Home / МАҚОЛАЛАР / Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий қарашлари

Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий қарашлари

Ислом динининг аҳли сунна вал жамоа йўналишида тўртта машҳур мазҳаб бўлиб, улар ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий мазҳабларидир. Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилганлар. Бизнинг диёримиздаги мусулмонлар ҳанафий мазҳабига амал қиладилар.

Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий қарашлари бу қадар ривож топиб, кенг ҳудудга ёйилишида юртимиздан чиққан алломалардан Абу Ҳафс Кабир, Бурҳониддин Марғиноний, Садруш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий каби алломаларнинг ўрни беқиёсдир.

Ҳанафий мазҳабимизнинг асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий Куфа шаҳрида ҳижрий 80-санада таваллуд топдилар. Бу зотнинг илмлари, тақволари, ибодатлари, саховатлари ва ҳоказо сифатлари барчага маълум ва машҳур бўлиб, бу ҳақда кўплаб мақола ва китоблар ёзилгандир. Қуйидаги ҳадисдаги башорат Имоми Аъзам (р.ҳ.)га тегишли эканлиги ҳақида уламолар иттифоқдирлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَوْ كَانَ الدِّينُ عِنْدَ الثُّرَيَّا لَذَهَبَ بِهِ رَجُلٌ مِنْ فَارِسَ )    متفق عليه(

яъни: Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар: “Агар дин Сурайёда бўлганида уни форс ўғлони олиб тушар эди”. Шундай экан, биз у зотнинг шахсиятларига тўхталмасдан асосан, у зотнинг мазҳаблари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Мазҳаб” сўзи “юрадиган йўл” деган маънони билдиради. Истилоҳда эса, бир олим ёки илмий мактабнинг тартибга солинган услуб ва фикрларининг мажмуасига мазҳаб дейилади. Дунё мусулмонларининг ярмидан кўпроғи айнан ҳанафий мазҳабига амал қилишларининг сабаби ундаги мўътадиллик ва енгилликдир. Имоми Аъзам (р.ҳ.) шаръий далиллардан масалалар чиқаришда фақат ўзлари ёлғиз бўлмаганлар, балки маълум бир мартабаларга етган бир нечта шогирдларининг маслаҳат ва машваратлари билан чиқарилган. Абу Ҳанифа (р.ҳ.) маълум бир мақомга чиққан шогирдлари ҳақида шундай деганлар: “Улар ўттиз олти киши бўлиб, йигирма саккизтаси қозиликка ярайди, олтитаси фатво беришга салоҳияти етарли ва иккитаси яъни, Абу Юсуф ва Зуфар эса қози ва муфтийларни тарбиялай оладиган даражада эди”.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ибодатга доир кўплаб масалаларда динимизнинг руҳига монанд енгиллик йўлини тутганлар. Қуйида шуларга айрим мисоллар келтириб ўтамиз:

  • Мазҳабимизда таҳорат қилишда ният фарз қилинмади. Агар ният фарз дейилганда, ният қилиш эсидан чиқиб қолган кишининг таҳорати дуруст бўлмас эди;
  • Мазҳабимизда имомга иқтидо қилган кишининг қироат қилиши фарз эмас, балки имом қироат қилса иқтидо қилувчилар ҳам қироат қилган ҳисобланади. Агар иқтидо қилгувчиларга ҳам қироат қилиш фарз дейилганида, одамлар бир-бирларига, жумладан, имомга халақит бериб, намозида чалғиб кетган бўлар эди;
  • Мазҳабимизда руку, рукудан қайтганда ва сажда ҳолатларида бир нафас тин олиб туриш фарз эмас, балки вожибдир. Агар фарз дейилганида, намозда шошилиб, тин олмаган кишининг ўқиган намози дуруст бўлмас эди;
  • Мазҳабимизда закотни Қуръонда баён қилинган саккизта ўринларнинг ҳаммасига бўлиб бериш фарз эмас. Агар саккизтасининг ҳаммасига закотни бўлиб бериш фарз бўлганда, закот берувчиларга машаққат бўлар эди;
  • Мазҳабимизда Рамазон рўзасининг ниятини қуёш заволга келгунига қадар қилиб олса дуруст. Агар тонггача ният қилиш фарз бўлганида эди, саҳарликка ухлаб қолган кишининг рўзаси дуруст бўлмас эди;
  • Мазҳабимизда кўзи ожиз кишига жумъа намози ва ҳаж ибодати фарз эмас. Агар фарз дейилганида, уларга машаққат туғдирилган бўларди;
  • Мазҳабимизда бир кеча-кундуздан кўп вақт беҳуш ётган одамнинг қолдирган намозлари соқит бўлади. Агар соқит бўлмасдан қазо қилиши фарз дейилганда, бир неча кун беҳуш ётган беморларга машаққат бўлар эди;
  • Мазҳабимизда аёлларнинг гувоҳлиги ҳам инобатга олинади. Масалан, бир эркак ва икки аёлнинг гувоҳлигида никоҳ ақди тузилса бўлади;
  • Мазҳабимизда (اِسْتِصْنَاعٌ), яъни бирор жиҳозни ясашга буюртма бериш учун аввалдан ҳақ тўлаш жоиз бўлади. Агар жоиз бўлмаганда кўплаб ҳунарманд ва буюртмачиларга машаққат бўлар эди.

Мазҳабимиз ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, баъзида юзага келадиган ҳар хил зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда.

Маъруфхон Алоходжаев
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори жоме масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …