюк муҳаддисларимиздан бири, сиҳоҳи ситта соҳибларидан бўлган Имом Насоий р.ҳ дан ҳадис тинглаган, луғат илмининг пешволаридан саналган Мубарраддан луғат илмини ўрганган ва ўзи ҳам луғат илмининг машҳур имомларидан бири даражасига етган Қуръон ва тафсир илмларида ҳам таснифлар қилган, Наҳҳос унвони билан машҳур бўлган аллома Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юнус (вафоти 338 ҳ.) р.ҳ қироат илмида «Алқатъ вал-этиноф – узиш ва қўшиш», деган асарини ёзган. Бу асарнинг аввалида тартил билан ўқиш ҳақида алоҳида мавзу ажратилган. Ундан кейин Қуръони карим фазилати ва Қуръон аҳлининг фазилати, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатлари, вақф ҳақидаги инкорлари, саҳобаи киромларга таълим беришлари ва саҳобаи киромларнинг тўхташ ва бошлаб кетиш ҳақидаги гаплари алоҳида мавзулар билан келтирилади. Ундан кейин Қуръони каримдаги 114 та суранинг ҳар биридаги тўхташ ҳақидаги қарашлар зикр қилинган. (давоми бор)