Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатнома йўлламоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзининг аввалида яқинда бўлиб ўтган сайлов натижалари, аҳолининг фаоллиги ва жипслиги ҳақида гапирди:
“Жонажон Ўзбекистонимиз янги ўн йилликка қадам қўймоқда. Эришган натижаларимиз тарихга айланиб, олдимизда янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда.
Шу боис, бугун Сизлар билан биргаликда, мамлакатимизни 2020 йил ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича, устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб олишимиз зарур.
Яқинда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун, зарур бўлган янги сиёсий муҳит вужудга келди.
Сайловлар очиқ-ойдин, халқаро стандартлар асосида ўтказилишини назорат қилиш учун 50 га яқин давлатдан ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчилар иштирок этди.
Биринчи марта Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 316 кишилик тўлақонли миссияси билан яқин ҳамкорлик қилдик.
Халқаро кузатувчилар, сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида ўтганини, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этдилар.
Барча халқаро кузатувчиларга, сайлов жараёнлари ҳақидаги холис фикрлари ва тавсиялари учун, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдираман.
Биз албатта, ушбу тавсияларнинг ҳар бирини чуқур ўрганиб, тегишли дастур қабул қилиб, амалиётга кенг жорий этамиз.
Бу борада, сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, олдимизда турган муҳим масалалардан биридир.
Шу билан бир қаторда, маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, бунда туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Парламент ва Марказий сайлов комиссияси, сайлов якунлари бўйича режалаштирилган вазифаларни амалга оширишда, яқин ҳамкорликда иш олиб бориши зарур бўлади.
Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб, айтмоқчиман: демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир.
Бу борада биз, ҳар куни изланишдамиз, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз.
Биз янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйганмиз.
Бу борада “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда.
Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим.
Энг асосийси, бу ислоҳотлар натижасида халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз керак.
Одамларимиз етарли даромад топиши учун энг қулай бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантириб, янги-янги корхоналар ва иш жойларини кўпайтиришимиз зарур.
Бу ғоят долзарб ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди.
Халқимиз, шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради.
Мен бунга қатъий ишонаман ва бу фикрни сизлар ҳам қўллаб-қувватлайсизлар, деб ўйлайман.»
Мурожаатнома давом этмоқда.
Манба: ЎзА