Мўмин киши Аллоҳ таолога имон келтирган, Унга бандалик вазифасини мукаммал бир шаклда кўрсатган, Унинг буюрган ҳар қандай ҳукм ва амалларини сўзсиз бажарган кишидир. Мўмин-мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини хоҳласа, бошқаларни ҳам жаннатга киришини хоҳлайди. У ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши деб билса, бошқаларни дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон ўзи учун яхшиликларни, муваффақиятларни, фаровонликни, бахт-саодатни, соғлик-саломатликни ва шунга ўхшаш барча яхши хислатларни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шу нарсаларни раво кўради. Мўмин-мусулмон киши, ғийбат, тухмат, жанжал ва шунга ўхшаш ёмонликларни ўзига раво кўрмаганидек, ўзгаларга ҳам буларни раво кўрмайди.
Алишер Навоий ўзининг “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) асаридаги бу ҳадисни қуйидагича шеърий таржима қилади:
Мўъмин эрмастур, улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай.
Токки қардошига раво кўрмас –
Ҳар неким ўзига раво кўргай.
Ҳар бир инсон ўзини яхши кўради. Ўзини яхши кўрган инсон хеч қачон ўзига бирор бир ёмон нарсани раво кўрмайди. Мўмин мўминга биродардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Биродарига зулм қилмайди, хиёнат қилмайди. Биродарининг ҳожатини чиқарганнинг ҳожатини Аллоҳ чиқаради. Мусулмоннинг оғирини енгил қилган кишининг Қиёмат кунидаги оғирини Аллоҳ енгил қилади. Мусулмонни паноҳига олганни Қиёмат кунида Аллоҳ паноҳига олади”, дедилар.
Шундай экан мўмин-мусулмон киши ўзига раво кўрмаган нарсасини бошқа бир мўъминга ҳам раво кўрмайди. Бир мусулмоннинг қони ва моли бошқа бир мусулмонга ҳаром бўлади. Иймон инсоннинг қалбда бўлади. Қалби иймон билан тўлган инсон хеч қачон Аллоҳ таолонинг бандасига ёмонликни раво кўрмайди, Аллоҳнинг омонатига хиёнат қилмайди ва бошқа бир кишига зарар бермайди.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга хиёнат қилмайди, ёлғон сўзламайди ва ёрдамсиз қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон обрўсига, молига, қонига тажовуз қилиши ҳаромдир…”, дедилар”.
Мўмин-мусулмон киши ўзига раво кўрмаган нарсани, бошқа кишиларга ҳам раво кўрмагунича комил мусулмон бўлмайди. Ҳақиқий мусулмон киши бошқаларга тили ва қўли билан зарар бермайди, яъни феълий ва амалий ёмонликлардан узоқда бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон – қўли ва тили билан бошқа мусулмонларга озор бермаган одамдир, муҳожир – Аллоҳ таоло таъқиқлаган нарсалардан ўзини тия билган одамдир!” – деганлар”.
Тилни хар хил беҳуда сўзлардан, қўлни эса бировга зулм қилишдан тийишлик ҳақиқий мўмин-мусулмонликнинг белгисидир.
Биродарига яхшилик қилган киши, ўзига ҳам яхшилик қилган бўлади. Одоб-ахлоқли бўлган мўмин киши ўзининг яхшилигини биродарига ҳам баҳам кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофати фақат эҳсон (эзгулик)дир.
Яна бир оятда шундай дейилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда)бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин)дўстдек бўлиб қолур”.
Мўмин мўминга доим яхшиликни раво кўради. Дўстининг бошига бирор кулфат тушса, унга ёрдам беради. Мўмин мўминни доимо яхши ишларида уни қўллаб-қувватлаб туради. Бу худди бинодаги ғиштлар бир-бирини мустахкамлаб турганга ўхшайди. Агар бинодаги ғиштлар бир-бирига мустахкам бўлмаса, бино қанчалик катта бўлмасин, у охир-оқибатда қулайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминга худди бинога ўхшаб бир-бирини мустаҳкамлайди”, дедилар ва панжаларини бир-бирига киритдилар”.
Мўмин-мусулмон ҳасадчи бўлмайди. Ҳасадчи ўзига яхшиликни раво кўрса-да, бошқаларга яхшиликларни раво кўрмайди. Ҳасадчи ўзида кўрмаган муваффақиятни, бошқа бировда кўришни хоҳламайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки, ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади”, – деганлар.
Мўмин киши ҳасад эмас, ҳавас қилиши лозим. Ҳавас қилган киши Аллоҳ томонидан берилган яхши неъматларни ва ўзидаги кўрган яхшиликларни бошқаларда ҳам кўришни хоҳлайди, ҳалолдан мол-дунё топиб, уни ҳалол йўлга сарфлайди.
Мўмин киши яхши хулқли ва сахий бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар.
Мўмин киши мана шундай сахий бойларга ўхшашга ҳаракат қилади. Ҳавас қилувчи эса кимдадир муваффақиятни кўрса, хурсанд бўлади, ўзида ҳам шундай муваффақият ва ютуқни кўришни хоҳлайди ва буни Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрайди.